Биз ватанпарварлик, фидойилик ҳақида кўп гапирганимизданми, бу тушунчалар баъзида шунчаки баландпарвоз гаплардек туюлади. Ўзини ватанпарвар кўрсатиб, гапни кўпиртиришдан нарига ўтмаган айрим шоввозлардан «Барака топкур, ватанпарварлик, фидойилик ҳақида гапиришдан олдин ўйлаб кўр, ўз конституциявий бурчингни, мажбуриятингни бажараяпсанми, мамлакатда бўлаётган ўзгаришларга ўзингни дахлдор деб ҳис қилаяпсанми? Ҳеч бўлмаса, газ ва электр энергияси учун тўловларни вақтида тўлаяпсанми?» деб сўрагинг келади...
Касбимиз бўйича ишлаётган ёки бирор вазифани бажараётган бўлсак, бунинг учун давлат иш ҳақи тўлаяпти, касбга доир айрим турдаги солиқлардан озод қилаяпти, имтиёзлар бераяпти.
Хўш, бу жараёнларда ким қандай қатнашяпти? Тўғри, ўз вазифасини ва бурчини садоқат билан бажараётганлар оз эмас. Аммо тани-жони соғ, каттагина томорқа ерига эга бўлган баъзи кишилар моддий ёрдам сўраб турли идораларга мурожаат қилиши кишини ўйга толдиради. Рўзғор муаммолари билан Халқ қабулхонасига боришни биламизу, лекин уй-жойларимиз, томорқаларимиз имкониятларидан фойдаланган ҳолда шароитимизни яхшилашимиз мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Кам таъминланган оила сифатида нафақа олиш учун мурожаат қиламизу, бироқ оила бюджетини яхшилашга қаратилган имтиёзлар ёки кўрсатилаётган хизматлардан фойдаланмаймиз. Нега?
Жорий йилнинг бошидан аҳолини имтиёзли шартларда кредитлашдек ноёб тизим амалиётга киритилди. Банклар ходимлари уйма-уй юриб, аҳолига томорқаларида деҳқончилик юритиш, чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланиш, оилавий тадбиркорликни ташкил этиш ва бошқа бир қатор лойиҳалар бўйича имтиёзли кредитлар олиш мумкинлиги ҳақида тушунтириш олиб борди.
Хўш, нега ушбу тадбирлар учун банклар, маҳалла фаоллари ва корхона-ташкилотлар раҳбарлари жавобгару, аслида бундан манфаатдор бўлган ўзимиз «Олма пиш, оғзимга туш» қабилида кун кечираяпмиз?
Статистик маълумотларга кўра, бизнинг Юқоричирчиқ тумани бўйича жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 176 та ёрдамга муҳтож оила томорқаларига экишлари учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 9 миллион сўмлик сабзавот, 12 миллион сўмлик мева кўчатлар тарқатилди ҳамда 45 оилага 101 миллион 900 минг сўм моддий ёрдам берилди. Бу ёрдамдан қандай фойдаланилди? Ҳар жойда ҳар хил. Кам таъминланганларга нафақалар берилишига қарши эмасман, лекин бу мақомдан чиқиш имкониятларидан фойдаланиш мумкинми-йўқми? Нега турмушимизни яхшилашга ўзимиз ҳаракат қилмаймиз? Давлат бюджети ҳам чексиз ва тубсиз хазина эмаску.
Ҳар бир йиғилишда туман раҳбарлари фермерларга ўз бурчидан келиб чиқувчи вазифалар ҳақида такрор ва такрор уқтирмагунгача ер эгасининг ўзи бирор ташаббус билан чиқмайди. Фермер шартномавий мажбуриятларини бажариши кераклигини ўйлаб кўрмаса, изланмаса, таклифлар билан чиқмаса, унинг учун бошқалар ўйлаши керакми?
Яна бир гап. Айрим фуқаролар томонидан кундалик ҳаётимиздаги муносабатларда қонунларни бузиш, тартиб-интизомга риоя қилмаслик ёки уларни менсимаслик одатий ҳолга айланиб бормоқда. Яқинда хизмат тақозоси билан фуқаролик ишлари бўйича Юқоричирчиқ тумани судида ноқонуний қурилган уй-жойларни бузиш билан боғлиқ низо муҳокамасида иштирок этишимга тўғри келди. Бир қатор фуқаролар туман ҳокимининг қарорисиз фермер хўжалиги балансидаги ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб, уй-жой қуриб олишган экан.
Ҳайратга солгани шуки, бу фуқаролар қонунни бузганликларидан ҳатто уялмасдан, «Нега шу пайтгача ноқонуний уй-жой қурганлигимизни бизга ҳеч ким айтмаган», деб судга эътироз билдиришди. Ўзбошимчалик билан қилинган ҳаракат оқибатида нафақат қонун бузилди, балки мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солинди. Чунки, статистик маълумотларга кўра, республикамиз бўйича бугунги кунда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сувли ер майдонлари миқдори ҳар бир фуқарога ўртача 0,12 гектардан тўғри келган, бу эса аҳоли сони ортиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган ерлар камайиб бормоқда дегани, ахир. Хўш, ҳар ким ўзи хоҳлаганича ерларни талон-тарож қилса, эртанги авлод учун нима қолиши, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш аҳволи қай даражага тушиши мумкинлигини ўйлаб кўрганмизми?
Дорихоналар тизимини олайлик. Давлатимиз аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб, дори воситалари билан савдо қилишни тартибга солишга киришган эди, бир зумда пештахталардан айрим турдаги дорилар йўқ бўлиб қолди. Кўчаларда очиқчасига валюта айирбошлашимиз, пластик карталардан пул ечишни «бизнес»га айлантириб олганимиз ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Йўлларда ҳаракатланиш масаласи эса борган сари ўта муаммоли бўлиб қолмоқда.
Бундан анча йиллар аввал хизмат бўйича тажриба алмашиш учун Япония давлатида бўлган эдим. Мени қойил қолдирган жиҳатлардан бири шу бўлдики, япон ҳайдовчилари йўлларда ҳаракатланувчи бошқа иштирокчиларга халал бериши мумкин бўлган бирорта ҳаракатни қилишмайди. Буни уларда «ҳайдовчилик маданияти», дейишади. Бизда-чи, ҳайдовчиларнинг бир-бирига ва пиёдаларга нисбатан ҳурматсизлиги, қоида бузиш ҳолатлари ҳақида исталганча мисол келтириш мумкин.
Албатта, буларни назорат қиладиган, тегишли чора кўрадиган идораларимиз бор. Лекин бизчи? Жабрдийда бўлганимизда "Прокурор, ички ишлар ёки солиқ қаёққа қараяпти?" деб дод солишни биламиз, лекин жамоат назорати ҳисобланган фуқаролик бурчимизни адо этишдан кўра, «Менга нима?» дея, кўриб кўрмасликка, эшитиб-эшитмасликка олишни афзал биламиз.
Бир қарашда бу гаплар кундалик майда муаммолар бўлиб кўриниши мумкин, бироқ Навоий бобомиз "Қатра-қатра йиғилиб, дарё бўлур", деганларидек, йирик оқибатлар айнан майда муаммолардан келиб чиқиши кўпчиликка яхши маълум. Шу боис ўз ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилиш баробарида фуқаролик бурчимизни қандай бажараётганимиз тўғрисида ҳам ўйлаб кўрсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Муҳиддин ҚИЁМОВ,
Юқоричирчиқ тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси.