
Халқ демократик партияси ўз фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтириш, халқ манфаати йўлида хизмат қилиш ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича изчил ишларни олиб бормоқда.
Блогер Никита Макаренко томонидан партиямизга мурожаат қилиниб, айрим эътирозли ҳолатлар юзасидан пост қолдирилган. Ушбу постда кўтарилган ҳолатлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Таъкидлаш жоиз, партиямизга мамлакатимиздаги кўплаб ҳурматли инсонлар аъзо бўлгани бизга мамнуният бағишлайди ва масъулиятга ундайди.
Партиямиздан сайланган ҳар бир депутат, масъул ходим ўзини муносиб тутишига, қонунлар, жамиятдаги тартиб-қоидаларга риоя этишига алоҳида эътибор қаратамиз. Бу масалага диққатимизни сусайтирмаймиз.
Блогернинг мурожаатида қайд этилган Елена Бабенко 2019-2024 йилларда партиямиздан Олий Мажлис депутати сифатида фаолият кўрсатган. Айни пайтда у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари туман (шаҳар) ёки вилоят Кенгаши депутати эмас. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари рўйхатини палатанинг расмий сайтидан ҳамда партиямизнинг расмий сайтидан билиб олса бўлади.
Шунинг учун унинг фаолияти ёки шахсий фикр ва қарашларини партиямизнинг Одоб-ахлоқ қўмитаси йиғилишида кўриб чиқишнинг асоси йўқ.
Албатта, касби, вазифасидан қатъий назар, ҳар бир шахс юртимиздаги ҳамжиҳатликни қўллаб-қувватлаши, миллатлараро муносабатларда юқори маданият кўрсатиши, қонунларга итоат қилиши лозим. Халқ демократик партиясининг устувор ғоя ва мақсадларидан бири ҳам ижтимоий бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдир.
Постда партиянинг матбуот хизмати алоқа маълумотларини топа олмагани билдирилган. Партиямизнинг расмий сайтида барча алоқа маълумотлари жойлаштирилган, телефон рақамлари, электрон почта ишлаб турибди. Шу боис, барча фуқаролар, айниқса, жамиятимизнинг фаол қатлами бўлган шахслар маълум бир масалада муносабат билдирганида фактчекинг қилса ва расмий манбаларга таянса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ҳурматли Никита Макаренко барча масалаларда фикр-мулоҳаза, мурожаат ёки таклифлари бўлса, бемалол йўллаши мумкин, мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати