40 мингдан ортиқ имзо топширилди

 

Шу йил 27 октябрь куни ўтадиган сайлов аввалгиларидан анча катта ва муҳим бўлади. Биз бир пайтнинг ўзида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига номзодларни сайлаймиз.

Янгиланган Конституцияга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланадиган депутатларнинг тенг ярми мажоритар, яна тенг ярми эса пропорционал тартибда сайланиши муҳим янгиликлардан биридир.

Олдин сайловчилар фақат номзодларга овоз беришган бўлса, энди сиёсий партияларнинг ғояларига, ташаббусларига, нимани ваъда бераётганларига қараб ҳам овоз беришади. Яъни, энди қайси партия қандай мафкурага таяниши, парламентда қайси партия кўп ўринга эга бўлса, жамиятда нима ўзгаришлар қила олиши ҳақида ҳам фикр юритиб овоз беришимиз керак.

Марказий сайлов комиссияси сайлов кампанияси бошланганини эълон қилиши билан Ўзбекистон Халқ демократик партияси пленумида сайловда иштирок этиш ҳақида якдил қарор қабул қилинди. Шу тариқа биринчи қадам ташланди.

Сайлов кодексига мувофиқ, сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда иштирок этиши ҳамда сайлов ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни Марказий сайлов комиссиясига топшириш ва қабул қилиб олиш ваколатига эга бўлган партиянинг ваколатли вакили тайинланди.

Халқ демократик партияси ҳам белгиланган тартибда сайлов кампаниясида қатнашиши бўйича Марказий сайлов комиссиясига ариза топшириб, ваколатли вакил рўйхатдан ўтказди ва имзо варақалари бланкаларини олди.

Сайловда иштирок этиш истагидаги ҳар бир партия мамлакатдаги умумий сайловчилар сонининг камида бир фоизининг имзосини тўплаши қонунчилигимизда белгиланган. 1 августдан 15 августга қадар сайловчиларнинг имзоларини тўплаш тадбирлари олиб борилди. Хусусан, иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойларида ва қонунда тақиқланмаган барча аҳоли гавжум ҳудудларда мазкур тадбирлар ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар кенгашлари, 200 дан ортиқ шаҳар ва туман Кенгашлари, 10 мингдан зиёд бошланғич партия ташкилотларида сайловчиларнинг қўллаб-қувватловчи имзоларини тўплаш ишлари ташкиллаштирилди.

Белгиланган муддатда партиянинг барча даражадаги ташкилотлари ходимлари, депутатлар, партиямиз хайрихоҳлари ва кўнгиллилар сайловда қатнашиш учун керакли бўлган миқдорда имзоларни тўплашга эришди. Қонунчиликда белгиланган талаблар асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан 40 мингдан ортиқ сайловчининг имзолари тўпланди.

Мазкур жараёнда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди. Улар асосан партиянинг ўтган йилларда ижтимоий ҳимоя, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш каби йўналишларда амалга оширган ишлари хусусида сўрашди. Юзма-юз мулоқотларда партия мақсади, ташаббуслари, эришган натижалари ҳақида фикр юритилди.

17 август куни партиянинг ваколатли вакили томонидан сайловда Ўзбекистон ХДПнинг иштирок этиши учун сайловчиларнинг қўллаб-қувватловчи имзолари йиғилгани ва партиянинг сайловда иштирок этиши бўйича партия Марказий Кенгаши раисининг аризаси “E-saylov” ахборот тизими орқали юборилди. Ушбу амалиётдан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ваколатли вакили партия бош штаби масъуллари билан биргаликда Марказий сайлов комиссиясига имзо варақалари бланкаларини топширди.

Ўрнатилган тартибга биноан Марказий сайлов комиссиясида тузилган эксперт гуруҳи ҳар бир имзо варақасини кўздан кечиради. Бу босқич 5 кунлик муддат ичида ниҳоясига етказилиши лозим.

 

Рашид МУРТАЗАЕВ,

халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

– Узоқ йиллардан бери сиёсий жараёнларда қатнашиб келаман. Бу сафарги имзо йиғиш жараёнларида аҳолининг бизга бераётган саволларидан англаш мумкинки, бу сайлов аввалгиларига қараганда қизғин ўтади. Сабаби, одамлар номзодлар ҳақида кўп ҳам сўрашмаяпти, балки пропорционал сайлов тизими, унинг қандай ишлаши, партиянинг дастури, нималарни ваъда беришига қизиқмоқда.

Яна бир нарсага амин бўлдимки, одамларнинг сиёсий маданияти тез ўсмоқда. Уларнинг атайлаб имзо бериш учун келаётгани, имзо беришнинг аҳамиятини, масъулиятини ҳис қилаётганини кўриш кишига завқ беради. Ҳатто баъзилари мен сайловчи сифатида партиянгиз дастурига таклиф берсам бўладими, деб сўрашди.

Мен шундай хулосага келдим, одамларимизда сиёсийлашиш жараёни тезлашган. Бу Ўзбекистонда иқтисодий ва сиёсий тенденциялар параллел ривожланаётганини англатиши билан бирга, сайловчиларнинг ишончини қозониш, уларни ўз ғояларимиз ортидан эргаштириш учун қаттиқ тайёрланишимиз кераклигини ҳам кўрсатмоқда.

 

Гулбаҳор МЎМИНОВА,

ЎзХДП Поп туман Кенгаши раиси:

– Мана, имзо йиғиш жараёнлари ҳам ниҳоясига етди. Бажарадиган ҳар бир ишимиз аниқ стратегия асосида бўлиши муҳим. Имзо тўплаш ҳам сайловнинг энг муҳим босқичларидан бири. Чунки айнан шу босқичдан бошлаб сиз сайловчиларнинг қўлловини, хайрихоҳлигини ҳис қиласиз. Бу катта нарса. Ишонч ҳар доим инсонга иштиёқ беради.

Қолаверса, эндигина сайлов ёшига етган ёшларнинг имзо бериш учун келиши, уларни қизиқтирган саволларга жавоб беришингиз орқали уларда партиянгиз ғоялари ҳақида тасаввур пайдо бўлаётганини билиш ҳам қувонтиради одамни.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий сайлов комиссиясидан сайловда қатнашишга ижозат берилишини кутмоқда.

 

«Ўзбекистон овози», 21.08.2023, №33

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш