Эзгу ташаббуслар қамрови кенгаймоқда
Эзгу ташаббуслар қамрови кенгаймоқда

 

Ўзбекистон ва Россия Президентларининг ўзаро ишончли муносабатлари икки давлат ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар, технологик, таълим ва тиббиёт соҳаларида чуқур ҳамкорлик ўрнатилишига олиб келгани барчамизга маълум. Кейинги йилларда амалга оширилган йигирмага яқин олий даражадаги ташрифлар стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларига мустаҳкам асос бўлаётгани билан аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда томонлар барча соҳа қатори маданий-гуманитар алоқаларга ҳам катта эътибор қаратишмоқда ва бу ҳамкорликдаги эзгу ташаббуслар қамровини кенгайтираётир.

Россия Президентининг май ойининг сўнгги ҳафтасида юртимизга амалга оширган давлат ташрифи доирасида имзоланган қатор ҳужжатлар орасида Икки давлат ҳамкорлигининг устувор йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси, 2024-2026 йилларга мўлжалланган маданият соҳасида ҳамкорлик дастури, Биргаликда кино ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, “Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети” федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисидаги меморандумнинг ҳам борлиги маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида мустаҳкам алоқаларни янада кенгайтириши муқаррар.

Ҳамкорликдаги бундай ўсиш динамикасини туризм алмашинувида ҳам яққол кўриш мумкин. Сўнгги йилларда ушбу давлатдан юртимизга сайёҳлар оқими бир неча баробарга ортгани, уларни, айниқса, юртимизда ривожланиб бораётган агротуризм, экотуризм, маданий туризм жалб қилаётганини таъкидлаб ўтиш керак.

Россия Президентининг бу галги ташрифи Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги нуфузи ва Россия ташқи сиёсатида тутган муҳим ўрнини яққол кўрсатди. Чиндан ҳам ташриф сермазмун учрашувлар ва самарали натижалар билан икки томонлама дўстликни, ишончга асосланган муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 29.05.2023, №22

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш