ЎзХДП Марказий Кенгашининг пленуми бўлиб ўтди
ЎзХДП Марказий Кенгашининг пленуми бўлиб ўтди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. Унда Марказий Кенгаш аъзолари, ҳудудий партия кенгашлари раҳбарлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳлари аъзолари, фаоллар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, дастлаб парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси, партия Ижроия қўмитаси фаолияти натижалари ва долзарб вазифалари кўриб чиқилди. Партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов мазкур масалалар бўйича атрофлича ахборот бериб, устувор йўналишларга эътибор қаратди.

 

Фракция аъзолари 206 та қонун лойиҳаси юзасидан электорат вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини акс эттиришга қаратилган таклифларни билдирганлиги, 2600 дан ортиқ фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг аксариятига ечим топилганлиги қайд этилди.

Шунингдек, партия 2019 йилги парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловда 82 та мақсадни белгилаб олганлиги, ҳозирга қадар уларнинг 70 дан ортиғи амалга ошгани ҳақида маълумот берилди.

Пленумда фракция аъзоларининг фаолиятини янада кучайтириш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ижро этувчи органлар масъулиятини кучайтириш, партия ва депутатлик корпуси билан фаол ҳамкорлик қилиш бўйича тавсиялар билдирилди.

Пленумда қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда партия Уставини такомиллаштиришга эҳтиёж сезилаётгани қайд этилди. Партия Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича комиссия тузилди ҳамда комиссия олдига Уставни такомиллаштириш жараёнида илғор хорижий тажрибани ўрганиб, муҳим йўналишларда асосланган таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2023 йил бюджетининг ижроси ва 2024 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари кўриб чиқилди, партия марказий ва минтақавий, туман (шаҳар) кенгашларнинг янги ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

Пленумда муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

 

 

 

Теглар

Пленум
← Рўйхатга қайтиш