Ҳар ким кексайганида улуғ ёш гаштини суриш, меҳнатига яраша пенсия олиш ҳуқуқига эга. Бироқ бугунги кунда 1980 ва ундан олдинги йилларда ҳамда 2005 йилгача бўлган даврда собиқ колхоз, совхоз ва ширкат хўжаликларида ишлаган фуқароларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлган талай муаммолар рўй бермоқда.
Гап шундаки, юртдошларимизнинг собиқ жамоа, давлат ва ширкат хўжаликларида ишлаганликлари тўғрисидаги ҳужжатлар аксарият ҳолатларда архивга топширилмаган ёки йўқолган. Бунинг оқибатида собиқ жамоа, давлат ва ширкат хўжаликларида меҳнат фаолиятини 2005 йилга қадар юритган аксарият фуқароларга ишланган вақтнинг амалда давом этган давридан келиб чиқилган ҳолда паст миқдорда пенсия тайинланган.
Собиқ иттифоқ даврида жамоа хўжалигида 1980 йилда эркаклар учун 220 кун, аёллар учун 160 кун меҳнат минимуми ўрнатилган. Лекин улар пенсияга чиқишда ўзларига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан (йўқолгани ёки архивда мавжуд эмаслиги сабабли) иш фаолияти тўғрисидаги маълумотни тақдим қила олишмаган.
Бундай ҳолларда амалдаги қонунчиликка биноан, эркак киши учун 220 кун бир йил меҳнат стажи сифатида эмас, балки 7 ою 10 кун сифатида ҳисобга олинган. Аёлларга эса 160 кун 5 ою 10 кун сифатида ҳисобланган. Ваҳоланки, қонунчиликка кўра, қишлоқ хўжалигида ишлаган эркаклар учун 220 кун, аёллар учун эса 160 кун бир йиллик стаж сифатида ҳисобланиши шарт. Ишлангани ҳақида маълумот сақланмагани ёки умуман йўқлиги учун фуқаро жавобгар бўлиши адолатдан эмас. Бу бир вақтларда жамоа хўжалигида меҳнат қилган фуқароларнинг манфаатлари чекланишига, бошқа соҳаларда фаолият олиб борганларга нисбатан 2-3 баробар кам пенсия ҳисобланишига олиб келмоқда. Оқибатда қишлоқ хўжалигида меҳнат қилган фуқароларга ўша вақтларда бошқа соҳаларда ишлаган кишилар, айтайлик, тенгдошларига нисбатан 2-3 баробар кам пенсия ҳисобланган.
Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурида илгари сурилаётган таклифлардан бири мазкур камчиликни тузатиш, қишлоқ хўжалигида ишлаган юртдошларимизнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнатини муносиб баҳолашдир. Бу мақсад, шубҳасиз, катта эътиборга сазовор.
Хулоса тариқасида қайд этиш ўринлики, 2005 йилга қадар собиқ жамоа ва ширкат хўжаликларида ишлаган фуқароларнинг ўша вақтда меъёр ҳисобланган меҳнат стажи тўлиқ йиллик стаж сифатида инобатга олиниши ҳақида умуммиллий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш лозим. Бу минг-минглаб юртдошларимизнинг меҳнатини қадрлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан жуда катта аҳамиятга молик, деб ўйлайман.
ХДП партияси томонидан илгари сурилаётган ушбу ташаббус ўта долзарб аҳамиятга эга бўлган муаммо, деб ўйлайман. Унинг ҳал қилиниши, яъни ёши катталарга ҳурмат кўрсатилиши миллий қадриятларимизга мосдир. Бу кексаларга муносиб турмуш шароитини яратишга, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига хизмат қилади.
Фарҳод Примов,
юридик фанлари доктори.