Олдинги ҳоким
Олдинги ҳоким

 

ЎзХДП Учқўрғон туман кенгаши раиси, депутат Абдуллажон Қодировни учқўрғонликлар шундай ҳурмат қилишади.

 

Чиниқиш

Заҳириддин Муҳаммад Бобур билан синглиси Хонзодабегимнинг опа-укачилик муносабатлари тўққиз фарзандли оилада вояга етган Абдуллажон Қодировга ҳамон ўзгача бир хушнудлик бағишлайди.

Эҳтимол, оддий дурадгор уста Абдураҳмон отанинг фарзандларига китобхонликда ибрат бўла олгани бунга сабабдир. Эҳтимол, ҳар қандай шароитда илм ўрганишга туғма эҳтиёжи борлигидан ўқиган китобларидан таъсирланиб, ўзига шиорлар тўқиб олиш одати Абдуллажон акада шунақа туйғуларни шакллантиргандир.

Нима бўлганда ҳам қаҳрамонимизнинг оилапарварлик фазилати, айниқса, сингилларига нисбатан меҳрибонлиги уни танийдиган каттаю кичик томонидан алоҳида эътироф этилади.

Учқўрғон Наманган вилоятининг Қирғизистон чегаралари билан туташ, нисбатан чеккароқ ҳудудида жойлашган. Аввал бошиданоқ туман ерларини ўзлаштиришга жалб этилган кучлар қўшни туман ва вилоятлардан кўчиб келишган. Аҳолиси турли миллатга мансуб, нисбатан саноатлашган туман. Бу маълумотларни тилга олишимизнинг боиси шуки, Абдуллажон ака яшаган оила муҳитидаги ўзаро аҳиллик, ҳамжиҳатлик шўролар даврида ҳам бутун туман аҳлига намуна бўлган.

Бобур Мирзо билан Хонзодабегимнинг ини-сингиллик муносабатлари эса ҳозир ҳам Абдуллажон Қодировнинг опаси Саноатхонга, сингиллари Адолат, Лазокат, Озода ва Меҳринисаларга кўрсатадиган меҳр-эътиборига андоза.

Ҳар ҳолда Хонзодабегимнинг Бобур Мирзога айтган гапи Абдуллажон Қодировга ҳам қоида: Киши ўз кўнглига ишонмоғи лозим. Кўнгил мусаффо бўлса, кишини алдамайдур

Тумандаги 2-мактабни тамомлаб, Тошкентда ўқиш учун йўл олган қишлоқ йигитига математика фани ўқитувчиси Соҳибжон домла Мамажонов оқ йўл тиларкан. Алоҳида тайинлади.

– Абдуллажон, чалғимагин, ҳужжатларингни Тошкент автомобиль йўллари институтига топширавер. Албатта, ўқишга кирасан.

Ўшанда тарих ўқитувчиси Каримахон ая Магданованинг кўнглига қараб, “Низомий”нинг тарих факультетига ҳужжат топшириши ҳам мумкин эди. Соҳибжон домланинг айтганини қилиб адашмабди. Кириш имтиҳонларидан ўтиб, ўқиш бошланишидан олдин қишлоққа келганида тарихчи Магданова ҳам асло хафа бўлмади. Ҳамма ўқитувчилари қатори фақат хурсанд бўлди.

 

Қилган яхшилигингни унут, кўрган яхшилигингни унутма!

– Менинг сиёсат майдонига кириб келишим темир-бетон заводида ишлаб юрганимда бошланган, – деб эслайди Абдуллажон ака. – Ўшанда мени завод ёшлар бригадасига етакчи этиб сайлашди. Тарих фанидан яхши ўқитилганим қўл келди...

1996 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида олган сабоқлари, тузумлар ўзгариши, давр янгиланишлари жараёнини фикран уйғоқлик билан ўтказишига асос бўлди.

Давлат бошқаруви академиясидаги ўқувга вилоятлардан ғоят дадил, эл-юрт ва миллат тақдирига ўзини дахлдор санаган фидойилар келишганди...

 

Инсонни эътиқод бутун ушлайди

Мустақилликнинг дастлабки ўн йиллигида, яъни 2000 йилгача Абдуллажон Қодировнинг жўшқин меҳнат фаолияти халқ депутатлари Учқўрғон туман Кенгашида, Учқўрғон туман ҳокимлигида раҳбарнинг биринчи ўринбосарлигида кечди.

Қаерда, қайси лавозимда ишламасин Абдуллажон Қодиров сиёсий эътиқодини ўзгартирмади.

Айниқса, кўппартиявийлик шароитида эл ишончига кириб, туман, бир пайтда вилоят Кенгаши депутатлигини ҳам уддасидан чиқа оладиган кадрга, албатта, ҳар бир партияда эҳтиёж бор.

– Яширишнинг ҳожати йўқ, Абдуллажон Қодировнинг ташкилотчилиги сабаб Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзодлар маҳаллий Кенгашларда кўп овоз билан депутатликка сайланади. Ҳозирги рақамни айта қолайин, бугунги кунда Учқўрғондан вилоят Кенгашига сайланган 4 нафар депутатнинг 3 нафари ЎзХДП номзодлари. Халқ депутатлари туман Кенгашида фаолият юритаётган 30 депутатнинг 16 нафарининг номзоди Халқ демократик партиясидан кўрсатилган.

Бунинг сирлари нимада? Афсуски, ўзи ҳам туман Кенгаши депутати бўлган фидойимиз бу саволга тўлиқ жавоб бермади. Сабаби, номзод кўрсатишда, деди холос.

Абдуллажон Қодиров депутатликка сайланган округ ҳудудига “Соҳил”, Қумтўғон”, “Кўприкбоши” маҳалла фуқаролар йиғинлари киради. У депутатлик қабули эълон қилмайди. Эртами, кечми уйи эшиги сайловчилари учун очиқ. Нафақат сайловчилари, бошқа ҳудудлардаги маҳаллалардан ҳам турли масалалар бўйича ёрдам сўраб келувчиларнинг қадами иш идорасидан ҳам, яшаш хонадонидан ҳам узилмайди.

– Сайловчиларимдан бири ёрдам сўраб келди. Электрдан қарзи бор, электр тармоқлари корхонаси мутахассислари тармоқдан узмоқчи. Икки маҳалладошимизга қўнғироқ қилдим. Улар орага олиб, қарзни бартараф этишди, – дейди суҳбатдошимиз.

– Мурожаатларнинг аксарияти олий ўқув юртида ўқиётган фарзандига контракт тўловлар масаласида. Яхшики, эҳсон қилувчилар кўпайиб бормоқда. Мен депутат сифатида рости, ёрдамларни ташкил қиламан, холос.

Мени ташвишлантирадиган томони биз томонларда тушунтириш-тарғибот ишларини қанчалик кучайтирмайлик, кўпчилик қонунларни билмайди. Ўз ҳуқуқини билмайдиганлар, албатта, бозор иқтисодиёти шароитида қийинчиликка дуч келади.

Яқинда Янгиобод томондан икки аёл кириб келди. Ногирон, мендан олдин ҳам мурожаат қилишган, фақат мақсадни аниқ баён этишмагани учун ваколатли идоралар уларни англамаган. Етти йиллик муддати ўтган ногиронлик пенсиясини қонуний асосда тиклаб беришга эришдик.

«Қайқилик» Ёқубжон аканинг пенсиясига 500 000 сўм қўшилди.

Тиббий суд экспертиза бўлимлари билан доимий ҳамкорлик қилиш орқали ҳам партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини белгилаймиз.

Туманнинг бош архитектори Абдумутал Мустаровга қамоқ жазоси белгиланганди. Отаси мурожаат қилиб, ўшанда муҳим бўлган ҳужжатлар энди топилди, деб мурожаат қилди. Барибир, бизда қонунлар устуворлиги бор. Ўтган йили ҳамюртимизни қамоқдан чиқаришга эришдик. Ҳозирда у ишга тикланиб, фаолият юритмоқда.

21-мактабгача таълим ташкилотини дастурга киритиш ва давлат бюджетидан ажратилган 3.7 млрд. сўм маблағ эвазига реконструкция қилиниши, «Тинчлик» маҳалласида ичимлик суви таъминотини таъминлаш учун қудуқ кавланиб, мавжуд сув сақловчи қурилманинг янгиланиши, А.Қодировнинг сайловчилари яшайдиган маҳаллада босқичма-босқич 3 йилда 4 та трансформатор янгиланиши, 3 км йўлга бетон қоплама ётқизилиб, 1.5 км йўлнинг асфальтланганию 8 км сув қувури тортилгани, қўйингчи, мурожаатларга мос «Соҳил» маҳалласида 350 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилгани ҳаммаси бор гап.

А.Қодировнинг сайловчилари ўз ҳудудларида балиқчилик хўжалиги ривожланиб бораётгани, ҳозирда фаолият юритаётган 13 та балиқчилик хўжалиги 10 йил ичида 200 гектар майдонни ишғол этажаги ҳақида тўлиб-тошиб гапиришмоқда.

Аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, такрорий экин мавсумида ер ажратиб бериш, томорқаларига иссиқхоналар ўрнатишга кўмаклашиш, белгиланган тартибда чорва ҳайвонлари билан таъминлаш ва бошқа қонуний асосдаги ёрдамлар механизмини ҳаракатга келтириш орқали туманда мигрантлар ҳажмини 30 фоизга камайтиришга эришдик.

 

Бахт – оилангда, иш жойингда!

Абдуллажон ака ЎзХДП Учқўрғон туман кенгашининг раиси, туман Кенгаши депутати, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари МФЙ раиси (оқсоқоли)ни сайлаш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия раиси. Туманнинг зиёли фаолларидан бири сифатида ишдаги муваффақиятларини умумийлаштириб, камсуқумлик билан ҳикоя қиларкан, унинг оила муҳити ҳақида ҳам билгимиз келди.

Турмуш ўртоғи Гулнора Неъматовна олий маълумотли фармацевт. Яқин қирқ йиллик меҳнат фаолиятини туман тиббиёт бирлашмаси дорихонасида ўтаган. 5 фарзандни вояга етказишибди. Тўнғич қизлари Гулноза Тошкентдаги инглиз тилига ихтисослашган махсус мактаб ўқитувчиси. Комила, Фотима ва Зуҳра она касбининг давомчилари. Ёлғиз ўғли Раҳматулло ички ишлар тизимида масъул лавозимда хизмат қилмоқда.

Қодировлар хонадонида кичик тадбиркорлик фаолияти барқарор. 10 йил аввал 500 та товуқ парвариши билан даромад келтирадиган паррандачилик хўжалигини йўлга қўйишганди. Ҳозир ҳам бу иш давом эттирилмоқда. 2 та иссиқхонада қулупнай, саримсоқ, бодринг, помидор етиштирилади.

Томорқа юмушлари билан эрталаб ва кечки пайт қаҳрамонимизнинг ўзи, Гулнора опа ва ўғиллари шуғулланишади.

Анваржон Мажидов, Музаффар Мирзааҳмедов, Муҳаммадсоли Норхонов, Жаҳонгир Тўхтасинов сингари туманда фаолият юритаётган ўрта ва янги авлод вакиллари Абдуллажон Қодировни ўзларига устоз, деб билишади.

Мана, бу йил яна сайловлар йили. Октябрь ойигача бўлган муддат муҳим сиёсий кампанияга тараддуд даври.

Бу масалада Абдуллажон ака Қодиров доимгидек ўз режалари, ўзига хос тадбирли тараддудларини кўнгилга тугиб, партия фаоллари билан бамаслаҳат иш олиб бормоқда.

 

Носиржон Деҳқонов,

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раиси.

«Ўзбекистон овози», 1.05.2023, №18

 

 

 

 

Теглар

Фахрий Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш