Ғояларимиз ҳаётий, ҳаракатларимиз бесамар кетмаяпти
Ғояларимиз ҳаётий, ҳаракатларимиз бесамар кетмаяпти

 

Минимал истеъмол харажатларининг жорий этилиши ижтимоий тўловлар ва нафақаларнинг энг кам даражасини қайта кўриб чиқиш имконини берди. Бу 2021 йилнинг ўзида ногиронлар, шунингдек, боқувчисини йўқотган оилалар учун энг кам пенсия ва нафақалар миқдори 10 фоиздан 50 фоизгача оширилишига олиб келди. Бошқача айтганда, фаол ижтимоий сиёсат юритишга замин яратилди. Хусусан, бугунги кунда 2 млн.дан ортиқ одам ижтимоий нафақа билан таъминланган.

Камбағаллик чегараси белгиланди. Энди ким, нима учун камбағал экани аниқ-равшан бўлди. Ўз-ўзидан камбағаллик даражасини қисқартириш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Масалан, расмий маълумотларда келтирилган рақамларга эътибор берсак, камбағалликка қарши курашнинг янги тизими яратилган 2021 йилда камбағаллик даражаси 17 фоизни ташкил қилган. Бу 2021 йилда Ўзбекистон аҳолисининг 6 миллионга яқини камбағал қатламга мансублигини англатарди. 2023 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 11 фоизни ташкил қилмоқда.

Камбағалликни қисқартириш йўлида олиб борилаётган ишлар Халқ демократик партиясининг бу борадаги ғоя ва мақсадлари амалга ошиб бораётганини англатади.

Одамларга ёппасига кредит бериш ёки пул тарқатиш билан камбағалликни енгиб бўлмаслигини исботлашга ҳожат йўқ, албатта. Аксарият камбағал оилаларда меҳнатга лаёқатли инсонларимиз бор. Улар ишга жойлашса, бу ўз-ўзидан оилалар даромади ошишига хизмат қилади. Шу тариқа оила камбағалчиликдан чиқади. Шундан келиб чиқиб, дастлабки вазифаси кам таъминланган аҳолини ишга жойлаштириш бўлган “Темир дафтар”лар ташкил этилди.

Айни пайтда “Темир дафтар”лар оилаларни камбағалликдан чиқариш ишларини режали ташкил этишда, рўйхатдагиларга қараб кейинги ишларни мувофиқлаштиришда қўл келмоқда. Ёшлар ва аёллар дафтарлари ҳам касб-ҳунар ўргатиш, бандликни таъминлашда манзилли ёндашувни кучайтиришга хизмат қиляпти.

Энг муҳими, бу ишлар орқали тушкун кайфиятда бўлган оилалар боқимандалик руҳиятидан чиқиши, бандлик даражаси ошиши йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Мазкур жараёнда ЎзХДП таклифлари инобатга олиниб, депутатларимиз ташаббуслари амалга ошаётгани эътиборли, албатта. Демак, ғояларимиз ҳаётий, ҳаракатларимиз бесамар кетмаяпти.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 17.07.2023, №28

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш