“Адолат” СДП “Sevimli” ва “MY5” телеканалларини обрўсизлантирмоқчими?
“Адолат” СДП “Sevimli” ва “MY5” телеканалларини обрўсизлантирмоқчими?

Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий-ижтимоий воқеа – сайлов жараёнларига кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғонди. Бунда сиёсий партияларнинг ОАВ орқали танқидий-таҳлилий чиқишлари, телеканаллар орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган дебатлар катта аҳамият касб этяпти.

Шундай муҳим паллада айрим партиялар вакиллари эҳтимол ўзини кўрсатиш, нима қилиб бўлсаям тезроқ танилиш илинжида журналистлар, жамоатчилик, айниқса, сайловчиларни ёлғон маълумотлар воситасида чалғитишга уринаётгани кишида таажжуб уйғотади.

18 декабрь куни “Sevimli” ва “MY5” телеканалларида тўғридан-тўғри эфирга узатилган “Демократик дебат”да “Адолат” СДП матбуот хизмати ходимлари шундай йўл тутишга уринди.

Халқ демократик партияси вакили “Адолат” СДП вакилларига ушбу партия Сайловолди дастурида ички ишлар ходимлари сонини қисқартиришни таклиф қилаётгани, бу таклиф таҳлилларга асосланган-асосланмагани, партия нимадан хавотирланаётгани ҳақида савол билан мурожаат қилди.

Бунга жавобан “Адолат” СДП вакили партия Сайловолди дастурида ички ишлар ходимларининг сонини қисқартириш ҳақида гап кетмагани, фақат йўл-патрул хизмати ходимлари сонини оптималлаштириш хусусида таклиф борлигини маълум қилиб, юз минглаб томошабинларни алдашга уринди.

Ваҳоланки, “Адолат” СДП Сайловолди дастурининг “Ҳуқуқий-ижтимоий давлат қуриш – пировард мақсадимиз”, деб номланган қисмида “ички ишлар тизимининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва аҳолининг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш мақсадида уларнинг сонини мақбуллаштириш ҳамда “ҳалқ полицияси” деб ном бериш, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг сонини оптималлаштириш ва инспекторларни чинакам “халқ ёрдамчилари”га айлантириш таклифини илгари сурамиз”, деган жумлалар бор. “Адолат” СДП сайловчиларни алдамоқчими ё чалғитмоқчи?..

Бундан ташқари, эфир вақтида қудуқлар билан боғлиқ қонун лойиҳаси ўтган йили фақат “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси асосида одамларга қулай тарзда қабул қилингани иддао қилинди. Бу ҳам ёлғон маълумот эди.

Аслида мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон ХДП ва «Адолат» СДП фракцияси аъзолари томонидан қўллаб-қувватланмаган ҳамда Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси кун тартибидан чиқарилган. Кейинчалик қонун лойиҳаси ўзгартирилиб, қабул қилинган. Бу ҳақда батафсил танишиш мумкин.

Энди савол: “Адолат” СДП матбуот хизмати ходимлари танилишга ишқивозми ёки ғирт ёлғон маълумотлар билан “Sevimli” ва “MY5” телеканалларини обрўсизлантирмоқчими?..

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш