“Ўзбекистон 24” телеканали орқали ўтказилган пуллик смс сўровномага муносабат
“Ўзбекистон 24” телеканали орқали ўтказилган пуллик смс сўровномага муносабат

“Ўзбекистон 24” телеканали орқали ўтказилган пуллик смс сўровнома натижалари ҳамда унда Халқ демократик партиясига берилган овоз кўрсаткичи бўйича партиядошларимиз ва хайрихоҳларимиздан кўплаб мурожаатлар келиб тушяпти.

Аввало мурожаат билан чиққан барча юртдошларимизга партиямиз обрўси ҳақида қайғургани учун миннатдорлик билдирамиз.

Шуни таъкидлаймизки, Халқ демократик партияси сайлов кампанияси бошланганидан буён телеканалларда, турли ижтимоий тармоқларда уюштирилган асосланмаган, норасмий сўровномаларга эътибор қаратмаган. “Ўзбекистон 24” телеканали орқали ўтказилган пуллик смс сўровнома ҳам шулар жумласидан, деб ўйлаймиз.

Халқ демократик партияси нега бу сўровномага эътибор қаратмади?

Биринчидан, бу сўровнома норасмий ва пуллик бўлди. Фуқароларнинг сиёсий иродасини ифодалаши муайян тўлов эвазига билдирилиши демократик тамойилларга зид, деб ҳисоблаймиз.

Фуқароларнинг сиёсий хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишига шароит яратиш учун давлат бюджетидан тегишли маблағ сарфланиб, овоз бериш, ирода билдириш жараёни эркин амалга оширилади.

Иккинчидан, бу сўровномада кимлар иштирок этгани, кимлар овоз берганини аниқлашнинг имкони йўқ. Қисқа айтганда, бу сўровнома ваколатли эмас ва 100 мингдан кўпроқ смс хабарнома 20 миллиондан ортиқ сайловчиларнинг фикрини ифодаламайди.

Учинчидан, “Ўзбекистон 24” телеканали орқали ўтказилган сўровномада 1700 рақамига 100 мингдан ортиқ пуллик смс йўлланган. Битта смс 1684 сўм.

Тўртинчидан, сайлов олдидан бундай асоссиз сўровларнинг натижаларини фаол эълон қилиб бориш ҳали бир тўхтамга келмаган сайловчиларнинг қарор қабул қилишига таъсир ўтказиши мумкин...

Мутахассислар ва ҳуқуқшунослар ушбу пуллик сўровнома юзасидан ўз муносабати ҳамда хулосаларини билдиради, деб ўйлаймиз.

Ҳурматли сайловчилар!

Сайловда ўзингиз муносиб кўрган номзодларга овоз беринг!

Сизнинг ишончингиз ва овозингиз Халқ демократик партияси учун жуда муҳимдир!

 

Халқ демократик партияси

Марказий Кенгаши Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш