Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир!
Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир!

 

Бугун Ўзбекистон катта бунёдкорлик, яратувчанлик майдонига айланган. Меҳнат руҳи, Ватан равнақига дахлдорлик туйғуси халқимиз онгу шууридан чуқур жой олмоқда.

Обрў, ҳурмат-эътибор ўз-ўзидан келмайди. Элу юрт манфаатлари йўлида хизмат қилиш, ҳалол меҳнат ва тўкилган пешона терининг мукофоти бўлади, албатта. Айниқса, халқпарвар, юртпарвар инсонларнинг хизматлари Давлат мукофоти даражасида эътироф этилса, эҳтиромга муносиб топилса, бу икки ҳисса бахтдир. Зотан, яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир!

Шу кунларда Давлатимиз Мустақиллиги 33 йиллиги муносабати билан Президент Фармонига биноан турли соҳа вакиллари юксак орден ва медаллар билан тақдирланмоқда. Улар орасида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг жонкуяр ҳамда фаол аъзолари, сенатор ва депутатлар ҳам борлиги қувонарли.

Партиядошларимизни мукофотлар билан табриклаш асносида уларнинг ҳаяжонларига, қалб кечинмаларига шерик бўлдик.

 

Ҳалол меҳнатнинг қадри

Ойистахон МИРЗАЕВА,

Ўзбекистон ХДП Избоскан туман Кенгаши депутати, «Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» фахрий унвони соҳибаси:

– Мен жуда-жуда бахтлиман! Шундай тинч, фаровон мамлакатда яшашнинг ўзи чинакам саодат. Фарзандлар бағрида соғ-саломат юриш, оилада, эл-юртда азиз бўлиш, ҳалол меҳнатингнинг қадрини кўриш кишини бошқача тўлқинлантириб юборади.

Деҳқончилик ота-боболаримдан мерос. “Токи ерга қор тушгунча ҳосил олиш имкони бор. Бу беназир имконият, ундан самарали фойдаланиш, табиат неъматини борида қадрлаш керак”, деб отам кўп уқтирар эди. Шундай муҳитда мен ҳам ёшликдан ерга меҳр бердим, ер билан тиллашдим.

Қишлоқ хўжалигида осон йилнинг ўзи бўлмайди. Табиат инжиқликлари, сув ресурслари чеклангани каби машаққатлар фермердан катта азму шижоат, миришкорлик ва тажриба талаб этади. Аммо меҳнат қилган одам кам бўлмайди, ҳаракатда баракат, дейишади-ку.

20 йилдан бери “Гулзор пари” фермер хўжалиги раҳбариман. Пахта, ғалла ва сабзавотлар етиштирамиз. Даромадимиз яхши, ўзимиздан ортиб, эҳтиёжмандларга, фермер хўжалигимиздаги ишчиларимизга ҳам ёрдам бериб келамиз. Шукрки, топганимизда барака бор, йилдан-йилга ҳосилимиз ёмон эмас, даромадимиз ҳам яхши.

Ҳозир 150 гектар еримиз, юз нафар ишчимиз бор. Тонг саҳардан далага чиқиб кетаман. Бир куним йўқки, далага чиқмаган, ҳосилни кўздан кечирмаган бўлсам...

Мен Халқ демократик партияси аъзосиман, партиядан туман Кенгашига депутат бўлиб сайланганман. Узоқ йиллар партия тизимида ҳам меҳнат қилдим. Ҳозир ҳам унинг бир бўлаги сифатида ишимни давом эттиряпман. Бундан фахрланаман.

Фурсатдан фойдаланиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда фидокорона меҳнат қилиб келаётган барча юртдошларимизни мустақиллигимизнинг 33 йиллиги билан табриклайман. Ватанимизга, юксалаётган юртимизга, халқимизга кўз тегмасин!

 

Эътибор ва эъзознинг завқи бошқача

Муқаддас ЎРОЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси, «Дўстлик» ордени соҳибаси:

– Зомин туманидаги сайловчиларнинг мурожаатини ўрганиш ташвиши билан юрган эдим. Йўлдалигимда таниш-билишлар, дўстлар, қариндошлардан бирин-кетин қўнғироқлар бўла бошлади. Бари “Орден муборак, мукофот қутлуғ бўлсин”, дер эди.

Кун бўйи мурожаатлар билан юриб, янгиликларни ўқишга улгурмагандим. Ишларимни тугатишим билан давлатимиз раҳбарининг Фармонини кўрдим. Мукофотланганлар қаторида исм-шарифимни ўқиб, тўғриси, куни билан йиғилган чарчоқлар бир зумда тарқади. Меҳнатнинг қадри, эътибор ва эъзознинг завқи бошқача бўлади. Хурсандчилигимни оила аъзоларим билан бўлишдим.

Камтарона меҳнатимизнинг давлатимиз раҳбари, халқимиз томонидан эътироф этилиши янада шижоат кўрсатиб ишлашга илҳомлантирмоқда. Зотан, рағбат инсонни янги марралар, ташаббуслар сари чорлайди.

Лекин бу мукофот берилгандан кейин ҳаяжон билан бирга ўзимда жавобгарлик, масъулият янада ошганини ҳам дилдан ҳис қиляпман. Режалар тузяпман, олдимга янада катта мақсадларни қўйяпман.

Бизнинг олдимизда турган асосий вазифалардан бири халқимизнинг оғирини енгил қилиш, ижтимоий ҳаётдаги муаммоларни вақтида ва самарали ҳал этишдан иборат. Бунинг учун сайловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, мурожаатларни қонуний ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлашга қаратилган тизим амалда тўла ўзини оқламоқда.

Умуман олганда, аҳоли турмуш даражасини ошириш билан боғлиқ ислоҳотларга бефарқ бўлмаслик, уларнинг такомиллашувига бироз бўлса-да ҳисса қўшиш биз, депутатлар учун ҳам фарз, ҳам қарз, деб биламан.

Халқимизнинг толеи доим баланд бўлсин. Мустақиллигимизни муносиб ва юксак натижалар билан нишонлаш ҳаммага насиб этсин!

 

Ҳаяжон ва қувончга тўла хабар

Анвар ТУЙЧИЕВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси, халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби:

– Президентимизнинг бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисидаги Фармонини танишлардан кимдир чиқармикин, деган хаёл билан ўқий бошладим. Қарасам, рўйхатда ўзимнинг ҳам исм-фамилиям турибди. Ўша лаҳзадаги ҳаяжон ва қувончимни таърифлаб беролмайман.

Эътибор берсангиз, сўнгги пайтларда катта-кичик раҳбарлар, барча ташкилотларга биринчи навбатда одамларни рози қилиш вазифаси топширилди. Бир пайтлар маҳаллага қадами тегмаган мансабдорлар ҳам, кунини кабинетида, иш столидан нарига ўтмай ўтказган идоралар раҳбарлари ҳам ҳозир маҳаллаларга кириб боряпти, одамлар билан мулоқот қиляпти. Юртдошларимиз давлат идоралари олдида сарсон бўлишдан қутулди. Пенсия ва нафақалар олишдаги навбат кутишлар, нақд пул етишмовчилиги-ю турли бюрократик тўсиқлар барҳам топди. Ҳудудларда аҳоли эътирозларига сабаб бўлиб, йиллар давомида ечимини кутган муаммолар бирин-кетин ҳал бўлмоқда. Шунинг учун бугун одамларимизда ҳаётга қараш ўзгарган, ислоҳотларга бефарқ эмас.

Шуниси аниқки, халқимизни рози қилиш йўлидаги кенг қамровли ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиш биз, депутатлар зиммасига улкан шараф ва масъулият юклайди.

 

Одамларни рози қилишни ўргандик

Рамазон РУСТАМОВ,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилоят Фахрийлар кенгаши раиси, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби:

– Қарийб 40 йил Марказий банкнинг Навоий вилояти бош бошқармасида ишладим. Энг мамнун бўлганим шуки, одамларни рози қилишни ўргандик.

2016 йилдан буён нафақадаман. Аммо жамоатчилик ишларидан, меҳнатдан, халқ хизматидан тўхтаганим йўқ. Жамоатчилик асосида Марказий банк вилоят бош бошқармасининг “Нуронийлар кенгаши” раҳбари, Халқ демократик партияси Навоий вилоят кенгаши Фахрийлар кенгаши раиси, инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вилоят бўлими бошлиғи сифатида хайрли ишларга баҳоли қудрат бош қўшиб келяпман.

Куни кеча Халқ демократик партияси Навоий вилоят Кенгашидан қўнғироқ бўлди, мукофот билан табриклашди. Яқинларим, танишларим ва ҳамкасбларимнинг қутловлари, табриклари ҳалиям узилгани йўқ. Эътироф ва эътибордан бошим кўкка етди. Чунки озми-кўпми меҳнатингиз юксак даражада эътироф этилса, мамнуният, миннатдорлик ҳислари қалбингизни эгаллаб олар экан.

Партиямиз ташкил топган илк йиллардан буён унга аъзоман. Ўтган йиллар давомида унинг ғоялари, дастурий мақсадларини тарғиб қилишда фаол иштирок этдим. Меҳнатдан эътироф, эътибор топишнинг завқи бошқача бўлар экан.

Билдирилган ишонч ҳамда эътибордан куч олиб, халққа хизмат қилиш йўлида давом этамиз.

Мана шундай умидбахш кайфиятда халқимизни, сайловчиларимизни, электоратимиз вакилларини энг улуғ, энг азиз байрамимиз билан чин дилдан қутлаймиз.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.

«Ўзбекистон овози», 28.08.2023, №34-35

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш