Арзон электр таъминоти тизимини яратиш учун ҳуқуқий асослар шакллантирилади

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилишди.

Мазкур қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида ишончли, хавфсиз, барқарор ҳамда арзон электр таъминоти тизимини яратиш учун ҳуқуқий асосларни шакллантириш орқали саноатни ривожлантириш, иқтисодий ўсишни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришдир. Шунингдек, истеъмолчиларнинг нархлар, ишончли электр таъминоти ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш, самарали, шаффоф ва рақобатбардош электр энергияси бозорининг ривожланишини қўллаб қувватлаш ва хусусий инвестицияларни рағбатлантиришдан иборатдир.

Қонун билан электр энергетика корхоналарининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилаш ҳамда уларнинг ўзаро ва давлат ҳокимияти органлари билан муносабатларининг ҳуқуқий асосларини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, электр энергетика секторининг шаффоф ва дискриминацияга йўл қўймаслик тамойилига асосланган ҳолда фаолият олиб боришини таъминлаш мақсадида электр энергетика корхоналарининг бўлинишига доир қоидаларни ишлаб чиқишга эътибор қаратилган.

Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар унинг муҳимлигини, энергия таъминоти тизимининг хавфсизлигини таъминлаш ва бу тизимни такомиллаштиришга хизмат қилишини эътироф этган ҳолда саволлар билан мурожаат қилишди. Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши электр таъминотининг узлуксизлиги, хизмат кўрсатиш нуқтаи назаридан истеъмолчиларни, хусусан аҳолининг заиф қатламига алоҳида эътибор берган ҳолда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилиб, ҳужжат маъқулланди.

Йиғилишда шунингдек, “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш” тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Сўнгги йилларда иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини кучайтириш учун қулай шароит яратиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш ҳамда ижтимоий соҳа ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Қонун лойиҳасининг асосий мақсади энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасини ривожланган давлатлар моделида шакллантириш, соҳани рағбатлантириш, ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини яратишдан иборатдир.

Шунингдек, қонун - ҳосил қилинаётган электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ва бошқа ноанъанавий энергия ресурсларидан иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада янада оқилона ва самарали фойдаланишнинг, энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини ва замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш хизматларини кўрсатишнинг соҳалараро мустақил ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш вазифаларини белгилаб беради.

Шу билан бирга, мазкур қонун республика иқтисодиёти рақобатбардошлиги, молиявий барқарорлиги, энергетика ва экология хавфсизлигини ошириш, энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш салоҳиятини кўтариш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш тартиб-тамойилларини белгилайди.

Қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилгач, депутатлар томонидан маъқулланди.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш