Бандлик: Вазирга жиддий саволлар бор
Бандлик: Вазирга жиддий саволлар бор

 

Кейинги йилларда мамлакатимизнинг ҳуқуқий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўз-ўзидан маълумки, ҳуқуқий ислоҳотларга тамал тоши қўйиладиган маскан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳисобланади. Палата фаолияти билан яқиндан танишган ҳар ким у ерда олиб борилаётган ишларнинг нечоғлик улкан масъулият ва катта меҳнат талаб қилинишига амин бўлади. Жумладан, навбатдаги мажлиси кун тартибидан ўрин олган масалалар аҳамияти ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.

 

Шу куни йиғилишда биринчи бўлиб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш ва улардан самарали фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтиш лозимки, лойиҳа шу йилнинг 27 февраль куни бўлиб ўтган палата мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қонун лойиҳасидаги айрим моддаларга таҳририй тузатиш киритиш, лойиҳани янада такомиллаштириш ва маромига етказиш учун масъул қўмитага қайтарилганди.

Шу вақт давомида масъул қўмита депутатлар томонидан берилган таклиф ва эътирозлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунига киритилаётган нормаларни вилоятларга чиққан ҳолда, фермер хўжаликлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганишган.

Қонун лойиҳаси билан Ер кодекси ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлари ўн йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Яна лойиҳа билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига, агросаноат кластерларига ва бошқа юридик шахсларга майдони ўн гектаргача бўлган ер участкалари ажратилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши ер участкаларидан самарали фойдаланиш ҳамда пиллачилик ва тутчиликни янада ривожлантириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш имкониятларини кенгайтириш, ер участкалари ва сув ресурсларидан фойдаланишда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланиб, бир овоздан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

 

Ижарачи ижарага беради

Мажлисда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Ер кодекси ва яна 6 та қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда.

Хусусан, Ер кодексининг ер участкаси ижараси тўғрисидаги 24-моддасига ўзгартириш киритилиб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага бериш белгиланмоқда.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишга, яъни қайта ижарага беришга рухсат этиш назарда тутилмоқда.

Яъни, мазкур ер участкасидан фойдаланаётган ижарачи энди бошқа шахсга ижара ҳуқуқини сотиши мумкин бўлади. Амалдаги қонунчиликка кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ердан фойдаланаётган ижарачи қандайдир сабаб билан, масалан, соғлигидаги муаммо туфайли ердан фойдаланиш имкони бўлмай қолса, бундай ҳолатда ер ҳокимият балансига қайтарилар эди.

Агар мазкур лойиҳа кучга кирса, ижарачи ўзи фойдаланаётган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ернинг ижара ҳуқуқини бошқа шахсга сотиши мумкин бўлади.

Бу ўз-ўзидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерга бўлган муносабатнинг ўзгаришига, яъни, манфаатдорлик ҳиссининг ошишига олиб келади.

Лойиҳада ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи кредит олиш учун гаровга қўйилган ва кредит мажбурияти бажарилмаган тақдирда, кредиторлар томонидан мазкур ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқини ердан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби белгиланмоқда.

Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга беришда турли баҳсли мезонларга таянган очиқ электрон танлов ўрнига шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган электрон онлайн-аукцион савдолари жорий этилади.

Шу билан бирга, ер участкалари ижарачиларига ижарага олинган ерларга нисбатан ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ердан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказишга рухсат бериш орқали қишлоқ хўжалиги ерларини бозор активига айлантириш имкони берилади.

Муҳокамаларда сўз олган депутатлар қонун лойиҳасининг ҳаётий эканлигини таъкидлашди. Лойиҳа биринчи ўқишда қабул қилинди ва иккинчи ўқишда уни янада мукаммал ва атрофлича пишитишга келишиб олинди.

 

Агентлик директори эшитувга чақирилди

Қуйи палата кун тартибидан Ёшлар ишлари агентлиги директори А. Саъдуллаевнинг “Ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишга, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масала ҳам ўрин олган эди.

Қайд этиб ўтиш лозимки, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари алоҳида моддалар билан муҳрлаб қўйилди.

Қолаверса, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб вазифалар белгиланган.

Шулардан келиб чиқиб халқ вакиллари ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ахборотини эшитиш бўйича қарор қабул қилишди.

 

 

Вазирга жиддий саволлар бор

Мажлис якунида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирига “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш ҳамда меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Кейинги етти йилда меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш ҳамда мигрантларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг 3 та Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 та фармони ва қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 8 та қарори қабул қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида видеоселектор йиғилишлари ўтказилиб, уларда мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилган.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган устувор мақсадлар ва вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши аҳоли бандлигини таъминлаш, қўшимча иш ўринларини яратиш, меҳнат бозорида янги йўналишларни очиш, ташқи меҳнат миграциясини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан меҳнат миграцияси соҳасини тартибга солишга қаратилган қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганиб борилмоқда.

Ўрганишларда маълум бўлишича, хорижда ишлаш истагида бўлган, лекин касбий малакага эга бўлмаган ёки чет тилини билмайдиган фуқаролар республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган мономарказлар ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказларига ўқишга жалб қилиниб, иш берувчининг талабига мос равишда мақсадли тайёрланмоқда. Натижада, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 2023 йилда 38,4 минг фуқаро хорижда ишлаш учун юборилган бўлса, мазкур кўрсаткич 2024 йил биринчи чорагининг ўзида 20,9 минг нафарни ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, таҳлиллар соҳада амалга оширилаётган ишлар билан бирга ўз ечимини кутаётган қатор масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, кўплаб янги хорижий иш берувчилар ва рекрутинг агентликлари билан келишувларга эришилганига қарамай, меҳнат миграцияси йўналишларини диверсификация қилиш борасидаги ишларни ташкил этишда етарлича самарадорлик сезилмаётгани келтирилган.

2024 йилнинг январь-апрель ойларида меҳнат миграциясидан қайтган 115 минг фуқарони ишга жойлаштириш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида масъул ташкилотлар томонидан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Аммо шу кунга қадар мазкур масалада аниқ режа ёки мақсадли кўрсаткичлар белгилаб олинмаган.

Шунингдек, хорижда ишлаш истагида бўлган, лекин касбий малакага эга бўлмаган ёки чет тилини билмайдиган фуқароларни касбга тайёрлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш борасидаги ишларни ташкил этишда ҳам айрим камчиликлар мавжуд.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланиш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан:

  1. Меҳнат миграцияси йўналишларини диверсификация қилиш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
  2. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланиш ва мақсадли сарфланишини таъминлаш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?
  3. Меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, шу жумладан, уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Каби масалалар юзасидан ёзма равишда асослантирилган тушунтиришлар берилиши парламент сўровида назарда тутилган.

Фракциямизнинг ушбу ташаббуси Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз электорати манфаатларини биринчи ўринга қўйишидан далолат бермоқда. Аслида ҳар қандай мамлакатнинг юксак тараққиёт йўлидан бориши, ундаги одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиши биринчи навбатда кам даромадли аҳоли қатламининг даромадлари ошиши билан бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан ҳам мазкур парламент сўровининг аҳамияти юқори.

Бу галги йиғилиш ҳам бошқалари каби турли масалаларни қамраб олган, муҳокама ва таклифларга бой бўлди. Одатда қонунлар биринчи ўқишда концептуал маъқулланиб, иккинчи ўқишда муҳокамаларга бой бўлади. Баъзи қонунлар эса биринчи ўқишнинг ўзидаёқ кейинги муҳокамаларда ортиқча саволларга ўрин қолдирмаслиги сезилиб туради. Хуллас, йиғилиш якунида қайсидир масъулга сўров юборилган бўлса, яна кимнидир эшитувга чақиришга қарор қилишди. Шу тариқа Қонунчилик палатасининг яна бир ўзгача йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ

тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 22.05.2023, №21

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш