Катта ва муҳим куч
Катта ва муҳим куч

 

Жамоатчилик назорати жамиятимизда чуқур тарихий илдизларга эга. Биз буни қадим-қадимдан шаклланиб келган «Оқсоқоллар кенгаши» мисолида кўришимиз мумкин. Бундай кенгашлар маҳаллалардаги ободонлаштириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ўзини-ўзи ҳимоя қилиш, ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиш, фарзандлар тарбиясига лоқайд қарамаслик каби умумжамоа манфаатларига тааллуқли вазифаларни самарали бажарган.

Бугунги кунда ҳам давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг масъулиятли фаолият юритишида жамоатчилик назорати институти жуда муҳим аҳамият касб этади.

 

Жамоатчилик назоратини амалга ошириш шундай жараёнки, унда барча фуқароларнинг, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли сезилиши керак. Мамлакатда кечаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга нисбатан масъулият, ташаббускорлик, дахлдорлик ҳислари кўпчиликда шаклланиши, ҳаракатга айланиши муҳим.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда жамоатчилик назоратининг таъсир доираси кучайди. Воқеа-ҳодисаларга фаол билдирилаётган муносабатлар кўплаб камчилик ва муаммолар, қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилишига асос бўлмоқда.

Бироқ белгиланган меъёрларга қарамай, давлат органлари ҳузурида тузилган жамоатчилик кенгашлари фаолияти талаб даражасида ташкил этилмаяпти. Жамоатчилик ишлари аксарият ҳолларда номигагина, расмиятчилик учун фақат қоғозда ташкил этилгани, реал ҳаётда уларнинг ўрни ва роли деярли сезилмаётгани кузатилмоқда.

Узоқ йиллар давомида давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳисоботларини эшитиш каби жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг шаклларидан етарлича даражада фойдаланилмади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси 2019 йилги парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловлардан сўнг аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мажбурий жамоатчилик муҳокамаси ва экспертизаси механизмини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ғоясини илгари сурганди.

 

Ҳуқуқий пойдевор

Ҳар бир демократик мамлакатда жамоатчилик назорати механизмига фуқаролик жамиятининг ажралмас қисми сифатида қаралади. Янги Ўзбекистонда ҳам жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич ўтказилмоқда. Буни, аввало, Конституциямизда давлатнинг жамият олдидаги масъуллиги мустаҳкамлаб қўйилганида кўришимиз мумкин. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасига мувофиқ давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги белгиланган. Шунингдек, 36-моддада Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш, хусусан, жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилиши белгиланган. Бош қомусимизда бундай меъёрларнинг акс этиши жамоатчилик назорати институтига конституциявий-ҳуқуқий мақом берди, замин яратди.

Мутахассисларнинг фикрича, жамоатчилик назорати давлат ва жамият бошқарувида кенг жамоатчилик иштирокининг замонавий, энг самарали шаклидир.

Республикамизда жамоатчилик назорати институтининг изчил ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этадиган қатор қонунлар қабул қилинди.

«Ўзбекистон Республикаси жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамият, фуқаролик институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишда дастуруламал бўлмоқда.

Таъсирчан жамоатчилик назоратини ривожлантириш масалалари «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси»да алоҳида мақсад сифатида мустаҳкамлаб қўйилгани бежиз эмас.

Тараққиёт стратегиясининг 12-мақсади «Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш» деб номланиб, унда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, жамоавий мурожаатлар асосида ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари ижро сифатини текшириш амалиётини жорий этиш, айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш масалалари ўз ифодасини топди.

 

Жамоатчилик муҳокамаси аслида назоратдир

Кейинги йилларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни манфаатдор идоралар билан келишиш ҳамда кенг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамасидан ўтказиш амалиёти кенг жорий этилмоқда. Авваллари Ўзбекистонда буни тасаввур қилиш қийин эди, тўғриси.

Давлат органлари томонидан илгари сурилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Адлия вазирлиги тасарруфидаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилмоқда.

Жамоатчилик назоратини амалга оширишда янги усул ва воситалар, ёндашувларнинг пайдо бўлиши, замонавий технологияларнинг бу жараёнга кенг жорий этилиши жамоатчилик назорати субъектларига қулай имконият яратиш баробарида мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада кучайтиришга ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Натижада жамоатчилик муҳокамасини ташкил этишга қаратилган бир нечта махсус «майдон»лар яратилди.

Хусусан, «Mening fikrim» махсус веб-портали ташкил қилиниб, у орқали Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат қилиш тартиби жорий этилди. Албатта, бу борада галдаги вазифалар ҳам турибди.

Жамоатчилик муҳокамаси натижаларини «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамалари портали» (regulation.gov.uz) мисолида яққол кўриш мумкин. Бугунги кунда ушбу порталга 24 минг 438 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган бўлиб, улардан 24 минг 285 таси бўйича муҳокамалар якунланган.

Яна бир ёрқин мисол, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси фуқароларимиз фикр-мулоҳазаларини ўрганиш асосида тайёрланди. Жумладан, умумхалқ муҳокамаси муддати 2 марта узайтирилди ва бу даврда фуқароларимиздан жами 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушгани ҳам жамоатчилик муҳокамасининг қамровини кўрсатиб турибди.

 

Энг ишончли муҳокама ва назорат

Мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, уларнинг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Шаффофлик ва очиқликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида жамоатчилик назоратини кучайтириш, бу орқали давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга эришилмоқда.

Мисол учун, 2021 йилдан бошлаб «Очиқ бюджет» ахборот портали ишга туширилди. Ушбу портал орқали ҳар йили икки марта (февраль, июль) ўтказиладиган «Ташаббусли бюджет» йўлга қўйилди. Бу умумманфаатли муаммоларни бевосита фуқароларнинг кўпчилик овози билан ҳал этиш имконияти бўлиб, амалиётда натижадорлиги билан ўзини оқламоқда. Эътиборли жиҳати, ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизи йўналтириладиган «Фуқаролар бюджети» дастури доирасидаги маблағлар жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари асосида энг долзарб муаммоларни ечишга сарфланмоқда.

Порталда жамоатчилик фикрини шакллантириш учун шаҳар ва туманлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилаётган тадбирлар тўғрисида маълумотлар жойланмоқда. Шу билан бирга, фуқаролар портал орқали бюджет қонунчилиги бузилаётган ҳақидаги хабарларни, бюджет жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифларни юбориши мумкин.

Рақамли технологиялардан кенг фойдаланилган ҳолда data.gov.uz, my.gov.uz, regulation.gov.uz, d.xarid.uz ва бошқа онлайн платформаларда маълумотлар очиқ эълон қилинмоқда, бу эса давлат идораларининг жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ҳис қилаётганини англатмоқда.

Ҳар бир вазирлик ва идора маълумотлар очиқлиги фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, ўзининг веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълумотларни мунтазам жойлаштириши ва янгилаб бориши амалиёти йўлга қўйилди. Бу ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон «Очиқ маълумотларни кузатиш» халқаро индексида 125 поғонага кўтарилди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, жамоатчилик муҳокамаси, назоратининг қонун билан кафолатланиши юртимизни тубдан янгилашда катта таъсир кўрсатмоқда, энергия манбаси бўлиб хизмат қилмоқда. Бу биринчи навбатда ҳокимият ва аҳоли орасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашида ўз аксини топади. Аҳолининг ҳокимиятга бўлган кучли ишончи ҳар қандай жамиятга фаровонлик олиб келади.

Шу асосга кўра, Ўзбекистон Халқ демократик партияси давлат халқ олдида доим масъул бўлишини, жамоатчилик фикри катта ва таъсирчан кучга айланишини истайди.

 

Аброр Қурбонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 24.04.2023, №17

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов-2019 Сайлов
← Рўйхатга қайтиш