Янги Ўзбекистон бунёдкорлари
Янги Ўзбекистон бунёдкорлари

 

Мамлакатимизда, мана 7 йилдирки, июнь ойи «Ёшлар ойлиги» сифатида кенг қамровли тадбирлар билан ғоятда қизғин ўтиши, 30 июнь – Ёшлар куни юксак даражада нишонланиши яхши анъанага айланди. Юртимиз аҳолисининг улкан ва фаол қисми бўлган навқирон авлод вакиллари билан ишлаш, уларнинг илм олиши, ижтимоий қўллаб-қувватланиши ва бошқа ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, салоҳияти ва қобилиятини ривожлантириши учун замон талаблари асосидаги шарт-шароитларни яратиш, бир сўз билан айтганда, ёшларга оид давлат сиёсатининг амалий ижроси ҳамда самарадорлиги яққол намоён бўлиб бормоқда.

Демак, ўтган ҳафта якунига етган ёшлар ойлигининг муҳим воқеаларидан бири, шубҳасиз, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июнь куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар сарҳисоби, янги вазифа ва таклифлар муҳокамасига бағишлаб видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Ундан сал аввалроқ Кўксаройда мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ёшларга «Келажак бунёдкори» медали ҳамда «Мард ўғлон» давлат мукофоти топширилди. 30 июнь куни эса Президент Ўзбекистон ёшларига байрам табриги йўллади.

 

Илм-фан – ягона нажот

БМТ таснифига кўра, ёшлар қатлами 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган йигит-қизларни қамраб олади ва бугунги кунда улар сони 1,8 млрд атрофида бўлиб, дунё аҳолисининг 22,5 фоизини ташкил қилмоқда. Инчунун, Ўзбекистон ҳам ёшлар мамлакати сифатида жаҳон майдонида ўзининг муносиб ўрнини эгалламоқда.

Таъкидланганидек, охирги етти йилда ёшлар ҳимоясига оид юздан зиёд қонун ва қарорлар қабул қилиниб, ушбу қатлам вакиллари учун 200 дан ортиқ имтиёзлар берилди.

Биргина ўтган даврда таълим кредитидан 151 минг ёшлар фойдаланган. Эҳтиёжманд оиладан бўлган яна 110 минг талабанинг шартнома тўлови тўлаб берилган. «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали АҚШ ва Буюк Британиянинг энг нуфузли университетларини 50 нафар йигит-қиз битирди. Бугунги кунда уларда ўқиётган ёш ватандошларимиз 200 нафардан ошди. Умуман, 110 минг ёшларимиз хорижда таҳсил олмоқда.

Дарҳақиқат, Президент таъбири билан айтганда, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч - бу илм-фан, таълим-тарбиядир. Ҳозирги мураккаб, таҳликали замонда ягона нажот ҳам шунда. Ёшларга оид сиёсатда мазкур масалага кенг урғу берилаётгани, ўсиб келаётган авлоднинг маърифатли, маънавиятли, замонавий дунёқараш эгалари бўлиб камолга етиши учун барча имкониятлар сафарбар этилаётгани бежиз эмас.

Видеоселектор йиғилишида Президент мактабининг баҳолаш тизими 500 та мактабда жорий қилиниши натижасида бир йилнинг ўзида билимларни ўзлаштириш 53 фоиздан 60 фоизга ошгани, бу тизим янги ўқув йилидан яна мингта мактабда йўлга қўйилиши маълум қилинди.

Бу йил республикамиздаги мактабларни 14 мингдан зиёд ўқувчи олтин ва кумуш медаллар билан битирди. «Катта бешлик» фан олимпиадаларида қўлга киритилган медаллар охирги тўрт йилда 2 карра кўпайди.

Давлатимиз раҳбари ёшларда билим ва янги ғоялар кўплиги, уларга шароитлар янада кенгайтирилиши зарурлигини қайд этиб, галдаги вазифаларга тўхталди. Жумладан, мамлакатимиз жадал ривожланиши учун «тўртинчи саноат» касблари сув-ҳаводек зарурлигидан келиб чиқиб, ёшларнинг физика, кимё, биология, технология, муҳандислик, математика билан боғлиқ касбларга қизиқишини ошириш учун янги тизим шакллантирилади. Олий ўқув юртлари қошидаги жами 73 та академик лицейда тажриба тарзида «Халқаро бакалавриат» ва «A-Level» дастури жорий қилинади. Бу дастурлар асосида сертификат олган ўқувчилар ўша олийгоҳга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилинади.

«SAT» тестида 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар мамлакатимиз университетларига ҳам грантга қабул қилинади.

Ногиронлиги бўлган ёшларга чет тили бўйича миллий сертификат олишда компьютерда имтиҳон топшириш шароити яратилади.

Ёшларимиз халқаро олимпиадаларнинг назарий қисмида ҳар доим юқори натижаларга эришса-да, лаборатория машқларини бажаришда пастроқ балл олаяпти. Шу боис энди Президент мактаблари агентлиги қошида Олимпиадаларга тайёрлаш маркази очилиб, махсус лабораториялар билан жиҳозланади. Халқаро олимпиадада қатнашувчи терма жамоа режа асосида ушбу марказда тайёргарлик кўради. Бунинг учун ҳар бир фан бўйича малакали олим ва хорижий мутахассислар жалб қилинади.

Шу билан бирга олий ўқув юрти, вазирлик ва корхоналарга тегишли лабораторияларнинг ягона онлайн платформаси яратилади. Бундай илмий марказлар Тошкент техника, Самарқанд ва Урганч давлат университетларида ҳам ташкил қилинади. Ёш олимлар тадқиқотлари учун керак бўлган ускуна, бутловчи қисм ва кимёвий воситалар бож тўловларидан озод этилади.

 

Глобал ишсизликдан ҳимоя қилиш

Аёнки, ёшлар ўртасидаги ишсизлик муаммоси нафақат ривожланаётган, балки ривожланган давлатларда ҳам жиддий ташвиш уйғотмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан маълум қилинишича, жаҳонда 15-24 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси катта ёшлиларга қараганда уч баравардан кўпроқдир. ХМТ экспертлари 2024 йилда глобал ишсизлик ва ижтимоий тенгсизлик даражаси ортишини башорат қилаётир. Рақамларда келтирилишича, ишсизлар армияси яна икки миллион нафарга ошади, бу эса глобал ишсизлик даражаси 5,2 фоизга етишига туртки беради. Бинобарин, 2023 йилда юқори даромадли мамлакатларда ишга талабгорлар улуши 8,2 фоизни, кам даромадли мамлакатларда эса бу кўрсаткич 20,5 фоизни ташкил этган. Юқорида айтилганидек, ишсизлик инқирозларидан азият чекаётган асосий қатлам одатдагидек ёшлар бўлиб қолмоқда (манба: UN News).

Мана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистонда ёшлар ўртасида бандлик даражасини ошириш, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқларини кафолатлаш нечоғлик долзарб эканини яққол ҳис қилиш мумкин. Ахир республикамиз меҳнат бозорига ҳар йили ўртача 600 минг нафар навқирон авлод вакиллари кириб келаётгани, келгуси ўн йилда мазкур рақам нақд бир миллионга етиши – бу ҳазилакам гап эмас. Ёшлар сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бўлган бандлик чора-тадбирларини таъминлаш ғоятда жиддий ва пухта ёндашувни талаб этади.

Йиғилишда ушбу йўналишда ҳам сезиларли натижаларга эришилаётгани айтиб ўтилди. Келтирилишича, «Оилавий тадбиркорлик» дас турлари доирасида берилган кредит эвазига 1 миллион ёш банд бўлди. 205 та «Ёшлар саноат зонаси»да 1 минг 200 та лойиҳа ишга туширилди. Ҳозирда бизнесдаги айланма маблағини миллион доллардан оширган 1 ярим минг нафар ёш тадбиркорлар бор.

Бугунги кунда ахборот технологиялари соҳасида ўзини ўзи банд қилган ёшлар 50 мингдан ошди. Қўшилган қиймат яратиб, хизматларни экспорт қилаётган бундай ёшлар учун катта имкониятлар очиб берилади.

Хусусан, 1 августдан бошлаб, бу соҳада ўзини ўзи банд қилган ёшларга IT-парк резиденти мақоми берилади. Улар уч йил муддатга барча солиқлардан озод қилинади. IT-парк томонидан уларга тиббиёт, спорт ва офисдан фойдаланиши учун «ижтимоий карта» берилади.

Ёшларни катта даромад келтирадиган касбларга ўргатиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар агентлиги тизимига ўтказилади. Лойиҳанинг тайёр бизнесга айланиб, даромад келтиришгача барча жараёнда кўмаклашилади. 14 та туман танлаб олиниб, «тўртинчи саноат» касбларига ўқитиш маркази очилади.

Жамғарма томонидан ҳудудлардаги Ёшлар саноат зоналарида бинолар қурилиб, «саноат ипотекаси» асосида юқори қиймат яратадиган лойиҳалар учун ёшларга 7 йилда бўлиб тўлаш шарти билан берилади. Бунда биринчи йили тўлов ундирилмайди.

Ҳар бир вилоятдаги биттадан Баркамол авлод марказида «Креатив саноат парклари» ташкил қилиниб, уларга IT-парк резидентлари учун назарда тутилган имтиёзлар берилади. Бу жойлар ёш тадбиркорлар, илм ва бизнес ўртасида мулоқот майдончаси бўлади. Жамғарма бу ердаги ёшларнинг «стартаплари»га уч йилга 100 миллион сўмгача ссуда беради.

Магистрал йўллар бўйида 50 мингта кўчма савдо нуқталари ташкил қилиниб, ёшларга ижарага берилади. Бунда дастлабки 6 ойда ёшлар ижара ҳақи ва солиқ тўламайди. Шунингдек, меҳнат ярмаркалари ташкил этиш орқали 350 минг ёшлар ишга жойлаштирилиб, 100 минг нафари қурилиш ишларига жалб қилиниши орқали бандлиги таъминланади.

 

Келажак авлод тарбиячилари

ХХ аср бошларида маърифатпарвар жадидларимиздан Абдулла Авлоний «Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар», деган эди. Худди шу маънода юртимизда айнан қизларнинг узлуксиз таълим олиши, касб-ҳунарли бўлиш, турли жабҳада иқтидорини намоён этиши учун кўмаклашишдек эзгу мақсад йўлида давлат томонидан тизимли чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда. Олий ўқув юртларида қизлар учун махсус квоталар ажратилаётгани, керак бўлса, шартнома тўловлари давлат бюджетидан қоплаб берилаётгани, имтиёзли кредитлар ажратиш орқали қўллаб-қувватланаётгани таҳсинга лойиқ. Рақамлардан кўринадики, бугунги кунда республикамиздаги ОТМда таълим олаётган 1 миллион 300 минг нафарга яқин талабанинг ярмидан кўпи қизлардан иборат ва уларда аниқ фанларга, замонавий касбларга бўлган қизиқиш ортаётгани алоҳида эътироф этиляпти. Ўзбек қизлари бугун ривожланган давлатлардаги нуфузли олийгоҳларда илмий изланишлар олиб бораётир.

Ёшлар билан мулоқотда қизларга кўмаклашиш, шароитларини яхшилашга эътибор давом этиши маълум қилинди. Оғир шароитга тушиб қолган хотин-қизлар учун барча ҳудудларда бир хонали ижтимоий уйлар қуриладиган бўлди. Улар ишга жойлашиб, «оёққа туриб олгунга қадар», ушбу уйларда уч йил давомида бепул яшайдилар. Соғлиги туфайли ишга қатнай олмайдиган қизлар касаначилик ёки масофавий иш билан таъминланади. Бундан ташқари, уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилади.

Йиғилишда юртимиз ҳудудларидан қатнашган ва хорижда ўқиётган ёшлар ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

«Ёшларимиз ҳаётда муносиб ўрнини топиши учун бундан кейин ҳам бор куч ва имкониятларни тўлиқ ишга соламиз. Сизлар мамлакатимизнинг ишончи ва таянчи, келажагимиз бунёдкорларисиз», деди уларга қарата давлат раҳбари.

 

Мухлиса ҒАНИЕВА,

ХДП Марказий Кенгаши консультанти:

– Ҳар бир давлат ва жамият ўз эртасини, тақдирини ёшлари тимсолида кўради. Илмли, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаган, қалбида ватанпарварлик туйғуси кучли, шижоатли ва ташаббускор фарзандлари бор юртнинг иқболи порлоқдир.

Президентимиз раислигида фаол ёшлар вакиллари иштирокида ўтган видеоселектор йиғилишида навқирон авлод манфаатларини таъминлаш қамровини кенгайтириш юзасидан яна бир қанча устувор вазифалар белгилаб берилди. Бу ғоя-ташаббусларнинг амалга ошиши, аниқки, биз ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очади, янги зафарлар сари рағбатлантиради.

Биламизки, давлатимизнинг ёшларга оид сиёсати бугун халқаро миқёсда бирдек тан олинмоқда. Масалан, ўтган йили Ёшлар тараққиёти индексига кўра, Ўзбекистон ёшлар сиёсати соҳасида энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бири, деб эътироф этилди. Шунингдек, БМТ томонидан «Ёшлар стратегияси – 2030»ни намунавий тарзда амалга ошириш бўйича танлаб олинган 10 та мамлакатдан бир ҳам айнан Ўзбекистондир. 2022 йилда кўҳна Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлари пойтахти, 2024 йилда эса азим Тошкентимиз – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги минтақасида биринчи ёшлар пойтахти деб эълон қилинди.

Буларнинг бари манзилли ва кенг қамровли ёшларга оид давлат сиёсатининг тизимли амалга оширилаётганидан далолат беради.

 

Муҳсиддин НИЗОМИДДИНОВ,

ХДП Марказий Кенгаши Ёшлар сектори раҳбари:

– Давлатимиз раҳбари Ёшлар куни муносабати билан йўллаган байрам табригида сўнгги йилларда юртимизда ёшлар билан ишлаш бўйича дунёда ўхшаши кам бўлган вертикал бошқарув тизими яратилгани таъкидлаб ўтилди. Маҳаллалардаги ёшлар етакчилари орқали юзлаб, минглаб йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ долзарб масалалар қуйи бўғиннинг ўзида ҳал қилинаётганига эътибор қаратилди. Айниқса, «Ёшлар дафтари», «Ёшлар баланси» платформаси асосида олиб бораётган кенг кўламли ишлар қанчадан-қанча тенгдошларимиз ҳаётида янги саҳифа очмоқда. Ҳеч бир йигит-қиз ўзини давлат ва жамият эътиборидан четда ҳис қилмаяпти.

Яширишнинг ҳожати йўқ, қишлоқ ёшлари орасида ишсизлик муаммоси анчайин долзарб. Тайинли иши ва даромад манбаи йўқ бу ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш бўйича янги тизим жорий қилингани, бу йилнинг ўзида «маҳалла еттилиги» тавсияси билан 156 минг ёшга 60 минг гектар ер майдони 30 йил муддатга ижарага берилгани айни муддао бўлмоқда.

Президентимиз турли соҳаларда ютуқларни қўлга киритаётган тенгдошларимиз ҳақида сўз юритар экан, «Янги Ўзбекистон ёшлари» деган шарафли номга ҳар томонлама муносиб бўлган бундай йигит-қизлар бизнинг бебаҳо бойлигимиз, олтин фондимиздир» дея юксак ишонч билдирди. Мана шундай ишончга муносиб бўлиш ҳар биримиз учун виждон ва ғурур ишига айланмоғи керак.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 3.07.2023, №26

 

 

 

 

Теглар

Ёшлар қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш