Аҳолида дори-дармон воситаларига қарамликни камайтириш – долзарб масала

Статистика маълумотларига қараганда, мамлакатимизда ўртача 2 400 нафар аҳолига битта дорихона тўғри келмоқда. Дорихоналарнинг кўплигини салбий ҳолат сифатида тушуниш керак эмас, албатта. Аммо аҳолида дори-дармон воситаларига қарамликнинг ортиб бориши ҳам ижобий ҳол ҳисобланмайди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг жорий йили бўлиб ўтадиган сайловлар олдидан илгари сурган ташаббусларидан бири замонавий тиббиёт ва халқ табобатини уйғунлаштирган ҳолда даволаш стандартларини жорий этиш орқали дорига қарамликни камайтириш ғоясидир.

Бундай ёндошув даволаниш натижаларини яхшилайди, ножўя таъсирларни камайтиради ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилайди. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, турли тиббий амалиётлар интеграциясини тўғри ташкил этиш, ушбу интеграцияни давлат ва тиббиёт ҳамжамиятининг кўмаги билан амалга ошириш орқали самарали натижаларга эришиш мумкин.

Дори юкини камайтиришнинг асосий афзалликларидан бири кўплаб дори-дармонларни қабул қилишда тез-тез юзага келадиган ножўя таъсирлар хавфини камайтириш ҳисобланади. Кўп компонентли терапия дориларининг ўзаро таъсирига олиб келиши мумкин, бу эса асоратлар ва салбий реакциялар эҳтимолини оширади. Қабул қилинган дорилар миқдорини камайтириш ушбу хавфларни камайтиришга кўмаклашади.

Дори юкини камайтириш беморларнинг умумий ҳолатини яхшилашга ёрдам беради. Дориларни камроқ истеъмол қилиш жигар, буйраклар ва бошқа органларга юкни камайтиради, бу, айниқса, кексалар ва сурункали касалликларга чалинган беморлар учун жуда муҳимдир.

Дориларга қарамликни камайтириш иқтисодий аҳамиятга эга. Дори-дармонлар сонини камайтириш беморлар учун ҳам, умуман соғлиқни сақлаш тизими учун ҳам даволаниш харажатларини камайтиради. Халқ табобатини даволаш стандартларига киритиш харажатларни янада камайтириши мумкин.

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш