Янгиланган Конституция барчамизни юксак марралар сари етаклайди
Янгиланган Конституция барчамизни юксак марралар сари етаклайди

 

Бош Қомусимизни янгилаганимизга ҳам мана бир йил бўлди. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституция мамлакатимизнинг истиқболда белгилаган режаларини аниқ кўрсатиб турибди.

Айтиш керакки, унда халқпарвар, адолатли жамият қуриш ғояси мустаҳкамланиши билан бирга инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари ҳам сезиларли даражада кучайтирилди. Таҳлилларга қараганда, дунё мамлакатлари Конституцияларида инсоннинг 110 дан ортиқ ҳуқуқлари қайд этилар экан. Эътиборлиси, шулардан 90 дан ортиғи янгиланган Конституциямизда ўз аксини топган. Биргина шу рақамнинг ўзи янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қадр-қиммати нақадар эъзозланганини англатади.

Энди инсон ва давлат ўртасидаги муносабатларда қонунчиликдаги бўшлиқлар, тушунмовчиликларни бартараф этиш нуқтаи назаридан қонунчиликдаги зиддият ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилиши зарур бўлади.

Камбағалликка қарши курашиш Конституция даражасида мустаҳкамланди. Фуқаролар бандлигини таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича аниқ меъёрлар акс эттирилди. Асосийси, ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгилаб қўйилди. Бу одамларнинг ўз ҳаётидан розилик даражасини оширишга хизмат қиладиган муҳим омилдир.

Давлатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигидан келиб чиқиб ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги Бош ҳужжатимизда қайд этилди.

Яна бир жиҳатга эътибор берайлик. Замонамизда қонун устуворлигини таъминлашда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш муҳим. Бу масалада фуқаролик жамияти институтларининг ўрни беқиёсдир. Янгиланган Конституциямизда уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилди. Хусусан, 69-моддада фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши, қатъий белгилаб қўйилди.

Шунингдек, XXI боб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига бағишланди. Фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари дея алоҳида белгиланди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятларидан, шунингдек миллий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланди.

Қолаверса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиши, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишида давлатнинг кўмаклашиши янги Конституцияда маҳаллага юксак мақом берилганлигини билдиради.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси биз ва келажак авлод учун юксак марраларни кўрсатувчи маёқ бўлиб хизмат қилади. Барчамизни юксак марралар сари етаклайди.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Демократик институтлар, нодавлат
ташкилотлар ва фуқароларнинг
ўзини ўзи бошқариш органлари
қўмитаси раиси ўринбосари,
ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш