Жорий ҳафта юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида яна бир муҳим ва қизғин воқелик билан бошланди. Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг 26-28 май кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи асносида дунё жамоатчилиги нигоҳи яна мамлакатимиз томон қадалди.
Олий мартабали меҳмоннинг Россия Федерацияси Президенти лавозимига қайта сайланганидан кейинги илк хорижий ташрифларидан бирини юртимизга амалга оширгани алоҳида диққатга моликдир. Зеро, бу ташриф вақт синовидан ўтган мустаҳкам дўстлик асосидаги ўзаро алоқаларни изчил ва самарали давом эттиришда муҳим ўрин тутади.
– Россия Президентининг давлат ташрифи – бу, ҳеч муболағасиз, кўп қиррали ҳамкорлигимизнинг янги даврини бошлаб берувчи тарихий воқеадир, – деди давлатимиз раҳбари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича ОАВ вакиллари учун ташкил қилинган брифингда.
Кенг қамровли стратегик шериклик
Бугун барча жабҳада жадаллашган глобаллашув жараёнидан ҳеч бир давлат четда қолмагани каби савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар ривожланишда узоқ-яқин мамлакатлар билан фаол муносабатларга киришиш тараққиётнинг негизи ҳисобланади. Шубҳа йўқки, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда ишончли ва стратегик ҳамкорлари орасида Россия етакчилар сафида туради. Бу бежиз эмас. Бинобарин, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми кейинги йилларда қарийб икки ярим бараварга ошди. Россия юртимиз учун энг катта экспорт бозори бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон билан фаол савдо алоқаларига эга бўлган ўнта мамлакат орасида мазкур давлат 2,1 млрд. долларлик улуш билан олдинги ўринлардан бирини эгаллаган. Ўз навбатида юртимизда ушбу давлат капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони ҳам йил сайин ўсиб, уч мингдан зиёдни ташкил этмоқда.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда икки давлат ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидландики, ташрифга тайёргарлик доирасида парламент аъзоларининг учрашувлари, сиёсий маслаҳатлашувлар кутилганидек самарали ўтди. Апрель ойида Тошкентда “Иннопром” халқаро кўргазмасида юзлаб янги кооперация лойиҳалари бўйича келишувларга эришилди. Май ойида эса Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари раҳбарлари Россиядаги ҳамкор ҳудудларда бўлдилар. Йирик муҳандислик-техник университетлар ректорлари ва нуфузли тиббиёт муассасалари раҳбарларининг конференциялари ҳам юқори савияда ўтказилди. Тошкентда Рус санъати ҳафталиги тадбирлари кенг жамоатчиликни қамраб олди.
Ҳар доимгидек анъанавий очиқ, конструктив ва дўстона муҳитда ўтган музокаралар натижалари катта мамнуният билан қайд этилди.
Етакчилар икки томонлама кун тартибининг барча долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилиб, делегация аъзоларининг асосий йўналишлар бўйича ҳисоботларини тингладилар, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Савдо-иқтисодий соҳада амалий ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш зарурлиги борасида якдил фикрга келдилар. Келгусида бу йўналишда 30 миллиард долларлик кўрсаткичга эришиш вазифаси қўйилди.
Миграциядан тортиб таълим ва соғлиқни сақлашгача
Россия Президентининг бу галги ташрифи доирасида 20 миллиард долларлик янги лойиҳалар бўйича келишувлар имзолангани яна бир эътирофга лойиқ жиҳатдир.
Президентимиз кооперацияни илгари суриш учун қўшма Инвестиция платформаси ташкил этилиши ҳақида эълон қилди.
Давлат раҳбарлари энергетика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни кучайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Музокаралар давомида газ, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва маҳаллий корхоналар негизида углеводородларни чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бўйича лойиҳани амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди.
– Дунёдаги деярли барча етакчи давлатлар ўз энергетик хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини атом энергетикаси ҳисобига таъминламоқда. Агар биз Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига чиқиш истиқболлари ҳақида ўйласак, катта миқдордаги уран захираларига эга ва уни учинчи давлатларга экспорт қилаётган мамлакатимиз учун бу лойиҳа ҳаётий аҳамиятга эга, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳаларида кооперацияни чуқурлаштириш бўйича аниқ режалар белгиланди.
Президентлар таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш аҳамиятига урғу бердилар. Икки мамлакат етакчи университетлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида доимий мулоқот ва самарали шерикликни қўллаб-қувватладилар.
Муҳандислик кадрларини тайёрлаш бўйича қўшма ишлар бошланди. Бу мақсадда ташкил этилаётган Тошкентдаги Николай Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали мамлакатимизда фаолият юритаётган етакчи Россия университетларининг ўн бешинчиси бўлади.
Миграция соҳасидаги ҳамкорлик масалалари музокараларнинг алоҳида мавзуси бўлди. Бу соҳада ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмлари бўйича келишувга эришилди.
Ташқи сиёсий идоралар ўртасида мунтазам маслаҳатлашувларни давом эттириш, минтақавий ва халқаро тузилмалар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида мулоқотни чуқурлаштириш муҳимлиги тасдиқланди.
Анъанавий ва янги таҳдид ва хатарларга, биринчи навбатда, терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафикка қарши курашиш бўйича ваколатли органлар ва махсус хизматлар ўртасида яқин ҳамкорлик масалалари Ўзбекистон ва Россиянинг диққат марказида қолади.
Россия Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомидаги сермазмун учрашувлар ва самарали натижалар икки томонлама дўстлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, давлатлараро ҳамкорлик тарихида янги боб очишига ишонч билдирилди.
Ҳудудлараро ҳамкорликда янги давр
Ташриф доирасида икки давлат етакчилари раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Кенгаш мажлисини очар экан, давлатимиз раҳбари Президент Владимир Путин ва Россия делегацияси вакилларини, жумладан, 30 га яқин ҳудуд раҳбарлари ва 300 нафар етакчи саноат корхоналари, бизнес вакилларини самимий қутлади.
– Бундай ҳамкорлик юқори самарадорлик билан ажралиб туради, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга хизмат қилади, – деди Президентимиз.
Олий даражадаги музокаралар самарали натижалар билан якунлангани, икки давлат ва халқлар манфаатлари йўлида кенг қамровли шерикликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга бўлган умумий интилишни кўрсатгани мамнуният билан қайд этилди.
Бугунги кунда ҳудудлар даражасида 4 миллиард долларлик 200 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Кенгаш мажлиси доирасида 5 миллиард долларлик янги шартномалар тўплами тайёрланган.
Россия билан ўзаро савдо алоқаларида асосий ҳамкорлар қаторида Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари, Татаристон, Москва, Ленинград, Новосибирск, Астрахань, Иваново, Челябинск вилоятлари, Красноярск, Пермь ўлкалари, Бошқирдистон ва бошқалар бор.
Энергетика, кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, логистика, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда ҳамкорликда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Тошкент вилоятида татаристонлик инвесторлар билан бирга ишга туширилган "Химград" саноат зонаси кенгайтирилмоқда, Жиззах вилоятида унинг филиали барпо қилинмоқда.
Россия ҳудудларининг етакчи корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суриш учун янги қўшма саноат зоналарини ташкил этиш режалари қўллаб-қувватланди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш устувор йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон ҳудудларида агрологистика марказлари тармоғини кенгайтириш ишларини давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Ҳудудларга Россияда улгуржи-тақсимлаш марказларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини биргаликда етиштириб, кейинчалик юртимизга етказиб бериш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, маданий ҳамкорлик бўйича уч йиллик дастур қабул қилинди. Ўзбекистон Президенти туризм алмашинувини кенгайтириш муҳимлигини айтиб ўтди. Сўнгги бир неча йилда россиялик туристлар сони 5 баробарга ошгани, Ўзбекистон ва Россиянинг барча йирик шаҳарлари мунтазам авиақатновлар билан боғлангани айни муддаодир.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Россиянинг тарихий шаҳарларига туристик йўналишлар ва саёҳатларни ривожлантириш бўйича янги қўшма дастурларни қабул қилишни таклиф этди.
Ўз навбатида, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин мамлакатимиз билан кўп қиррали муносабатларнинг ривожланишидаги ижобий тенденцияларни юқори баҳолаб, Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги мавжуд ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашнинг муҳим аҳамиятини таъкидлади. Ишбилармон доира вакилларини қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишда фаол иштирок этишга чақирди.
Умуман, кенгаш доирасида савдо-иқтисодий, илмий-техник ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳудудлараро ҳамкорлик ҳужжатлари ва битимлар тўплами имзоланди.
Фарида МАҲКАМОВА.
«Ўзбекистон овози», 29.05.2023, №22