Партия Марказий Кенгашининг IX пленуми бўлиб ўтди

 

27 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. Унда Марказий Сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси бошлангани эълон қилиниши муносабати билан партиянинг ушбу сайловда иштирок этиши билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Пленумда таъкидландики, янгиланган Конституциямизга, Сайлов кодексига мувофиқ мамлакатимизда илк бор аралаш тизимда ўтадиган сайлов Халқ демократик партияси учун жамиятимиздаги долзарб ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича янги таклиф-ташаббусларни илгари суриш, партиявий дастурларни такомиллаштириш, халқимиз хоҳиш-иродасини билиш, кўпроқ депутатлик ўринларини қўлга киритишга шароит яратади.

Шуларга асосан пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловда иштирок этиши ҳақида якдил қарор қабул қилинди. Унга кўра, Марказий сайлов комиссиясига жорий йилги парламент қуйи палатаси ва халқ депутатлари Кенгашларига сайлов кампаниясида партиянинг иштирок этиши бўйича Сайлов кодексига мувофиқ ариза топширилиши қайд этилди.

Пленумда сайлов кампанияси даврида барча ташкилий-ҳуқуқий ишларни қатъий режа асосида, масъулият билан ташкил этиш мақсадида партия Марказий сайлов штабини тузиш ҳақида қарор ҳам қабул қилинди. Штабнинг вазифа ва ваколатлари белгиланди.

Вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашларининг сайлов штабларини тузиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини ташкил қилиш бўйича вазифалар белгиланди.

Халқ демократик партияси сайловга қизғин ва тизимли тайёргарлик кўришини, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида партия етакчилари, фаоллар ва кўп минг сонли хайрихоҳлар билан учрашувлар ўтказилиб, ўтган йилллардаги фаолияти танқидий таҳлил қилиниши ҳамда янги таклифлар олиниши кўрсатиб ўтилди.

Кампанияда партиянинг фаол ва муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида асосий тадбирларнинг календарь режаси тасдиқланди.

Пленумда кўриб чиқилган масалалар ва қабул қилинган қарорлар ҳақида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов махсус баёнот берди.

Баёнотда, жумладан, халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва дахлдорлиги янада юксалган шароитда ўтадиган сайлов кампаниясида юртимиздаги барча сайловларда муносиб қатнашиб, улкан тажриба тўплаган Халқ демократик партияси юқори натижалар учун интилиши маълум қилинди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 

 

 

 

Теглар

Пленум Сайлов Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш