Бошланғич синф ўқувчиларига нонушта керакми?

 

Сўнгги йилларда таълим муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ўқитиш шароитлари тубдан яхшиланмоқда. Бироқ кўпчилик аҳамият қаратмаётган бир масала борки, таълимнинг асосий пойдевори бўлган бошланғич таълимда болаларнинг пухта билим олишига халал бермоқда. Халқ демократик партияси бошланғич синф ўқувчилари учун нонушта ташкил этиш ташаббуси билан чиқяпти.

Ўқувчиларни нонушта билан таъминлаш мустақилликнинг дастлабки икки-уч йилигача давом этди. Ўша йиллари таълим олганлар жуда яхши эслайди: эрталаб иштаҳаси йўқлиги ёки мактабга кечикаётгани туфайли уйдан нонушта қилмай кетган фарзандидан қарийб бирор ота-она хавотир олмас эди. Чунки мактабда бериладиган нонуштанинг боласига дарсдан қайтгунича бемалол қувват бўлишига ишончи комил эди.

Ўтиш давридаги иқтисодий қийинчиликлар, хусусийлаштириш билан боғлиқ айрим масалалар нонушта масаласини ҳам буткул кун тартибидан чиқариб юборди. Ҳозир давлатимиз иқтисодий жиҳатдан ўзини тиклаб, шиддат билан ривожланаётганига қарамай, бу масалага эътибор қаратишнинг имкони бўлмаяпти.

Шифокор танишимнинг айтишича, у ишлайдиган тиббиёт муассасаси ёнидаги мактаб ўқитувчилари ўқтин-ўқтин дарс чоғида ҳолсизланган ўқувчилари етаклаб келиб, шифокорга мурожаат қилади.

«Бу болаларнинг аксарияти бошланғич синф ўқувчилари бўлиб, уларда бирорта жиддий касаллик аломатлари сезилмайди. Суҳбат асносида болаларнинг мактабга келишдан олдин турли сабабларга кўра дурустроқ тамадди қилмагани маълум бўлади. Мактабларда нонуштанинг ташкил этилиши мана шу каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Қорни тўқ боланинг фикрлаши, билимни қабул қилиш даражаси қорни оч боланикига нисбатан юқори бўлиши кўп кузатилган. Айниқса, бошланғич таълим ёшидаги болалар ўта ҳаракатчан бўлиб, эрталаб тамадди қилган егуликлари уларнинг сарфлаган қуввати ўрнини тўлдиролмайди», дейди шифокор.

Болаларнинг нонушта қилмагани билан боғлиқ муаммолар кўпроқ ўқитувчиларга ортиқча ташвиш туғдиради. Сабаби, муаллим ўқувчининг мактабдан келиб, то кетгунига қадар жавобгар.

— Илгари дарсдан кейин куни узайтирилган гуруҳларда нонушта бериларди. Анча тетиклашиб қолган болалар билан кечгача ишлаш жуда осон кечарди. Ҳозирги кунда ўқувчиларимни кузатаман: айримлари нонушта учун пул олиб келади, айрим болалар эса эрталабдан нонушта қилмай, пулсиз келади. Баъзан дарс ўтишда жуда қийналиб кетаман. Қорни оч боланинг миясига ҳеч нарса кирмайди. Қишлоқ жойда на ошхона, на иссиқ овқат бор. Ҳеч бўлмаганда бошланғич синф болалари учун иссиқ овқат ташкил қилинса, яхши бўларди.Таълим самарадорлиги бирмунча яхшиланарди, — дейди бошланғич синф ўқитувчиларидан бири.

«Болаларнинг нонушта учун олиб келган пули нимага ҳам етарди. Қишлоқ жойларда эса мактаб буфетлари ишламайди. Сабаби, ижара пули қиммат. Болалар уйидан минг, жуда борса, икки минг сўм олиб келади. Бу пулга нимаям оларди. Витаминга бой ҳеч нарса бермайди. Битта нонни тўртга бўлиб ичига сабзили салат ва бир бўлак колбаса солинган емак олиб ейишади. Шу билан мактабда дарс тугагунча юришади. Эҳтимол, шаҳарларда ота-оналар болаларига кўпроқ пул берар, аммо қишлоқ ҳудудларда боласининг нонуштаси учун пул ажратиш ота-она учун ортиқча. Ҳозир ҳеч қаерда нонушта йўқ, менимча. Лекин қўшимча тамадди ташкил этилса, ўқувчиларга кони фойда бўларди. Чунки қорни тўқ боланинг мияси яхшироқ ишлайди. Тушликкача толиқиб ҳам қолмайди. Дарс жараёнида диққати чалғимайди. Хаёли овқатдамас, дарсда, фанларда бўлади», дейди муаллималардан яна бири.

Мактабларда ташкил этиладиган нонуштанинг рационга бой, тўйимли, табиий маҳсулотлардан тайёрланиши ўқувчиларнинг нафақат пухта билим олиши, балки соғлом ва дуркун ўсишига ҳам ёрдам беради. Бугун униб ўсаётган болаларнинг томоғидан тежаб қолинган арзимас маблағ эртага мамалкатга фойда келтирмайди. Миллат генофондининг заифлашувига, пировардида халқнинг зарарига хизмат қилади. Чунки силласи қуриган боладан кўра, илиги тўқ болани улғайтириш, гап уқтириш, таълим-тарбия бериш осон.

Халқ демократик партияси бу ғоя амалга ошиши учун курашади. Ёрдам беришни истасангиз, партиямиздан кўрсатилган номзодларга овоз беринг!

 

Сирожиддин Шоназаров,

ЎзХДП Марказий Кенгаши етакчи референти.

www.daryo.uz

← Рўйхатга қайтиш