Учрашувлар оммавий тус олмоқда
Учрашувлар оммавий тус олмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига сайловга ҳам саноқли кунлар қолди. Тошкент вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида Халқ демокрактик партиясидан кўрсатилган номзодлар ҳамда партия фаоллари ўтаётган ҳар ондан самарали, тўлақонли фойдаланишга бош куч-ғайратини сафарбар этган. Улар учун соат миллари ҳам, қайси жой, маскан эканининг ҳам аҳамияти муҳим эмас. Асосийси, одамларни ҳар қадамда ва ҳар дамда сайловга тарғибот қилиш, партиямиз ғояларини ҳамда уларнинг номзодларини қўллаб-қувватлашга чақириш масаласида чекиниш йўқ.

Куни кеча Ўрта Чирчиқ тумани ва Нурафшон шаҳридаги партиямиз фаоллари, номзодлар Бектемир пости олдидан бутун ҳудуд бўйлаб ташвиқот акциясини олиб борди.

Ким Пен Хва, Қорасув, МАКРО маркет, Тошкент денгизи бозорларига тўхтаб, халқ билан учрашишди. Уларга турли тарғибот воситалари тарқатиб, сайловда иштирок этиш ҳамда партиямиз номзодларини қўллаб-қувватлашга чақиришди.

Бу борада оҳангаронликлар ҳам фаолликни қўлдан бермай келмоқда. Партия жонкуярлари Нурафшон аҳлини кўча-кўйда сайловга чорлаган бир пайтда Оҳангарон тумани фаоллари ҳам ажойиб акцияни бошлаб юборди. ХДП рамзи туширилган байроқлар ўрнатилган, партия белгиси чизилган шарлар билан безатилган автотранспорт воситалари сайловга чорлов вазифасини ўтади.

Автомобиллар ёқилғи қуйиш шахобчалари, бозорларда, катта-кичик дўконларда, умуман, одамлар гавжум жойларда ҳар бир ҳамюртимизга тарғибот воситалари тарқатилди. Улар сайловда иштирок этишга чақирилди. Мамлакат тақдири, ўз келажагига бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсон овоз бериш участкасига келиши зарурлиги тушунтирилди.

Шу куни Тошкент тумани фаоллари ҳам ҳаловат билмади. Улар байроқлар, партия белгиси туширилган турли воситаларни қўлларида кўтарганча кўчаларни пиёда айланишди. Сайловга чорлов нутқлари, “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остидаги тарғибот барчанинг эътиборини тортди. Кимдир ҳарид қилаётган жойидан фаоллар ёнига шошса, яна кимдир автомашинасини тўхтатиб, воқеликни кузатди, ҳатто унинг иштирокчисига айланди.

Табиийки, ҳар бир юртдошимизга партиямиз номзодлари, ХДП дастуридаги ғоялар ҳақида маълумот берувчи брошюралар, постер ҳамда календарлар тарқатилди. Улар сайловда албатта иштирок этишга, Халқ демократик номзодларини қўллаб-қувватлашга ваъда берди. Асосийси эса одамларнинг сайловолди кайфияти юқори, олдинда турган сиёсий вақеликка бефарқ эмаслиги намоён бўлди.

Шу ўринда Зангиотада бўлиб ўтган тадбирни ҳам айтиб ўтишни лозим топдик. Тиниб-тинчимаган зангиоталиклар автомобилларни ХДП рамзи туширилган байроқлар билан безатган куйи кўчаларда секин юриш акциясини ўтказди. Овоз кучайтиргич мосламалари, микрофонлардан фойдаланган ҳолда, барчани оммавий равишда партиямиз номзодларини қўллаб-қувватлашга чақиришди.

Кўп қаватли уйлар, йирик дўконлар, бозорлар, хуллас, фуқаролар кўп бўлган ҳар бир жойда тарғибот картежи тўхтаб одамларни сайловга даъват этувчи сўзлар такрор-такрор таъкидланди.

Айтиш керакки, ҳар бир ҳудудда шу каби тадбирлар давом этмоқда. Кимдир хонадонма-хонадон юриб, сайлов ҳамда ХДП номзодлари ҳақида қисқа суҳбатлар уюштирса, яна кимдир жамоат жойларида тарғибот воситаларини тарқатиш усулини қўлламоқда. Яна қайсидир номзодлар эса катта-кичик давраларда аҳоли вакиллари билан учрашмоқда. Ўз дастурлари, сайлов қонунчилиги ҳақида ахборотлар бериш билан бирга, одамларнинг депутатлардан, партиямиз фаолларидан кутаётган амалий ишлари ҳақида ҳам билиб боряпти.

Бир сўз билан айтганда, ўтаётган ҳар бир кун ҳам партияларга, ҳам уларнинг номзодларига янада масъулият ва хаяжон улашган. Фурсатни ғанимат билганлар эса, ундан энг юқори даражада фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.

 

Дилёр БОТИРОВ,

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши

Ахборот хизмати ходими.

← Рўйхатга қайтиш