Ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун янги имкониятлар яратилади

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги Қонун лойиҳасини 2-ўқишда муҳокама қилишди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон шаъни ва қадр-қимматини ошириш ва ҳимоялаш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилиниб, натижада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик янада фаоллашди, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартлар миллий қонунчиликка имплементация қилинди ҳамда давлат органларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятига татбиқ этилди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқларига тааллуқли конституциявий нормалар 3 баравардан ортиқ кўпайди ва 50 дан ортиқ моддани ташкил этди.

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини тартибга солишдан иборат бўлиб, 8 боб, 57 та моддадан иборат.

Қонун лойиҳаси билан Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асослари, Омбудсманнинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва фаолиятининг кафолатлари, Омбудсманнинг асосий вазифалари каби нормалар такомиллаштирилмоқда.

Фракция аъзолари Қонун лойиҳаси билан танишар эканлар унинг муҳимлигини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Омбудсманнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлашди. Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашиниб, депутатлар томонидан таклифлар билдирилди. Қонун лойиҳаси моддама-модда муҳокама қилингач, фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

Йиғилишида шунингдек, Ипотека кредити бозори янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Ушбу Қонун билан «Ипотека тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги, «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ипотека муносабатларига электрон гаров хатини жорий этиш, у билан таъминланган мажбуриятларни бажариш, у бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш ва унинг фойдаланиш бўйича бошқа механизмларни белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун ипотека гаров хатлари айланмасини янада ривожлантириш, аҳолига берилган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун янги имкониятлар яратиш, ипотека кредитини беришнинг замонавий бозор тизимини шакллантиришга хизмат қилишини инобатга олиб, депутатлар томонидан маъқулланди.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш