Мустаҳкам ҳамкорликлар сари
Мустаҳкам ҳамкорликлар сари

 

Халқаро майдондаги геосиёсий вазият амалдаги дунё тартиботи устунлари дарз кетганини кўрсатмоқда. Бундай жараёнда жаҳон саҳнидаги ҳар бир актор янги ўрнатиладиган дунё тартиботида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлиш учун кураш олиб бориши ҳаётий масала. Шу оламнинг ажралмас ва тенг ҳуқуқли аъзосиЎзбекистон олиб бораётган ички ва ташқи сиёсат эзгу мақсадларга нақадар содиқ эканимизни кўрсатмоқда, бунга дунё гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Президенти иккита йирик ташкилотнинг йиғилишида иштирок этди. Булар, Остонада ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг йиғилишидир.

 

ШҲТда янги ҳамкор

ШҲТнинг бу галги йиғилиши унга янги аъзо Белоруснинг қабул қилиниши билан ўзгача тарихийлик касб этди. Энди унинг 10 та тенг ҳуқуқли аъзоси мавжуд. Бу ўз-ўзидан Ташкилотнинг халқаро майдондаги нуфузининг янада ошишига олиб келади.

Шу тариқа ШҲТ дунё аҳолисининг деярли 40 фоиздан ортиғини, умумий ялпи ички маҳсулотнинг 4/1 қисмини қамраб олган гигант ташкилотга айланиб улгурди.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо айланмаси 2023 йил якунлари бўйича 20 фоизга, жорий йил бошидан буён эса яна 15 фоизга ўсган.

Саммитда сўзга чиққан давлатимиз раҳбари халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва тамойиллари тез-тез бузилаётганини, тобора кучайиб бораётган инқироз ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича жаҳон ҳамжамиятида мавжуд бўлган воситалар, афсуски, ўзининг самарадорлигини йўқотганини таъкидлади.

Бундай мураккаб вазиятда ШҲТнинг асоси бўлган тамойилларга содиқлигимизни сақлаш ва янада мустаҳкамлаш фавқулодда муҳимлиги, айни шу тамойиллар Ташкилотни бугунги ютуқларга етаклагани айтилди.

Ш.Мирзиёев келгусида ҳам «Шанхай руҳи»нинг мустаҳкам замини бўлган тамойиллар – ўзаро ишонч ва манфаат, тенглик, маданиятлар ранг-баранглигига ҳурмат ва умумий тараққиётга интилиш, қарорлар қабул қилишда консенсус тамойилининг ўзгармаслиги ва Ташкилотнинг блоклардан холи мақомини сақлаб қолиш, унинг очиқлиги, учинчи мамлакатларга қарши қаратилмагани, иқтисодий, ҳарбий ва сиёсий салоҳиятидан қатъи назар, барча иштирокчиларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва суверенитетини ҳурмат қилишга қатъий риоя этиш муҳим, деб таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ШҲТ олдида турган энг долзарб вазифаларга тўхталди. Булар:

Биринчи. Глобал даражада ишонч тақчиллиги мисли кўрилмаган даражага чиққан шароитда умумий хавфсизлигимизни таъминлашда янги ёндашувларни излаш зарурати ўсиб бораётгани сабабли, ҳозирги пайтда умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамжиҳатлик бўйича Ўзбекистон томони илгари сурган Самарқанд ташаббусининг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам долзарблиги таъкидланди.

ШҲТнинг Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодекси қабул қилиниши ҳозирги янги шароитда мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имконини беради, деди Президентимиз.

Иккинчи. Иқтисодий соҳада ҳамкорлик бўйича стратегик юксалишга эришиш.

ШҲТ доирасида савдо жараёнларини соддалаштириш бўйича битимни ишлаб чиқиш вақти келгани, ҳужжатга савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, техник регламентлар ва сертификатлаш, фитосанитария ва ветеринария назорати тизимларини яқинлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни киритиш мумкинлиги санаб ўтилди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари трансчегаравий электрон тижоратни ривожлантириш бўйича жаҳондаги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу соҳада амалдаги рақамли савдо платформалари интеграциясини кўзда тутувчи ҳамкорлик дастурини тайёрлашни таклиф этди.

Учинчи. Саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш.

Ўзбекистон етакчиси энг аввало, инфратузилма, саноатнинг юқори технологияли тармоқлари ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф этиб, бунда ушбу лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини пухта ўйлаб кўриш, ШҲТ Жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга қайтиш муҳимлигини айтиб ўтди.

Тўртинчи. «Шарқ–Ғарб» ва «Шимол–Жануб» йўналишлари бўйича инклюзив транспорт тизимларини шакллантириш мамлакатларимиз иқтисодий салоҳиятини самарали ривожлантириш имконини бериши қайд этилди.

Президентимиз транспорт йўлаклари кўп вариантли бўлиши – бу бутун минтақа барқарор ривожланишининг энг муҳим шарти эканини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Логистика жараёнларини рақамлаштириш режасини ишлаб чиқиш, шу жумладан, мамлакатларимиз чегаралари орқали ўтадиган маҳсулотлар ҳақидаги маълумотларнинг электрон алмашувини ташкил этишни таклиф қилди.

Бешинчи. ШҲТ маконида замонавий ва ишончли энергетика инфратузилмаларини кенгайтириш масаласига урғу берилди.

Ўзбекистонда «яшил» энергетикани жадал ривожлантириш бўйича катта дастур қабул қилингани, йилига икки гигаватт қувватли қуёш ва шамол электр станцияларининг ишга туширилаётгани, саноат даражасида «яшил» водород ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш бошлангани айтилди.

Давлатимиз раҳбари қайта тикланадиган энергетикага инвестиция ва технологияларни жалб этишни рағбатлантириш бўйича ҳамкорликнинг комплекс режасини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Олтинчи. Жадаллаштирилган рақамли трансформация.

Рақамли иқтисодиётга ўтиш, «сунъий интеллект»ни, илғор IT қарорларни жорий этиш мамлакатларимиз рақобатбардошлигида ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Шу борада билимлар, тажриба ва энг яхши амалиётлар алмашуви, IT паркларнинг тизимли ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида «ШҲТ келажак технологиялари» дастурини ишлаб чиқиш тарафдоримиз, деди Президентимиз.

Еттинчи. Ижтимоий ривожланиш ва ҳимоя соҳасида ШҲТ мамлакатлари ҳамкорлиги бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Ишончим комилки, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтириш ва ҳудудларни, биринчи навбатда, қишлоқ жойларни ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни амалга ошириш 2030 йилгача мўлжалланган энг муҳим мақсадларга эришиш йўлида умумий ҳисса бўлади, дея қўшимча қилди давлатимиз раҳбари.

Сўнгги саккизинчи масалада эса ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларни етказиб бериш имкониятлари номма-ном акс эттирилган мамлакатларимизнинг агросаноат соҳасидаги салоҳияти ҳақидаги маълумотларни бирлаштирадиган «ШҲТ озиқ-овқат хавфсизлиги атласи» қўшма электрон платформасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Президентимиз нутқи якунида ШҲТни янада ривожлантириш жараёнлари тарафдори эканимизни ва Ташкилотнинг фаолиятини такомиллаштириш ҳақидаги таклифни қабул қилишга тайёрлигимизни таъкидлади.

 

ТУРКИЙ ДУНЁ ЕТАКЧИЛАРИ ШУШАДА

Туркий давлатлар ташкилотининг бу галги йиғилиши Озарбайжоннинг сўлим ва тарихий шаҳри Шушада, «Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш» шиори остида ўтди.

Туркий дунё етакчиларининг айнан Шушада йиғилиши рамзий маънога эга. Чунки, ушбу шаҳар узоқ давом этган курашлардан сўнг яна Озарбайжон тасарруфига ўтган Қорабоғнинг ажралмас қисми ҳисобланиши билан бирга мамлакатнинг тарихий ва маданий марказларидан ҳам саналади.

Жорий йил Шуша шаҳри Ислом оламининг маданий маркази, деб эълон қилинганидан ҳам унинг нафақат туркий дунё, балки Ислом оламида ўз ўрнига эгалигини англатиб турибди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Озарбайжон давлатининг асосчиси, Ҳайдар Алиевнинг «Шушасиз – Қорабоғ, Қорабоғсиз Озарбайжон бўлмайди», деган фикрини келтириб ўтди.

Биз бундан беш йил муқаддам айнан Озарбайжон заминида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлиб кирган эдик. Ўтган қисқа даврда 30 дан ортиқ муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйдик, деди Президентимиз.

Ўзбекистон етакчиси йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини қуйидаги устувор масалаларга қаратди.

 

Биринчи масала.

САВДО ВА ТРАНСПОРТ ЙЎЛЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

Ўтган йил якунларига кўра, ташкилот доирасидаги ўзаро товар айланмаси ҳажми 27 фоизга ошган.

Президентимиз «Ягона ойна» тизими йўлга қўйилишидан, божхона-чегара ўтказиш пунктларининг узлуксиз ишлаши таъминланишидан манфаатдорлигимизни таъкидлади.

Қолаверса, Ташкилот доирасида Темир йўл маъмуриятлари кенгашини тузиш ва унинг дирекциясини Тошкент шаҳрида жойлаштириш ҳақидаги таклифимиз маъқулланишига ишонишини айтган.

 

Иккинчи масала.

ИҚЛИМ ЎЗГАРИШЛАРИГА ҚАРШИ БИРГАЛИКДА КУРАШИШ

Давлатимиз раҳбари мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш учун вазирлар даражасида Туркий экология кенгашини тузиш ва мазкур тузилма қароргоҳини экологик офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд – Оролбўйидаги йирик шаҳар Нукусда жойлаштиришни таклиф қилган.

 

Учинчи масала.

МУҚОБИЛ ЭНЕРГЕТИКА

Ўзбекистонда 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия қувватларини кескин ошириш ва энергетика балансида уларнинг улушини 40 фоизга етказиш мақсад қилинган. Ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида «Яшил энергетика сари туркий ҳаракат» концепциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилган.

Замонавий «билимлар иқтисодиёти»ни қуриш, креатив иқтисодиётни ривожлантириш учун рақамли технологиялар, блок-чейн, булутли, квант ҳисоблаш технологиялари, робототехника, «тўртинчи саноат» кадрларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдорлигимиз ва бунинг учун Туркий давлатлар ташкилотининг Инсон капиталини ривожлантириш илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси билдирилган.

Ўзбекистон етакчиси мустақил ва озод Фаластин давлатининг ташкил этилиши Яқин Шарқда стратегик барқарорлик ва тинчликни таъминлашнинг энг асосий шарти эканини таъкидлади.

Ш.Мирзиёев нутқи давомида кўп миллионли туркий халқлар истиқомат қилаётган Афғонистондаги вазият халқаро ҳамжамият эътиборидан четда қолиб кетаётганини афсус билан қайд этиб, Ўзбекистон афғон халқига зарур ёрдам кўрсатишни бундан буён ҳам давом эттиришини маълум қилди.

Иккала саммитда ҳам янграган таклифлар умумманфаатларни ўзида акс эттирмоқда. Ўзбекистон олиб бораётган ташқи сиёсат ҳамма учун очиқ ва музокараларга тайёрлигимизни, халқаро майдонда содир бўлаётган ҳар бир жараёнга ўз фикримиз, позициямиз борлигини яққол кўрсатмоқда. Айнан шу жиҳат Ўзбекистоннинг янги дунё тартиботидаги муносиб ўринга эга бўлишини кафолатлашига шубҳа йўқ.

 

Расмий хабарлар асосида

Аҳмад ҚУРБОНОВ тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 10.07.2023, №27

 

 

Экспертлар фикри

 

Испаниянинг Сан-Пабло университети профессори Антонио Алонсо "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) норасмий саммитидаги иштироки ҳақида ўз фикрларини билдирди:

– Ўзбекистон Президентининг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги фаол иштирокини алоҳида таъкидламоқчиман. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларига алоҳида тўхталиб, бу умумий барқарор келажак сари муҳим қадам эканини таъкидлади.

Норасмий саммит чоғида Ўзбекистон раҳбари транспорт алоқаси масалаларига алоҳида эътибор қаратди ва Транскаспий халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича кутилаётган чора-тадбирларни таклиф қилди. Жозибадор тарифлар ва бизнес учун "Ягона ойна" тизимини жорий этиш таклифи, шубҳасиз, юк ташиш ҳажмини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Айниқса, Ўзбекистонда Темир йўл маъмуриятлари кенгашини ва Инсон капиталини ривожлантириш илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуслари инновациялар ва "билимлар иқтисодиёти"ни ривожлантириш истагидан далолат беради.

Нукусда иқлим ўзгаришига қарши курашда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган Туркий экология кенгашни ташкил этиш таклифи муҳим ташаббус бўлди. Қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва уларнинг энергия мажмуасидаги улушини 2030 йилга бориб 40 фоизга оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани Ўзбекистоннинг яшил кун тартиби ва экологик барқарор ривожланишга интилишидан далолат беради.

Ўзбекистон раҳбарияти томонидан билдирилаётган таклиф ва ташаббуслар мажмуи ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва бутун туркий дунё равнақини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшишига ишончим комил.

 

Ли Юнхуэи, Хитой Ижтимоий фанлар академияси Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти катта илмий ходими:

— Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида анъанавий тарзда фаол, конструктив роль ўйнайди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТнинг Остона саммитидаги нутқида жаҳон ва "ШҲТ оиласи" маконидаги бугунги мураккаб вазиятга чуқур баҳо берилгани бунинг яна бир тасдиғидир.

Бундай шароитда Ўзбекистон раҳбарининг ШҲТнинг "Шанхай руҳи" ва бошқа асосий тамойилларига содиқликни кучайтиришга чақирувлари ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари 2022 йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида илгари сурган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлик ташаббусига алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Бу ташаббус Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг глобал цивилизация бўйича ташаббуси билан ҳамоҳангдир. Замонавий дунёда маданиятлар хилма-хиллигига ҳурмат билан ёндашиш ва цивилизациялараро мулоқотни рағбатлантириш чуқур тушуниш ва амалга оширишни талаб қиладиган стратегик муҳим вазифалардир.

Шу нуқтаи назардан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТнинг Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини қабул қилиш тўғрисида билдирган таклифи долзарб аҳамиятга эга. Амалий нуқтаи назардан бу Ўзбекистон раҳбарининг янги минтақавий сиёсати туфайли сўнгги йилларда минтақавий ҳамкорлик ва шерикликни ривожлантиришда юқори натижаларга эришган Марказий Осиё давлатларининг ижобий тажрибасига асосланиши мумкин.

 

 

 

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш