Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари Микромолиялаштириш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, нобанк кредит ташкилотлари фаолиятига нисбатан ўрнатилган айрим чекловлар, шу жумладан қўшимча молиявий ресурслар жалб этиш имкониятларининг чекланганлиги мазкур ташкилотлар томонидан кенг доирадаги истеъмолчиларга микромолиявий хизматларнинг кўрсатилишига тўсқинлик қилмоқда.
Шу билан бирга, етарли салоҳиятга эга микромолия ташкилотларининг тижорат банкига босқичма-босқич “ўсиши” учун имкониятларнинг мавжуд эмаслиги соҳага оид қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Ушбу Қонун билан микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари ўртасида “занжир” яратиш, шунингдек микромолия ташкилотлари учун қўшимча молиявий ресурслар жалб қилиш имкониятини йўлга қўйиш, микромолия ташкилотларини микромолия банкларига ва микромолия банкларини тижорат банкларига ҳамда аксинча трансформация қилишнинг ҳуқуқий асоси яратилмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ва “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасида микромолия банки тушунчаси, микромолия банки томонидан амалга ошириладиган фаолият турлари, микромолия банки устав капиталининг энг кам миқдори, Марказий банк томонидан микромолия банки фаолиятини тартибга солиш белгиланмоқда.
Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши аҳолининг кенг қатламлари тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланишига, ҳудудларда микромолиявий хизматлардан фойдаланиш кўламининг ошишига хизмат қилишни эътироф этган ҳолда айрим муҳим масалалар юзасидан ойдинлаштирувчи саволлар билан ҳам мурожаат қилишди. Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан фикрлар, таклифлар билдирилиб, ҳужжат биринчи ўқишда қабул қилинди.
Йиғилишда шунингдек, фракция ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Мусаевнинг «2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масала ҳам муҳокама қилинди ва маъқулланди.