Давлат бюджетидаги маблағларни мақсадли ишлатишда айрим муаммолар кўзга ташланмоқда

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот таҳлилий муҳокама қилинди.

Ҳисоботда келтирилишича, жорий йилнинг I ярмида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 567,4 трлн сўмни ташкил этиб, 6,4 фоизга ошган. Ҳисобот даврида ижтимоий соҳа харажатлари учун Давлат бюджетидан 74,1 трлн сўм (умумий харажатларнинг 49,5 фоизи) ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,1 трлн сўм кўп маблағ ажратилган. Таълим соҳасининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш борасидаги ислоҳотлар давом эттирилиши натижасида ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисмини (50,3 фоизини) ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 37 224,6 млрд сўм маблағ ажратилган.

Таъкидлаш жоиз, жаҳонда иқтисодий танглик ва зиддиятлар давом этаётган бир пайтда мамлакатимизда юқори ижобий ўсиш суръатлари кузатилиб, давлатимиз томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилиши, ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлиги Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига тўлиқ мос келади. Ҳисобот даврида бюджет харажатларининг аксарият қисми партиямиз дастурий мақсадлари билан боғлиқ масалалар, яъни ижтимоий харажатларни молиялаштиришга йўналтирилиб ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга ортганлиги ҳамда Давлатнинг фуқаролар олдидаги мажбуриятини бажаришга қаратилганлиги қайд этилди.

Ҳукумат томонидан солиқ маъмурчилиги бўйича ижобий ишлар амалга оширилгани, солиқ тушумларининг ортиши солиқ ставкаларини кўпайтирилиши эмас, балки солиқ тўловчилар сонининг ортиши ҳисобига амалга ошаётгани ҳам эътироф этилди.

Лекин, шу билан бир қаторда Бюджет ижроси бўйича муҳокамалар жараёнида ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг самарали сарфланиши масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Фракция аъзолари томонидан қатор фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Биринчидан, бюджет даромад қисмини кўпайтиришда норасмий секторда фаолият олиб бораётган фуқаролар даромадларини легаллаштириш муҳим манба ҳисобланади. Бу борада ҳукумат қандай аниқ чоралар кўраётгани, қандай реал натижаларга эришилаётгани ҳақида тегишли маълумотлар тақдим этилмаган.

Иккинчидан, фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантиришга ҳамда таълим тизимини ислоҳ қилишга Давлат бюджетидан катта маблағлар ажратилмоқда. Лекин уларни мақсадли ишлатишда айрим муаммолар кўзга ташланмоқда.

Хусусан, ички аудит хизматлари томонидан ўтказилган аудит тадбирларида, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг харажатлар сметаси ва штатлар жадвали тузилишини ўрганиш натижасида 246,5 млрд сўмлик, Соғлиқни сақлаш вазирлигида эса 98,4 млрд сўмлик самарасиз харажатлар аниқланган.

Фракция Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижросидаги камчиликларни келгусида бартараф этиш мақсадида ҳукуматдан, мана шундай камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни қисқа вақтда бартараф этиш бўйича мутасадди вазирликлар таъсирчан чораларини кўришини сўрайди.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси 2024 йил биринчи ярим йиллик ижроси якунлари бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни қўллаб-қувватлайди ҳамда барча депутатларни маъқуллаб овоз беришга чақиради.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш