Қонунчилик палатасидаги ХДП фракцияси аъзоси М.Ўразалиева, ЎзХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизлар билан ишлаш сектори мудири Г.Асатова ҳамда партиямизнинг Жиззах вилоят Кенгаши раиси Н.Холматов, маҳаллий кенгаш депутатлари, партиянинг масъул ходимлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари Ш.Рашидов туманидаги “Бобур” маҳалласида бўлди.
Унда “Бобур”, “Қораянтоқ”, "Туёқли" маҳаллаларида истиқомат қилувчи хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказилди ва дилдан суҳбатлашилди. Уларни ўйлантираётган масалалар, қийнаётган муаммолар ечимини топишга ҳаракат қилинди.
Дастлаб тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, оила ва жамиятдаги нуфузини янада ошириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, қабул қилинаётган Қонун, қарорлар ҳақида, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган хотин-қизларни ўқитиш, касб-ҳунарли қилиш, бандлигини таъминлаш, турмуш шароитларини яхшилаш учун берилаётган имтиёзлар, имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбир қизғин баҳс-мунозара ва савол жавобларга бой тарзда давом этди. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар ўз муаммоларини ҳал этиб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаатлар қилишди. Уларнинг мурожаатлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Вилоят ва туман кенгаши депутатлари кўмагида ҳал этилиши келишиб олинди.
Тадбир сўнггида касб-ҳунар ўрганиш курсини тамомлаган бир гуруҳ хотин-қизларга 5 млн, 15 млн сўмлик кредитлар ва тикув машиналари олиш учун сертификатлар топширилди, партия ва ҳомийлар томонидан 6 нафар аёлга озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Тадбирдан сўнг хонадонларга ташриф буюрилди, суяк емирилиши касаллиги билан оғриган Гулчеҳра Эшматовага қўлтиқ таёқ ҳамда Марҳабо Ҳакимовага бепул даволаниши учун ордер берилди.