Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов Республикамизнинг барча ҳудудларидаги ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида Республика ёшлари онлайн форуми ўтказилди. Партиянинг «Ёшлар қаноти» фаоллари, Ёшлар парламенти аъзолари, депутатлар ҳамда жойлардан фаол йигит-қизлар иштирок этган форумни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очиб берди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги, манзилли қўллаб-қувватлаш ҳамда фаолликни рағбатлантириш каби устувор ғоялари ёшлар манфаатларига ҳар томонлама мосдир.
Шу маънода партиянинг дастур ва лойиҳаларини такомиллаштиришда, янги ташаббусларни илгари суришда, ижтимоий масалаларга янгича ечимлар топишда ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари инобатга олинмоғи табиий. Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қўшимча имкониятлар яратиш ҳақидаги энг яхши фикрлар уларнинг ўзидан чиқади, албатта.
Онлайн форумда 14 та ҳудудий студиядан уланган йигит-қизлар ўз таклиф ва ташаббусларини билдиришди. Сиёсий-ҳуқуқий жараёнларда ёшларнинг фаол иштирокига эришиш, ҳаётга очиқ ва тўғри муносабатни шакллантириш каби масалалар бўйича форум қатнашчилари тақдимотлар қилди.
Сурдо ёки тифло таржимонлари етишмайди
Айдана АЛЛАМБЕРГЕНОВА,
Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши фаоли:
— Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган инсонларнинг давлат хизматларидан, жамоат транспортлардан мустақил фойдаланиши учун имкониятларни кенгайтириш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Сабаби, давлат идораларида, аэропортларда, темир йўл вокзаллари ва автовокзалларда ушбу тоифадаги шахслар билан мулоқот қилувчи сурдо ёки тифло таржимонлари етишмайди. Шундан келиб чиқиб, давлат ташкилотлари ва жамоат транспортлари тизимида фаолият юритувчи ходимлардан бир нафарини «Ишга марҳамат» моно-марказларида ташкил этилган сурдо ва тифло таржимони ўқув курсларида ўқитиш йўлга қўйилса, айни муддао бўларди.
Партия дастурида, шунингдек, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган кўзи ожиз тенгдошларимизни Брайль алифбосидаги дарсликлар ва махсус дафтарлар билан таъминлаш, ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш мақсадида жойларда «Маҳалла кутубхонаси»ни ташкил этиш ишларини жадаллаштириш ғояси ўрин олишини истардик.
Пластмасса маҳсулотларини қонун билан тартибга солиш керак
Диёрбек ҲУСЕИНОВ,
Навоий давлат педагогика институти талабаси:
— Мамлакатимизда маиший чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида қилиниши керак бўлган ишлар оз эмас. Бу йўналишда йирик қувватлар ҳам, саралаш полигонлари ҳам қурилиши муҳим. «Тоза ҳудуд» ДУК томонидан барпо этилган полигонлар кўпинча санитар-эпидемиологик ва экологик талабларга жавоб бермайди.
Буларнинг барчаси битта жойда йиғилиб қолган ва сараланмаган чиқиндилар атроф-муҳитнинг ифлосланишига олиб келмоқда. Шунинг учун партия сайловолди дастурига «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунни такомиллаштириш ва уни янги таҳрирда тайёрлаш вазифасини киритиш зарур.
БМТ ҳисоботига асосан микропластиклар биз истеъмол қиладиган овқат, ичадиган сув ва нафас олаётган ҳавода мавжуд. Агар пластмассадан қайта фойдаланиш, қайта ишлаш, йўналишни ўзгартириш ва диверсификация қилиш имкониятига эга бўлинса, 2040 йилга келиб пластик ифлосланиш 80 фоизга камайиши мумкин. Шу сабабли бир марта ишлатиладиган пластмассадан тайёрланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотишни қонун билан тартибга солиш таклифини билдирамиз.
Ижтимоий шартномалар керак
Абдуллоҳ АҲМЕДОВ,
Андижон юридик техникуми ўқувчиси:
— Сайловолди дастурига аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини ошириш ва ижтимоий келишув дастурларини жорий қилиш масаласини киритишни таклиф этамиз.
Ижтимоий келишувлар эҳтиёжманд аҳолига кўмаклашган ҳолда инсон капиталини ривожлантириш орқали келгуси авлод учун «ижтимоий лифт» вазифасини бажаради. Бундан ташқари, ижтимоий шартномалар камбағалликнинг гендер тафовутини яхшилашга ёрдам беради.
Бизнингча, эҳтиёжманд оила ёки фуқаро билан бандликни таъминлаш, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиш ёки тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш каби йўналишларда ижтимоий шартнома тузиш ўзининг амалий натижасини беради.
Молиявий саводхонлик етарли эмас
Лазизжон ДАМИНОВ,
Термиз шаҳридаги «Инсон» ижтимоий ҳимоя маркази ходими:
— Бизда молиявий саводхонлик етарли эмас. Бу борада Марказий банк, Савдо-саноат палатаси ва бошқа бир қанча давлат ва нодавлат ташкилотларининг лойиҳалари бор, лекин уларнинг қамрови чекланган. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ишларини ташкил этишда ёш ва ҳудудлар нуқтаи назаридан ҳам ёндашиш керак.
Сайловолди дастурига банк хизматларидан, оилавий тадбиркорлик дастурлари асосидаги кредитлар ва турли субсидиялардан фойдаланиш борасида аҳолининг билимини, хабардорлик даражасини оширишга қаратилган молиявий саводхонлик курслари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масаласини киритиш таклифини билдирамиз.
Болалар майдончалари ҳимояланиши муҳим
Дилдора САЪДУЛЛАЕВА,
«O’zbekiston 24» телерадиоканали ахборот муҳарририяти муҳаррири:
— Пойтахтимиз бугун катта қурилишлар майдонига айланган, бунёдкорлик ишлари авжида. Аммо муаммолар ҳам йиғилиб қолмоқда. Масалан, шаҳарнинг урбанизация жараёни тўғри йўлга қўйилмаган, бош режаси ҳануз тасдиқланмаган. Уй-жой коммунал соҳасида муаммоли вазиятлар тўлиқ бартараф этилмаяпти, ёғингарчилик бўлди дегунча, дренаж-оқова суви тизимидаги камчиликлар ярқ этиб юзага чиқади. Болалар майдончалари қаровсиз ва эгасиз бўлиб қолмоқда.
Сайловолди дастурида кўп қаватли уйларга туташ бўлган жойларда замонавий болалар майдончаларини қуриш, реконструкция қилиш ва сақлаш учун аниқ жавобгар ташкилотни белгилаш масаласини илгари суриш лозим. Ушбу майдончаларни захира ер мақомидан чиқариб, қурилишдан холи, ўзлаштириб олишдан ҳимояланган, алоҳида кадастрга эга бўлган ҳудудга айлантириш керак, деб ўйлаймиз.
Шунингдек, жойларда «Жамоат боғи» ёки «Саломатлик боғи»ни ташкил этиш зарур. Бу боғлар кексалар учун югуриш ва велойўлакларни, замонавий спорт ва ўйин қурилмаларини, турли хил машғулотлар билан шуғулланиш учун махсус зоналарни ўз ичига олса, нур устига нур.
Ҳужжатлар кўплиги ижрони қийинлаштиради
Шоҳруҳ ЎКТАМОВ,
Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:
— Ёшлар сиёсатига оид бир қатор ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва амалиётга татбиқ этилган. Аммо уларнинг кўплиги, ижросини таъминлашга қаратилган қонуности ҳужжатлари ва ички идоравий ҳужжатларнинг хилма-хиллиги соҳада ишларнинг амалий жараёндан қочиб, статистика юритиш, ҳисобдорликни ошириш каби йўналишларга урғу қаратишга олиб келади. Шунинг учун ҳуқуқий ҳужжатларни умумлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Таҳлилларга кўра, ёшларга оид масалалар бўйича 130 га яқин меъёрий ҳужжатлар бор. Сайловолди дастуримизда «Ёшлар кодекси»ни ишлаб чиқиш таклифини илгари суриш керак, деб ўйлаймиз. Бунда ёшларни қийнаётган муаммолар бўйича давлат жавобгарлигини ошириш, қонунчилик орасида интеграцияни таъминлаш, ногиронлиги бўлган ёшларнинг имтиёзлари ва улар олдида ҳукуматнинг масъуллигини аниқ белгилаш масалалари ҳам қамраб олинмоғи муҳим.
* * *
Форумда ёшлар томонидан мана шундай залворли ва жўяли таклифлар билдирилди. Улар ўз ғояларини хорижий тажрибага таяниб изоҳлашди, электорат манфаати нуқтаи назаридан асослашди. Самарқанд вилояти вакилларининг ҳаракатланишда махсус аравачалардан фойдаланувчиларни туризмга жалб қилиш борасидаги таклифи, айниқса, кўпчиликка маъқул бўлди.
Умуман, форумда қизиқ, асосли, оптимистик ғоя ва таклифлар берилди. Турли ҳудудлардан битта платформага йиғилган ёшлар ўзаро фикр алмашиш, долзарб саволларга биргаликда жавоб олиш муҳити юзага келди.
Энг муҳими, ёшларда фаоллик бор, ислоҳотларга дахлдорлик бор. Ана шундай ёш аъзоларимиз сафи кенгаяверсин!
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 1.05.2023, №18