КОМПЕНСАЦИЯ ТЎЛАМАСДАН

уй ва иморатларни бузишга чек қўйилиши, бу масалада депутатлик назорати кучайиши керак

Бугун кичик бизнесни ривожлантириш ва бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш энг долзарб масалалардан бирига айлангани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур масала шахсан давлатимиз раҳбарининг диққат марказида экани эса унинг аҳамияти нечоғли муҳимлигини англатади. Шундан келиб чиқиб, тадбиркорлик фаолиятига қаратилган ҳар қандай тўсиқларга муросасиз бўлиш, инвестициявий жозибадорликни оширишга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришга бўлган эътиборни янада кучайтириш талаб этилмоқда.

Тўғри, ҳуқуқий жиҳатдан олиб қаралганда, бугун ўз ишини юритмоқчи бўлган ташаббускорларга тўсиқ йўқ, аксинча, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш белгиланган. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, турли рухсатномалар олиш ва бошқа кўплаб хизматлар тартиб-қоидалари соддалаштирилди. Бу борада қулайлик яратиш учун Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги марказлари ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) лавозими жорий қилинди.

Хўш, бу қулайликлар ва шарт-шароит амалда қай даражада ишлаяпти? Муаммолар ечим топиб, камчиликлар бартараф этилдими? Президентимиз раислигида 2 август куни ўтказилган йиғилишда айнан ушбу масалаларга эътибор қаратилди. Тадбиркорлик соҳасидаги тизимли муаммолар муҳокама қилиниб, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгилаб олинди.

 

Хайрулло РЎЗМЕТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Жорий йил 23 июль куни ўтказилган селектор йиғилишининг мантиқий давоми бўлган мазкур йиғилишда ҳудудларда соҳани ривожлантириш борасида ишлар қандай ташкил қилингани, муаммоларни ҳал этишда қандай тўсиқлар борлиги ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар айтилди. Муаммоларни марказий идоралар аралашувисиз, жойида ҳал қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Кўпроқ мурожаатлар ер билан, коммуникация ва инфратузилмалар билан боғлиқ бўлмоқда. Тегишли давлат органларининг розилигини олиш керак бўлган ҳолатлар ҳам мавжуд экан. Ана шундай 8 та асосий ташкилотнинг тадбиркорларнинг ҳужжатларини имзолашда бюрократияга йўл қўяётгани маълум бўлди. Битта ҳужжат ойлаб ушлаб турилиши натижасида тадбиркорнинг иши тўхтаб қолади. Ишдан кўнгли совийди. Йиғилишда русхат бериш жараёнларини оптималлаштириш масаласи кўтарилди. Шу билан бирга, кичик саноат зоналарини ташкил этиш кераклиги таъкидланди. Чунки бундай ҳолатда тадбиркорларни коммуникация тармоқларига улашнинг 60-65 фоизи давлат бюджетидан амалга оширилади.

Шунингдек, тадбикорлар ва жисмоний шахслардан уй-жой, ер мулкни олишда компенсация тўлаш долзарб масаладир. Бу борадаги муаммоларга, айтайлик, 100 миллион сўмлик уйни паст нархга, масалан, 10 миллионга баҳолаш, ундан чиққан хомашёни ҳам ана шу маблағ ҳисобига киритиш ҳолатлари кўп учраётгани сабаб бўлмоқда. Айрим ҳолларда эса кўчиш учун кўрсатилган манзилда бошқа бир оила яшаётган бўлади. Уйи бузилаётганлар эса кўчада сарсон. Уйларни бузишдан олдин уни бозор нархида баҳолаш ва ана шу асосда компенсация тўлаш зарур. Пули тўланмаган объектни бузиш тақиқланади. Ваҳоланки, жойларда бунинг акси бўляпти. Буни Президент сиёсатига қарши ҳаракат, деб баҳолаш мумкин.

Давлат раҳбарининг таъбири билан айтганда, бу ватанга, халққа хиёнат, одамларнинг ҳақини ейиш, дегани. Ҳаттоки, ана шундай қинғирликка йўл қўйган ҳокимлар, раҳбарлар халқнинг қаршисига чиқиб, кечирим сўраши кераклиги қайд этилди. Зотан, нохуш ҳолатларда на давлатнинг, на Президентнинг айби йўқдир. Нафсига қул айрим кимсаларнинг хатоси туфайли халқ жабр кўрмоқда, сарсон бўлмоқда.

Шу ўринда бир нарсани айтиш жоиз. Биз ҳам энди юзхотирлик қилиб, кимгадир гап тегиб қолмасин қабилида иш тутмаймиз. Қатъий тартиб, кучли назорат ва кескин чоралар кўришимиз шарт. Чунки эртага халқ биздан ҳисоб сўрайди. Депутат бўлишдан олдин уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ваъда берганмиз. Келинг, чинакамига ана шу мақсадга бел боғлайлик. Депутатни менсимаган, унинг сўрови, мурожаатига беписанд қараган шахсларни кечириб бўлмайди. Демак, жойларга чиққанимизда давлат сиёсатини одамларга тўғри тушунтиришимиз, депутатлик ва парламент назоратини кучайтиришимиз лозим.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.

← Рўйхатга қайтиш