Шу кунларда ҳудудларда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янги Сайловолди дастури лойиҳасини ҳар томонлама такомилига етказиш учун жамоатчилик муҳокамалари бўлиб ўтмоқда. Бухоро вилояти Касаба уюшмаси залида ўтказилган мулоқотда партия аъзолари, ҳудуддаги фаоллар, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари, турли соҳа мутахассислари иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси У. Иноятов йиғилганларни янги Сайловолди дастури лойиҳаси концепцияси билан таништирди.
Таъкидланганидек, партия ижтимоий тенглик ва адолат, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиш каби мақсадлардан келиб чиққан ҳолда янги дастурий ҳужжатини шакллантирмоқда.
Кейинги беш йиллик учун 10 та йўналиш, 15 та стратегик қадамдан иборат устувор вазифалар белгилаб олинмоқда. Хусусан, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, эҳтиёжманд аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, арзон уй-жой ва сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш, малакали тиббий хизмат, ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишига эришиш, мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш каби масалаларга устувор аҳамият берилмоқда.
Мисол учун, кам даромадли фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатура ва юридик хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, бепул маслаҳат берадиган “юридик клиника”лар тармоғини ривожлантиришга урғу берилаётгани ҳаётий зарурат эканлиги таъкидланди.
Дастурда шунингдек, ижтимоий ҳаётимиздаги мавжуд муаммоларнинг конкрет ечимлари акс эттирилаётган бўлиб, банклар таклиф этаётган кредит механизмлари ижтимоий адолат принципларига мувофиқ бўлишига эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ипотека кредити тўлови бўйича қарздорлик юзага келганлиги сабабли гаровга қўйилган кўчмас мулкни фуқарога ўзига қулай нархда сотиш имконини бериш масаласи ҳам ижтимоий адолат тамойилларига мос ва хос бўлиши эътироф этиб ўтилди.
Қатнашчилар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янги Сайловолди дастурига киритиш режалаштирилаётган ғоя ва ташаббуслар билан батафсил танишар экан, уларнинг халқ манфаатлари нуқтаи-назаридан ёндошилганлиги, мамлакатда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга йўналтирилганлигини ҳар томонлама маъқуллашди.
Муҳокамада иштирокчилар соғлиқни сақлаш, янада сифатли коммунал хизматларни йўлга қўйиш, бандликни таъминлаш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.