Куни кеча бир гуруҳ фракция аъзоларимиз иштирокида Қонун ташаббус қилинди. Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Умумхалқ референдуми асосида янги таҳриридаги Бош қомусимиз қабул қилинди. Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди. Хусусан, 37-моддада Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга эканлиги белгиланди, 28-моддада эса «Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас» деган қоида белгиланди. Бу эса партиямизнинг сайловолди дастурида илгари сурган ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат тамойилларига тўлиқ мос келади.
Бироқ бугунги кунда фуқароларни уларнинг яқин қариндошларида судланганлик, шу жумладан тугалланган судланганлик ҳолати мавжудлиги сабабли ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этиш ҳоллари учраб турибди. Ҳеч кимга сир эмаски, шу пайтгача давлат хизматларига ишга киришда қариндош уруғининг ёки шахснинг яқин қариндошлари ва ўзи судланган бўлса, иш берувчи томонидан иш берилмасди. Бу эса фуқароларимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб, уларнинг ҳуқуқлари бузилиб келаётганди. Иқтидорли ва салоҳиятли кадрларимизнинг ишга кириш орзуси орзулигича қолиб кетаётганди. Кўп йиллик ижрода ишлаган инсон сифатида бу каби масалага кўплаб дуч келганмиз. Шундай билимли, салоҳиятли кадр яқин қариндоши судланганлиги учун бошқа лавозимга ўта олмаган ҳолатлари инсонлар умидини сўндириб, келажагига ишончини сўндирарди.
Эндиликда ХДП фракцияси ташаббуси билан «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси “Қариндошининг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизматига қабул қилинишидаги ва уни ўташдаги ҳуқуқлари чекланиши учун асос бўлиши мумкин эмас” нормаси билан тўлдирилмоқда. Бу норма давлат хизматларига ишга кирмоқчи бўлган фуқаронинг қариндошлари судланган бўлса ҳам ишга кириши мумкинлигини ва олдинги тақиқни олиб ташлашга хизмат қилади.
Шунингдек, фуқароларни ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишни тақиқлаш, шунингдек фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва уларнинг меҳнат муносабатларида қўшимча кафолатлар яратиш мақсадида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Меҳнат кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур Қонун фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари ҳимоясининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга, шунингдек меҳнат муносабатларида тенг имкониятлар яратилишига хизмат қилади.
Мавжуда Ҳасанова Ғаниевна,
Қонунчилик палатаси депутати