Коронавирус мамлакат иқтисодиётига зарар етказмаслиги лозим
Коронавирус мамлакат иқтисодиётига зарар етказмаслиги лозим

 

Бугунги кунда дунё ҳамжамияти, жумладан, Ўзбекистон халқининг ҳам диққат-эътибори коронавирус тарқалиши муаммосига қаратилган. Хусусан, мамлакатимизда касаллик хавфи сабабли карантин эълон қилинди ва барча эҳтиёт чоралари кўрилмоқда.

Баъзи бир дўкон эгаларининг сўзларига қараганда, шу кунларда одатдагидан 3-4 баробар кўпроқ савдо бўлаётган экан. Уларнинг айтишича, айрим харидорлар қўлига нима тушса, яроқлилик муддатига ҳам қарамасдан сотиб олаётганмиш. Устига-устак, уйида йиғиб қўйган озиқ-овқат захирасини фото ва видеотасвирга тушириб, ижтимоий тармоқлар орқали ўзининг “уддабурон”лигини кўз-кўз қилаётган юртдошларимиз ҳам борлигига нима дейсиз?

Шу кунларда интернет сайтларида тадбиркорлар ҳақида “инсофли” ва “инсофсиз” сингари сифатлар кўп қўлланиляпти. Тўғри, ҳозир бозор иқтисодиёти шароити. Бундай шароитда эса нархларни белгилаб бериш ва уни қаттиқ назоратда тутиб туриш давлатга фойдадан кўра кўпроқ зиён келтириши ҳам ҳеч гап эмас. Келинг, “Танганинг иккинчи томони ҳам бор”, деганларидек, биз бу масалага бозордаги олибсотарлар эмас, балки ҳақиқий ишлаб чиқарувчилар фикри асосида ёндашиб кўрайлик.

Дейлик, хусусий болалар боғчаси банкдан кредит олган (бу йўналиш ҳам тадбиркорлик). Карантин туфайли боғча тарбияланувчиларининг маълум муддат боғчага келмаслиги оқибатида унинг ҳисоб рақамига ҳеч қандай тўловлар амалга оширилмайди. Чунки бозор қоидасига кўра, кўрсатилмаган хизмат учун пул тўланмайди. Лекин бу ҳолат корхонани банк олдидаги мажбуриятидан озод қилмайди.

Айтайлик, яна бир хусусий ишлаб чиқариш корхонаси ҳам банкдан кредит олган. Шартномага мувофиқ, ҳар ойнинг охирида тегишли тўловларни амалга ошириб бориши керак. Агар кредит шартномасида кўрсатилган муддатда маблағ тўланмаса, асосий қарз ёнига жарима хам қўшилади. Шу жиҳатдан пандемия бу каби корхоналар фаолиятига салбий таьсир қилди: чегара ёпиқлиги сабаб хом ашё вақтида етиб келмади, ишчиларнинг бир қисми маълум муддат ишга чиқмади ва ҳ.к. Қолаверса, темир йўл ҳамда бошқа транспорт ташувлари билан боғлиқ харажатлар ҳам ортди. Пировардида корхонанинг ишлаб чиқариш самарадорлиги кескин пасайиб кетди.

Юқоридаги вазиятлардан келиб чиқиб, қуйидаги саволга жавоб бериб кўрайлик: тадбиркорларга боғлиқ бўлмаган худди шу каби объектив ва субъектив сабаблар билан нархни оширган тадбиркорни “ноинсоф” дея оламизми?

Афсуски, бу каби ҳолатларни мисол тариқасида бугунги кунда республикамиз миқёсида кўплаб келтиришимиз мумкин. Шу кунларда Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасига шу маънодаги мурожаатлар келиб тушмокда.

Қўмита мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, Марказий банк раҳбариятига республикамиздаги маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар учун карантин вақтида муайян имтиёзлар киритилишини таклиф қилди. Хусусан, тадбиркорлар шу муддат мобайнида фақат кредит бўйича банк фоизини тўлаб, асосий қарз тўлов муддатини узайтириш юзасидан қўшимча шартнома тузишлари мумкин. Ўйлаймизки, бу каби чора-тадбирлар келгусида мамлакатимизда иқтисодий вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилади.

 

Малика ҚОДИРХОНОВА,

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси. 

 

www.senat.uz

← Рўйхатга қайтиш