Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун
Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун

98-Янгийўл сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод, Ўзбекистон ХДП партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрожиддин Дархонов сайловчилар билан учрашди.

Янгийўл транспорт ва хизмат кўрсатиш коллежи ҳамда ҳарбий қисмдаги учрашувлар очиқ, ошкора ва самимий руҳда бўлиб ўтди. Дастлаб сайловчиларга Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастури, унинг ҳаётимиздаги аҳамиятли жиҳатлари ҳақида батафсил маълумотлар берди.

Номзод ўз Сайловолди дас­тури билан йиғилганларни таништирар экан, дастурда аввало, аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалаларга алоҳида урғу берилганини таъкидлаб ўтди.

– Жамиятда бандлик масаласи ҳамон долзарблигича қолаётгани партиямиз эътиборида. Бу соҳада ҳам Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз позициясига эга. Ушбу масалалар юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилган ҳолда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича давлат буюртмасини бажариш устидан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатишга астойидил ҳаракат қилишни мақцсад қилганман, – дейди М.Дархонов.

Ишончли вакил, сиёсий шарҳоловчи Қобилбек Каримбеков номзодимиз Сайловолди дастурида аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражасини ошириш, кундалик истеъмол товар ва хизматлар нархларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, кам таъминланган қатламларига тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича ҳаётий таклифлар ўрин олганини таъкидлаб ўтди.

Номзоднинг дастурида илгари сурилган бошқа таклифлар ҳам атрофлича баён этилди. Учрашувлар давомида сайловчилар дастурнинг ҳаётий муҳим жиҳатлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Ишли, турмуш даражаси юқори бўлган одам оиласидан, эртасидан кўнгли тўқ яшайди, — дейди Гулнора Алибекова. — Депутатликка номзоднинг Сайловолди дастурида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар, билдирилган таклифлар менга жуда маъқул бўлди. Хусусан, уй меҳнатини ташкил этишнинг янги самарали шаклларини ривожлантиришга қаратилган таклифлари кўпчилик аёлларимизни мамнун этди. Айниқса, бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган аёллар учун уй меҳнатини ташкил этиш бўйича билдирилган таклифларни хотин-қизларимиз фаол қўллаб-қувватлашди.

Сўзга чиққанлар номзод дастурида илгари сурилаётган ғояларни қўллаб-қувватлашларини билдиришди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш