Ўлимга сабаб бўлиш эҳтиётсизлик эмас
Ўлимга сабаб бўлиш эҳтиётсизлик эмас

 

15 апрель куни Ғаллаорол туманида катта йўл бўйлаб хотиржам мактабга кетаётган 14 ва 12 ёшли уч ўсмирни катта тезликда келаётган «Ласетти» уриб юборди, болалар ҳодиса жойида ҳалок бўлди.

4 июнь куни Нуробод тумани Меҳнаткаш маҳалласи ҳудудидан ўтувчи «Самарқанд-Ғузор» автомобиль йўлининг 35-километрида 25 ёшли ҳайдовчи «КамАЗ» юк автомашинасида пиёдалар йўлакчасида ҳаракатланаётган ёш онани ва унинг 2 нафар боласини уриб юборди, ҳали она сути оғзидан кетмаган гўдаклар ғилдираклар остида қолиб, нобуд бўлишди.

1 июль куни Хатирчи туманида 2 та BYD кроссовери ўзаро пойга ўйнаб, аҳоли яшаш пунктида 142 км/соат тезликда ҳаракатланиб, пиёдалар йўлагидаги 8 ёшли қизчани босиб ўтиб кетди. Қизча вафот этди.

3 июль куни Самарқанд туманида «Нексияавтомашинаси йўлни кесиб ўтаётган 7 ёшли болакайни уриб, учириб юборди.

Эрталаб ўзи уйғонган, чойини ичиб, қиқирлаб, кулиб уйидан чиққан, не бир ширин орзулар оламида учиб юрган соғлом фарзандни кутилмаганда йўқотишдан мушкулроқ ғам бўлмаса керак бу оламда. Оналар ўзини қандай кечиради? Оталарнинг ич-эти куйиб кул бўлмайдими?..

Тонгда остонадан хўшлашиб, автомашинасида чиқиб кетган дадасининг аварияда бўлакларга бўлинган танасини кўрсатишмагани боис, митти қалбидаги умидни сўндирмай, энг азиз инсони эшикдан кириб келишини ойлаб, йиллаб кутаётган қанча болажонлар бор.

Рақамларга эътибор қилинг. Мамлакатимизда 2023 йилда йўл ҳаракати билан боғлиқ жами 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган. Содир этилган 9 минг 839 та ЙТҲ оқибатида 9 минг 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 минг 282 нафар киши ҳалок бўлган. Болалар билан боғлиқ 1 минг 794 та ЙТҲ туфайли 1 минг 568 нафар ўғил-қиз жароҳатланган, 263 нафар бола эса ҳаётдан кўз юмган.

Жорий йилнинг беш ойида вояга етмаганлар билан боғлиқ 359 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар бола нобуд бўлган, 294 нафар бола турли даражада тан жароҳатлари олган. Улар орасида ногиронлик аравачасига михланиб қолганлар бор.

Беш ой ичида мамлакат бўйича қайд этилган умумий йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ҳар 100 минг аҳолига 7,2 тани ташкил қилгани ҳолда ушбу салбий кўрсаткич Тошкент шаҳрида 12,8 та, Тошкент вилоятида 12,2 та, Наманган вилоятида 9,1 та ва Фарғона вилоятида 8,4 тага етган.

Ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоғи Самарқанд, Тошкент (80 тадан), Фарғона (69 та), Қашқадарё ва Сурхондарё (53 тадан) вилоятларида юқорилигича қолмоқда.

 

Ўлимга олиб келувчи 5 та асосий сабабдан бири

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, Ер юзида бир дақиқада 2 нафардан ортиқ ва кунига 3 минг 200 дан зиёд киши йўл-транспорт ҳодисалари сабаб ҳалок бўлмоқда. Умумий ҳисобда йилига 1,19 миллион инсон авто аварияларда оламдан ўтмоқда. Таҳлиллар жаҳон миқёсида ЙТҲ 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган болалар ва ёшлар ўлимининг асосий сабаби бўлиб қолаётганини кўрсатаётир (Ўзбекистонда эса йўл-транспорт ҳодисалари ўлимга олиб келувчи 5 та асосий сабабдан бири ҳисобланади).

Таҳлиллардан ойдинлашадики, дунё бўйлаб йўл-транспорт ҳодисаларида кузатилаётган ҳар 10 ўлимдан 9 таси паст ёки ўрта даромадли мамлакатлар ҳиссасига тўғри келяпти. «Паст даромадли мамлакатларда дунё автомобилларининг атиги бир фоизи мавжуд бўлса-да, уларда ЙТҲ туфайли ўлим хавфи юқори даромадли мамлакатларга қараганда уч баравар кўп», дейилади ҳисоботда.

ЖССТ Бош директори, доктор Тедрос Адханом Гебрейесус бу вазиятга баҳо берар экан, «Йўлларимизда кўп сонли ҳаёт йўқотишларининг олдини олиш мумкин. Биз барча мамлакатларни транспорт тизимлари марказига автомобилларни эмас, балки инсонларни қўйишга, болалар, пиёдалар, велосипед ва мотоцикл ҳайдовчилар, ногиронлар каби ҳимоясиз йўл ҳаракати қатнашчиларининг хавфсизлигини таъминлашга чақирамиз», дея жаҳон афкор оммаси диққатини ушбу муаммога қаратди.

Ҳисоб-китоблар 2030 йилга бориб сайёрамиздаги глобал автомобиль парки икки баравар кўпайишидан далолат бермоқда. Шундай бир шароитда кўплаб давлатларда йўл инфратузилмаси хавфсизлигида жиддий бўшлиқлар мавжуд. Фақатгина БМТга аъзо давлатларнинг 51 тасида ёки тўртдан бирида барча йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан хавфсизликни тартибга солувчи қонунлар амалиётга киритилган.

 

Хавфсиз йўллар керак

Шу йилнинг май ойида БМТ Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича олиб борган тадқиқот натижаларини эълон қилди. Унга кўра, йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ иқтисодий харажатлар ҳар йили Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 2,8 фоизини ташкил этмоқда. Бу мамлакат тараққиёти ва соғлиқни сақлаш учун жиддий муаммодир.

Келтирилишича, айнан ЙТҲ мамлакатда ўлимнинг асосий сабабларидан бири бўлиб қолаётгани миллий йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга зарурат борлигини кўрсатади. Бинобарин, ўлим ва жароҳатларнинг тахминан 50 фоизи пиёдалар ҳиссасига тўғри келмоқда. Йўллардаги ўлимларнинг 30 фоизи ҳайдовчиларнинг тезликни ошириши оқибатида юз бермоқда.

 

Жазо

2024 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли бўлган енгил автомобиллар сони 3,8 миллион донани ташкил этган.

Яъни, ҳар минг кишига 103 тадан автомобиль тўғри келган.

Ҳозирда кўплаб ривожланган давлатларда пиёдалар зоналари, истироҳат боғлари ва бошқа жамоат жойларини ташкил этиш ҳисобидан автойўлларни қисқартириш тенденцияси кузатилаётган бир пайтда бизда, айниқса, шаҳар жойларда пиёдалар кўча-кўйда бемалол юра олмай қолган.

Бугун луғатимизга «автотеррорист» деган сўз қачон ва қайси манба томонидан кириб келди, аниқ айтолмаймиз-у, лекин кунда-шунда йўлларимизда содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар, даҳшатли фожеалар, жамиятимиздаги айрим фаоллар таъбирича, инсониятга қарши жиноятлар йўл қоидасини менсимай, умрларни завол қилаётган ҳайдовчиларнинг белига мина боғлаган худкушдан асло кам эмаслигига ишора қилади.

Қонунчилигимизда бундай қонунбузарликларга нисбатан жазо чоралари белгиланган. Йўл қоидаларини беписандлик билан мунтазам бузадиган ҳайдовчиларга нисбатан кескинроқ жазо турларини амалиётга киритиш, ўлимга сабаб бўлаётган ҳолатларда эса муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиш жазоларини қайта кўриб чиқиш заруратини тобора чуқур ҳис қилмоқдамиз.

 

 

ЎзХДП фаолларида таклиф бор

Аброр ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

– Яқин инсонларимиз, фарзандларимиз йўлга чиқса, хавотирланадиган бўлганмиз, соғ-омон келсин, деб. Бу жуда ёмон сигнал. Жамият ҳаётининг барқарорлигига, жамоатчиликка ёмон таъсир қилаётган жиддий муаммо.

Қонунчилигимизга биноан, транспорт воситасида одам уриб юбориш Жиноят кодексининг 266-моддасига кўра жавобгарликни келтириб чиқаради. ЖКнинг айни шу моддаси эса эҳтиётсизлик орқасидан содир этиладиган жиноятлар туркумига киради.

Давлат ва жамият ҳаётида ижтимоий барқарорлик тарафдори бўлган Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурида йўл-транспорт қоидаларини бузиб, бир ёки бир неча инсонлар умрига зомин бўлиш ҳолатларини қасддан одам ўлдиришга тенглаштириш, жазо чораларини кескинлаштириш масаласини муҳокамага қўйиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.

Ҳар бир ҳайдовчи аҳоли яшаш пунктидан ўтган йўлларда, пиёдалар йўлакчасига яқинлашаётганда тезликни оширишни, йўл қоидаларини бузишни хаёлига келтиришдан ҳам қўрқиши керак. Аҳоли зич яшайдиган, пиёдалар фаол ҳаракатланадиган жойда тезликни ҳаддан ташқари ошириш инсоннинг, айниқса, болаларнинг ҳаётига қасд қилиш билан баробардир.

 

Саидкамол ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон ХДП фаоли:

– Йўлларимизда содир бўлган болалар ўлими билан боғлиқ охирги мудҳиш воқеалар асосан пиёдалар ўтиш йўлаклари тартибга солиниши, ҳеч бўлмаса тугмали светофорлар ўрнатилиши қанчалик муҳимлигини кўрсатди.

Хатирчидаги ЙТҲ сабаблари ўрганилганида қизиқ бир фактга дуч келинган. 8 ёшли қизалоқ ҳалок бўлган пиёдалар ўтиш жойига Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан тугмали светофор қурилмаси ўрнатилмаган. Бунга маблағ ажратилмаган. Ушбу муассаса директори номига Навоий вилояти ЙҲХБ томонидан жорий йилда бир эмас, икки марта тугмали светофор ўрнатиш юзасидан тақдимнома киритилгани айтилмоқда.

Жарималардан тушаётган маблағнинг қатъий белгиланган, ярмидан оз бўлмаган қисми пиёдалар йўлакларини тартибга солишга йўналтирилиши мажбурий бўлиши зарур. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати пиёдаларнинг эҳтиёжини тушунишга қийналди, эҳтимол бу вазифани ташкилотчи, ҳаракатда машинадами, пиёдами – ҳамма иштирокчиларнинг ҳуқуқлари тенг эканини табиий қабул қиладиган бошқа вазирлик зиммасига олиши тўғрироқ бўлар. Балки, бу борадаги жавобгарлик ва ваколатларни Адлия вазирлигига ўтказиш вақти келгандир. Ёки Буюк Британиядаги каби Транспорт вазирлиги бу хизматни ўз зиммасига олар. Соҳа тамомила янги стратегияга муҳтож.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Ўзбекистон овози» шарҳловчиси.

«Ўзбекистон овози», 10.07.2023, №27

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш