Ўзбекистонда туғилишни режалаштириш керакми?
Ўзбекистонда туғилишни режалаштириш керакми?

 

2024 йил 22 апрель куни Ўзбекистон аҳолиси сони 37 миллионга етди. Эсингизда бўлса, 36 миллионлик маррани 2022 йил 8 декабрь куни босиб ўтган эдик. Қаранг, 1 йилу 4 ойда яна 1 миллионга кўпайдик.

Бундай даражада ўсишни давлат ва жамият кўтара оладими? Асосий савол: туғилишни режалаштириш керакми?

 

Дунёда аҳоли сони аллақачон 8 миллиарддан ошган ва бу рақам йилдан-йилга жадал кўтарилиб бормоқда. Маълумотларга қўра, сўнгги 200 йилда одамлар сони саккиз баравар кўпайди. 1900-йилларнинг бошида сайёрада 1,6 миллиард, аср ўрталарида 2,6 миллиард, XXI асрга келиб 6 миллиард, 2011 йилда – 7 миллиард одам яшаган.

Ўзбекистон ҳам аҳоли сони тез суръат билан ўсиб бораётган давлатлардан. 1991 йили мамлакатимиз аҳолисининг сони 21 млн эди. Прогнозларга кўра, 2120 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси сони қарийб 210 млн кишига етиши мумкин. Бу эса, албатта, бир қанча муҳим стратегик вазифаларни ишлаб чиқиб, амалга оширишни назарда тутади.

Демографик кўрсаткичнинг жадаллашувига ёндашувлар ҳам турлича. Кимдир бу иқтисодий инқирозни келтириб чиқаришини таъкидласа, яна кимдир иқтисодий ривожланишга олиб келади, демоқда.

 

Инсон капитали муҳим, аммо...

– Ўзбекистонда аҳоли сони кескин ўсиб бормоқда. Бу яхши. Яхши томони шундаки, бу инсон капитали. Яъни, биз келажакда ишчи кучи, кадрлар танқислиги билан боғлиқ муаммоли вазиятларга дуч келмаймиз. Лекин дунё бўйича лойиҳалаштириш каби долзарб йўналишлар бор. Ҳозирги кунда туғилган фарзандларнинг сонидан келиб чиқиб, келажакни лойиҳалаштиришимиз керак. Аҳоли сони кўпайишига қараб келажакни яратишимиз керак, – дейди социолог Феруза Маҳмудова. – Айтайлик, ҳар йили қанча бола туғиляпти, шу туғилишга қараб боғчаларни, мактаблар ва олий таълим даргоҳларини мослаштиришимиз керак. Кейинчалик шу ўсишга яраша иш ўрни яратиш имкониятларини ўрганиш зарур.

Кўпгина давлатларда бугунги кунда ишчи кучига эҳтиёж мавжуд. Бизда эса ёшларимиз кўп. Уларни фақат ўқишга, касб-ҳунарга тўғри йўналтиришимиз керак бўлади.

Ҳар қандай давлатнинг иқтисоди ҳам, сиёсати ҳам, маънавияти ҳам аввало, аҳоли билан. Ҳудуд билан аҳоли сони мутаносиб бўлиши керак. Қолаверса, одамларимиз орасида ҳамон боқимандалик кайфияти ҳам учраб туриши сир эмас. Яъни, “Кўп болали оилалиман, демак, давлат менга ёрдам бериши зарур”, деган қараш билан юрганлар бор. Аслида оилани режалаштириш керак. Яъни, хонадоннинг иқтисодий аҳволи, аёлнинг-онанинг саломатлиги, болалар таълим-тарбияси, соғлом овқатланиш каби муҳим масалаларга шунчаки кўз юмиб ўтиш керак эмас.

– Демографик жараёнлар, биринчи навбатда, ижтимоий-иқтисодий ва аҳоли бандлиги меҳнат фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатиб, миллий иқтисодиёт ва жамият ривожланишининг асосий омили бўлиб хизмат қилади, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Молия ва молиявий технологиялар” кафедраси доценти Шуҳратжон Фозилчаев. – Шунингдек, инсон капитали сифати, бандлик ва ишсизлик даражаси, ялпи ишлаб чиқариш, аҳолининг жон бошига тўғри келадиган ўртача даромад кўрсаткичлари, уй-жой билан таъминлаш, кексаларнинг, ногиронлиги бор ва боқувчисини йўқотганларнинг пенсия таъминотини ташкиллаштириш масалаларида ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу маънода айтадиган бўлсак, аҳоли сонининг кўпайиши ҳам муаммо, ҳам имкониятдир. Бир томондан, меҳнатга лаёқатли аҳолининг кўплиги барқарор иқтисодий ўсишни таъминлайди. Бошқа томондан мамлакат иқтисодиёти ҳар йили миллионлаб ишчи ўринларини яратиши керак.

Давлатимизда аҳолининг жадал суръатда ўсиши баробарида уй-жой, ижтимоий инфратузилма, аҳолининг саводхонлик даражаси ва илмий потенциалини юксалтириш, мактабгача ва мактаб таълим қамровини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш каби долзарб масалаларни кун тартибига чиқармоқда. Чунки Асосий қомусимизга мувофиқ, давлат фуқаролар учун бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим ҳамда тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олишни кафолатлайди.

Демографик жараёнларни назорат қилиш қайсидир маънода инсон ҳуқуқларини чеклашдек кўринади, лекин онгли жамият ҳар доим ўзининг демографик сиёсатини режалаштириши, сифатли инсон капитали имкониятларидан самарали фойдаланиши лозим.

Аҳолининг ўсиши табиий ресурсларга талабни ошириб боради. Шу маънода айтадиган бўлсак, бу жараённи назоратда ушлаб туриш ва режалаштириш керак, деб ўйлайман.

– Аввалги йилларда туғилишлар сони 700-800 мингни ташкил этган бўлса, 2018 йилдан ҳозирги кунгача 920 минг – 960 минг нафарни ташкил этмоқда. Бу ижтимоий соҳа объектларига ўз таъсирини кўрсатади. Масалан, мактабларга чиқаётган болалар сонини олайлик. Бир пайтлар ўртача 700 мингга яқин бола биринчи синфга қабул қилинган бўлса, эндиликда бу рақам яна бир неча юз мингга ошиши кутиляпти. Асосий сабаб – бу юқори туғилиш кўрсаткичидир, – дейди Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ходими Муҳаббат Аҳмедова. – Бугунги кунда аксарият ривожланган давлатлардаги аҳолининг “қариши”, бизнинг прогнозларга кўра, Ўзбекистонда яқин ўн йилда кузатилмайди. Лекин меҳнатга лаёқатли ёшдан катта бўлган аҳоли сони улуши секин-аста ошаётгани ҳам бор гап. Бу эса пенсия жамғармасига катта таъсир ўтказади. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимига, қарияларнинг кўп бўлиши ижтимоий ходимлар сонининг ошишига, пенсияга ажратилаётган жамғармаларнинг кенгайишига ва, умуман олганда, бугунги пенсия тизимини қайта кўриб чиқишни талаб этади. Бир сўз билан айтганда, аҳоли сонининг ўсиши инсон капиталига сармоялар киритишни тақозо этади.

Аҳоли сонининг ўсиши ёмон, деб айта олмайман. Шунга қараб сиёсат олиб бориш керак. Аҳоли нуфуси ошиши жамиятнинг, республиканинг бойлиги, деб ўйлайман.

 

Оилани режалаштириш вақти келди(ми)?

Мутахассисларнинг айтишича, демографик жараёнлар нафақат объектив омилларга, балки никоҳ-оила муносабатларига ҳам боғлиқдир. Бугунги кунда ёшларимизнинг ўз оилаларини онгли равишда режалаштираётгани жамиятимиздаги ижобий ўзгаришлардан биридир.

Оилани тўғри режалаштириш, энг аввало, болаларга зарур бўлган барча моддий ва номоддий неъматлар – сифатли таълим, озиқ-овқат, уй-жой билан таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги демографик муаммолар нуқтаи назаридан қараганда, оилани режалаштириш вақти келдимикан?

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Ўзбекистонда нуфус ошишининг ижобий томонлари ҳам жуда кўп аслида. Масалан, аҳолимизнинг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Бизда туғилишларнинг кўпайиши, ёшларнинг кўплиги иш қобилиятининг кўплигига олиб келади. Шу билан бирга, аҳолининг ўсиши бир қатор масалаларни ҳам ҳал қилиш кераклигини кўрсатади.

Ҳар қандай давлатда демографик кўрсаткичлар доимий назоратда бўлиши керак. Масалан, бизда йилига ўртача 1 миллион нафарга кўпайиш кузатилаётган бўлса, демак, боғча-ю мактаблар, тиббий муассасалар сонида ҳам шундай тадрижий ўсиш бўлиши лозим.

Жойларда репродуктив саломатликни асраш, оилани режалаштиришга қаратилган тарғибот ишлари кенг кўламда олиб бориляпти. Бунинг учун жойларда штаблар ташкил этилган. Ушбу штабларни биз куни кеча назорат-таҳлил давомида ҳам кўриб келдик.

Шуниси аниқки, соғлиқни сақлаш тизимида ишлайдиган ходимнинг “Оилада она ва бола саломатлиги муҳим”, дегани билан иш битмайди. Бу борада жамиятнинг ҳаракатларини бирлаштириш керак. Айнан шу жойда штаблар тиббиёт ходимлари, маҳаллий ҳокимлик вакиллари, маҳалла еттилиги билан биргаликда иш олиб бориши керак.

Туғилишни, умуман, оилани режалаштириш ҳозирги даврда асосий масала ҳисобланади. Эр-хотин оилада фарзандларни дунёга келтиришда масъулиятни, режали ёндашувни ҳис қилмоғи керак. Шунда бу оилада туғилаётган фарзанд ҳам соғлом бўлади, соғлом вояга етади. Миллат генофондини асрашда бу жуда муҳим!

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

«Ўзбекистон овози», 5.06.2023, №23

 

Маълумот учун:

Статистика агентлигига кўра, 2024 йилнинг 1 апрель ҳолатига Ўзбекистон Республикасининг демографик кўрсаткичлари қуйидагича ифодаланади:

— эркаклар сони – 18,6 млн. киши;

— аёллар сони эса 18,4 млн. нафар.

Шаҳарда 18,9 млн киши яшаса, қишлоқларда бу кўрсаткич 18,1 млн кишини ташкил этмоқда.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш