Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик, дўстлик мустаҳкам ришталар билан боғланган. Халқларимиз ўртасидаги биродарлик узоқ ўтмишдан, бир илдиздан сув ичади.
Шундан бўлса керак, охирги йилларда иқтисодий, савдо-инвестициявий ва яна бошқа кўплаб соҳаларда ҳамкорлигимиз тез ривожланмоқда. Улкан ва халқларимиз учун муҳим лойиҳалар ўзаро муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга расмий ташрифи ҳар икки давлат ва халқларимиз учун катта воқеликка айланди.
Аминмизки, икки мамлакатда ҳам кенг жамоатчилик турли тадбирлар ва давраларда, оилалардаги суҳбатларда бу ташриф ҳақида, халқларимиз ўртасидаги қардошлик, қондошлик ҳақида кўпдан кўп илиқ сўзлар айтилди, айтилмоқда.
Анқара шаҳрида икки давлат раҳбарлари раислигида ўтган Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши реал натижаларга бой бўлди. Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат, “яшил” энергетика, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, давлат-хусусий шериклик дастури доирасида ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу нима дегани? Бу турли соҳаларда ҳамкорлик ривожланса, икки мамлакат фуқаролари ўртасида борди-келди муносабатлари янада мустаҳкам бўлишига, ижтимоий-иқтисодий масалалар самарали ҳал этилишига, минтақада ва халқаро майдонда бир-бирини тушуниш ҳамда қўллаб-қувватлаш кенгайишига заминни мустаҳкамлайди.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.