Ҳоким ва Кенгаш раиси ваколатлари ажратилмоқда
Ҳоким ва Кенгаш раиси ваколатлари ажратилмоқда

 

Ҳоким номзоди кўриб чиқилаётганда у ҳудудни ривожлантириш дастурини халқ депутатлари Кенгашига тақдим этиши тартиби белгиланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг кеча бўлиб ўтган ялпи мажлисида «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида маҳаллий давлат ҳокимиятининг конституциявий асослари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси атрофлича муҳокама этилди.

Лойиҳага кўра, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Хусусан, маҳаллий Кенгашларга депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши, жамоатчилик асосида фаолият юритиши ва у муддатидан олдин лавозимдан озод қилиниши мумкинлиги белгиланмоқда.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари лойиҳадаги айрим меъёрлар юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасида халқ депутатлари Кенгаши раисини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётганда Кенгаш доимий комиссия раисларидан бири сессияга раислик қилади, деб ёзилган. Кейинги моддаларда бу меъёрга қарама-қарши жиҳатлар турибди.

18-моддада эса халқ депутатлари Кенгаши сессияларини чақириш ва ўтказиш, сессия муҳокамасига масалалар киритиш ва уларни кўриб чиқиш, халқ депутатлари Кенгаши органларини ташкил этиш ва сайлаш, уларнинг фаолиятига доир ҳисоботларни тинглаш, Кенгаш сўровларини, депутатлар сўровларини, қарор лойиҳаларини кўриб чиқиш, овоз бериш, қарорларни эълон қилиш, сессияга таклиф этиладиган шахслар сонини аниқлаш тартиби, шунингдек, депутатларнинг масъулияти ва сессия ишини ташкил этишга доир бошқа масалалар халқ депутатлари Кенгашининг иш тартибига мувофиқ белгиланади, деб ёзилган. Аммо Кенгаш текшируви киритилмаган. Бу ҳам асосий концептуал масалалардан бири, деб ҳисоблайман.

 

Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига янги ваколатлар бериляпти. Мисол учун, ҳар йили Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсманнинг) минтақавий вакилининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитиш назарда тутилмоқда. Лекин Болалар омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилинди ва уларнинг минтақавий вакиллари бор. Улар ҳам маҳаллий Кенгашларга ахборот бериши керак. Ушбу жиҳат ҳам эътибордан четда қолган. ИИВнинг ҳудудий бошқармалари ҳар чоракда ҳисобот бериши Президент фармонида кўрсатиб ўтилган бўлса-да, қонун лойиҳасида бу муддат ҳар 6 ойда шаклида ўзгартирилган. Умуман олганда, концептуал жиҳатдан яна бир бор кўриб чиқилиши керак бўлган жиҳатлар оз эмас.

Ялпи мажлисда депутатлар яна қатор меъёрлар юзасидан ўз фикрларини билдирди. Таклиф ҳамда муносабатлар муҳокама қилинди. Умуман, қонун лойиҳасидан ўрин олган меъёрлар жойларда ҳокимиятлар бўлинишини тўлақонли рўёбга чиқаришга ва ҳудудий бошқарувни «аҳоли манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида йўлга қўйишга имкон бериши ҳамда қонунчиликни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштиришини инобатга олган ҳолда, депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлади. Улар томонидан билдирилган таклифлар иккинчи ўқишгача кўриб чиқилишига келишиб олинди.

Умумий ўрта таълим ташкилотларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати тўғрисидаги парламент сўрови кўриб чиқилди. Гап шундаки, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан мазкур соҳаларда олиб борилаётган ишлар ҳамда уларнинг натижадорлиги устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилиб, соҳаларни тартибга солишга доир қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиш ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилиб келинмоқда.

Ўрганишлар якунлари, шунингдек, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили ечимини кутаётган долзарб масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, бугунги кунда республикадаги 10165 та умумтаълим мактабининг 1503 тасида тиббиёт хоналари мавжуд эмас, мавжуд тиббиёт хоналари ҳам зарур жиҳозлар билан етарлича таъминланмаган.

Шунингдек, республикадаги умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган педиатр шифокорлар сони 6357 нафарни ташкил этиб, улардан 890 нафари (14,0 фоиз) доимий ишлайди, 5467 нафари (86,0 фоизи) бириктирилган, ўрта тиббиёт ходимлари сони эса 10176 нафар, улардан 7799 нафари (76,6 фоизи) доимий ишлайди, 2377 нафари (23,4 фоизи) бириктирилган.

2023 йилда ўтказилган тиббий кўриклар натижалари таҳлилига кўра, мактабларда таҳсил олаётган 5 954 321 нафар боладан 5 797 691 нафари (97,4 фоизи) тиббий кўрикдан ўтказилиб, 1 615 695 нафар (27,9 фоиз) болаларда турли касалликлар аниқланган.

Маълумотлардан келиб чиқиб, мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.Умаровага парламент сўрови юборилган эди. Фракция аъзолари вазирлик жавобини эшитди ва ўз муносабатини билдирди. Тегишли тартибда қарор қабул қилинди.

Палата мажлисида, шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг таклифи билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Мусаевнинг «2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 10.07.2023, №27

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш