Ростини айтсам, давлат раҳбари иштирок этган байрамда илк бор қатнашдим. Ўтган йилларда бундай кенг миқёсдаги тадбирларни ОАВ орқали кўриб, қизиқиб кузатардим. Таъкидлаш керакки, бу йилги байрам ўзгача руҳда, ўзгача кайфиятда ўтди. Атроф гулга бурканган, аёл зотига берилган таърифлардан дилинг энтикади, кўнгил тоғдек кўтарилади. Ўйлайманки, ўша кезда бу каби ҳислар фақат менинг қалбимдан ўтмади, балки барча опа-сингилларимиз шундай давлатда яшаётганларига шукрона айтган бўлсалар ажаб эмас.
Президентимизнинг табрик сўзини чуқур мушоҳада билан эшитиб, ҳали олдимизда қилинадиган ишлар, бажарилиши лозим бўлган вазифалар анча эканини ҳис этдим. Байрам иштирокчилари ҳам нутқда келтирилган фикр-мулоҳазалардан сўнг ўз фаолиятларига танқидий қараб, келгуси ишларини режалаштирганларига аминман.
Эътибор берганмисиз? Давлатимиз раҳбари қай ҳудудда, қай даврада бўлмасин, янги ғоя, янги ташаббус билан чиқади. Бу галги маъруза ҳам бундан холи бўлмади. Кейинги йилда Халқаро хотин-қизлар байрамида ҳар бир вилоятдан 2 нафардан хотин-қизларга давлат мукофоти берилиши таъкидлаб ўтилди. Мукофот айнан маҳаллаларда 10-15 нафар қизларни ҳар томонлама салоҳиятли қилиб тарбиялашга ўз ҳиссасини қўшган кайвони, ташкилотчи онахонларга берилиши айтилди.
Чуқур ўйлаб кўрсак, давлатимиз раҳбари нега айнан мана шу ташаббусни илгари сурганини англаймиз. Сабаб битта. Хотин-қизларни жамиятда янада фаол бўлишга ундаш. Шу билан бирга маҳаллалардаги истеъдодли, иқтидорли қизларимизни ўз йўлини топишига, уларнинг қобилиятларини юзага чиқаришга эришишдир.
Президентимиз ўз нутқида янги ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигидан жуда катта натижалар кутаётганини қайд этди. Мен олти йилга яқин туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида фаолият олиб борганман. Ҳақиқатни тан олиш керак, жамоат ташкилотларининг аксарияти тарқоқ ва ишининг натижасини кўрсата олмасди. Уларнинг бошини қовуштириб, яхлит тизим шаклига келтирилиши, вазифаларнинг аниқ белгилаб берилиши, албатта ўз натижасини кўрсатмасдан қолмайди, деб ишонаман.
Президентимиз буюк инсонлар ортида уларнинг оналари ва жасур рафиқалари, сингиллари туришини эътироф этди. Ўтган йили 8-март байрамида бу оламни тарк этган шоир ва ёзувчиларимизнинг рафиқаларига давлат мукофоти берилган бўлса, бу галги байрамда айнан спортчи, санъаткор йигитларимизнинг оналарига давлат мукофотини шахсан Президентимиз ўз қўли билан топширди.
Мукофотланганлар орасида бокс бўйича сурхондарёлик жаҳон чемпиони Баҳодир Жалоловнинг онаси ҳам борлигидан қувондим. Буни кўрган ҳар бир аёл, она борки, фарзандларининг тарбиясига жиддий эътибор қаратади. Ўз келажагига, Ватан тақдирига бефарқ бўлмайди.
Бундан ташқари, ҳаж сафарига йиққан маблағини кам таъминланган оилаларга улашган аёл, уйида кутубхона очган сирдарёлик ўқитувчининг мукофотланиши бошқаларнинг ҳам шундай меҳр-оқибатли, ташаббускор бўлишига сабаб бўлади.
Байрамдан қайтар эканмиз, барча аёллар ўзида йўқ хурсанд, янгидан шижоатга тўлган. Муҳими, давлат раҳбари хотин-қизларга ишонмоқда. Фракциямиз аъзоси Зулайҳо Акрамованинг «Дўстлик» ордени билан мукофотлангани ҳам депутат аёлларимизни руҳлантирди.
Давлат раҳбари бетоб бўлган Ўзбекистон қаҳрамони Лола Муродованинг соғлигини телефон орқали сўраши, Сенат раисининг ўзи уни бориб, кўриши ўзбекистонлик аёлларга кўрсатилаётган меҳрибонлик ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси, деб биламан.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.