Болаларнинг таълим олиш ҳуқуқлари ҳимояланади
Болаларнинг таълим олиш ҳуқуқлари ҳимояланади

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Маълумотларга қараганда ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз болаларининг умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки профессионал таълимни тамомламасидан туриб диний таълимга жалб қилиш учун ҳужраларга ёки таълим беришга рухсатномаси ва лицензиясига эга бўлмаган шахсларга бириктириш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ўз навбатида, қонунга хилоф диний фаолиятларга қарши курашишга қарамасдан ноқонуний диний таълим олиш эҳтиёжининг кўпайишига уларнинг сони ортишига сабаб бўлмоқда.

Вояга етмаган шахсларнинг дунёвий билим ва дин тарихини ўзлаштирмасдан, қонунга хилоф диний фаолият билан шуғулланувчи таълим муассасалари ва шахслардан диний таълим олиши уларнинг турли ёт ғоялар домига тушиб қолиши эҳтимолини кучайтиради.

Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болаларни қонунга хилоф равишда диний таълимга жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш зарурати юзага келмоқда.

Қонун лойиҳаси билан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилмоқда. Шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки профессионал таълимни тамомламаган болани диний таълим олишга жалб қилмаслик мажбуриятини юклаш бўйича “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига қўшимча киритилиши кўзда тутилмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳасининг долзарблигини инобатга олиб, болаларнинг таълим олиш соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ саволлар билан мурожаат қилишди. Фикр-мулоҳазалар алмашилгач, болаларнинг диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари қурбонига айланишининг олдини олишга хизмат қилувчи қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Фракция йиғилишида шунингдек, «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасига қўшимча киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Мазкур Қонун билан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан турар жой билан таъминлашда мазкур кўчмас мулкларни уларнинг номига расмийлаштириш бўйича нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнида давлат божини тўлашдан озод қилиш белгиланмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳаси партия электорати манфаатларига тўла мос келишини эътироф этиб, ҳужжатни бир овоздан маъқуллашди.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш