Шу йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловининг энг асосий иштирокчилари ҳисобланган сиёсий партиялар якунланган ҳафтада ўз Сайловолди дастурларини эълон қилдилар. Айни бир пайтда Парламент қуйи палатаси депутатлигига ҳар томонлама муносиб деб билган номзодларни илгари суришди.
Айтиш ўринлики, Сайлов кодексига амал қилинган ҳолда бешала партиядан ҳам кўрсатилган номзодларнинг 40 фоиздан ортиғи аёллардан иборат бўлмоқда. Янада эътиборлиси, Халқ демократик партиясидан Қонунчилик палатаси депутатлигига аёл номзодларнинг улуши бошқа партияларга қараганда нисбатан кўпроқ, яъни, 47,4 фоизни ташкил этаётир.
Мамлакатимизда гендер тенглик сиёсати, опа-сингилларимизнинг давлат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини фаоллаштириш соҳасида олиб борилаётган дадил ислоҳотларга уйғун бу кўрсаткич алоҳида эътирофга лойиқ. Бироқ жамиятимизда аёлларга нисбатан шаклланган шундай стереотиплар ҳамон мавжудки, бу хотин-қизларнинг қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган сайланиш ҳуқуқига бевосита ёки билвосита дахл қилмасмикан, деган иштибоҳни ҳам уйғотади. Бинобарин, “Аёлнинг ўрни – оилада. Унинг вазифаси – фарзанд тарбиялаш”, деган қарашда АЁЛ аталмиш хилқатнинг оналик, бекалик миссияларини бажариши баробарида лидерлик қобилиятини, сиёсий иродаси ва шижоатини намоён эта олишига, қатъият ва фаоллигига шубҳа билан боқадиган инсонлар ён-атрофимизда йўқ, деб айтолмаймиз. Бу эса қатор саволларни келтириб чиқаради.
Хўш, жамиятимизда аёл депутатларга ишонч қай даражада? Халқ вакили бўлиш – бу жуда катта масъулият, тинимсиз меҳнат, фидойилик, элу юрт учун ёниб яшаш дегани. Опа-сингилларимиз бу вазифани қандай уддалашмоқда? Улар депутатлик фаолиятида бирор тўсиққа дуч келишмадими? Умуман, қонун чиқарувчи бўғинда аёллар улушини оширишга қанақа зарурат бор? Дунё тажрибасида бу масалада умумманзара қандай?
Қуйида шулар ҳақида фикрлашамиз.
Ўзбекистон – беш мамлакат қаторида
Мамлакатимизда хотин-қизлар сони жорий йил 1 январь ҳолатига 18 млн 274 минг 800 нафарни, яъни, аҳолининг 49,7 фоизини ташкил қилган. Таъкидлаш жоизки, сўнгги беш йилда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган 80 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. 2019 йилги сайловда парламентнинг қуйи палатасига 48 нафар аёл депутат сайланиб, депутатлар умумий сонининг 32 фоизини, Сенатда эса 25 фоизини ташкил этди. Дарвоқе, Ўзбекистон миллий парламенти хотин-қизлар сони бўйича "Сиёсатдаги аёллар" рейтингида 190 давлат ичида 52-ўринда бормоқда.
Жаҳон банки индексида эса Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторида қайд этилди. Гендер сиёсат сабаб сўнгги етти йилда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 27 фоиздан 35 фоизга кўтарилди. Тадбиркор аёллар сафи каррасига кўпайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган опа-сингилларимиз 205 мингдан ошди. Юз минглаб аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилмоқда. Cоғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида банд бўлган аҳоли ўртасида хотин-қизлар улуши 77 фоизни, иқтисодиёт ва саноат соҳасида 46 фоизни ташкил этмоқда. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган қизлар сони 6 баробарга кўпайган.
Буларнинг бари нимадан далолат? Табиийки, хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликка эришиш, аёлларнинг фақат оилада эмас, балки жамиятда ҳам мавқеини юксалтириш, барча жабҳада ўз салоҳияти ва лаёқатини намоён этишига имконият яратиш йўлидаги тизимли ишлар натижасидир.
Аёлларнинг парламентга келиши эса ҳамма давлатда ва ҳамма даврда, таъбир жоиз бўлса, ижтимоий-сиёсий феномен сифатида жуда катта резонанс берган.
Янгиланаётган дунёда аёллар вакиллиги ортмоқда
2024 йил инсоният тарихида сайловлар йили бўлиши кутилмоқда. Аниқроғи, 60 дан ортиқ мамлакатда Президент ва парламент сайловлари ўтказилиши, сайёрамиз бўйлаб 2 миллиарддан ортиқ одам овоз беришда иштирок этиши кўзда тутилган. БМТ Аёллар ташкилотининг янги ҳисоботида келтирилишича, ҳозир жаҳондаги 26 давлатни аёл раҳбар бошқармоқда. 140 дан ортиқ мамлакатдаги вазирлик лавозимларининг 23 фоизини аёллар эгаллаган. Янгиланаётган дунёда аёллар вакиллиги секин-аста бўлса ҳам ортиб бораётгани ижобий тенденция, албатта. Шу билан бирга “Аёллар сиёсий етакчилари-2024” ҳисоботида эслатиб ўтилганидек, кўплаб давлатларда хотин-қизлар ҳали ҳам маъмурият ва дипломатиядан четда қолмоқда. “Биз аёллар асосий рулда бўлса, дунё янада яхшироқ бўлишига ишонамиз. Бу йил кўплаб давлат фуқаролари сайловда қатнашаётган экан, биз аёлларни ҳокимиятнинг энг чўққисига қўйишимиз керак. Аёлларнинг бошқарув ва етакчиликдаги тенг иштироки барча учун ҳаётни яхшилашнинг калитидир”, дейди “БМТ-аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус хоним.
Бугунги кунда дунё давлатларининг катта қисмида аёлларнинг сайлов ва сайланиш ҳуқуқи амал қилади. Тарихга назар ташласак, Европада биринчи бор бундай ҳуқуққа 1906 йилда Финляндия аёллари эга бўлган. Сайлов тизимида гендер адолатининг ғалаба қозониши Иккинчи жаҳон урушидан кейин рўй берди.
Парламентлараро иттифоқнинг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон парламентларида аёлларнинг улуши 26,9 фоизга етди. Бу ҳисоб-китоб 2023 йилги парламент сайловлари натижалари ва 52 мамлакатдаги тайинловларни ўз ичига олган янгиланган маълумотларга асосланади. Бутун дунёда янги сайланган депутатларнинг 27,6 нафари аёллардан иборат. Аёл парламентарийлар сони бўйича Руанда (парламентдаги ўринларнинг 61,3 фоизини аёллар эгаллаган), сўнг Куба (55,7 фоиз) ва Никарагуа (53,9 фоиз) етакчилик қилмоқда. Андорра, Мексика ва Бирлашган Араб Амирликларида аёл ва эркак депутатлар сони бир хил.
Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция умумэътироф этилган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенглигига эришиш борасида “жаҳоннинг глобал конституцияси” саналади. Бу конвенция қоида ва шартларининг амалий тасдиғини топиши, гендер тенглик ва гендерга нисбатан сезгир парламентларни яратиш учун ҳам кўплаб давлатларда аёл депутатлар сафи кенгаймоғи ҳаётий зарурат бўлиб қолмоқда.
Фаол, шижоатли, фидойи
Хотин-қизлар жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳисобланади. Оиладаги илиқ маънавий-руҳий иқлим, болалар тарбияси биринчи галда онага боғлиқ бўлгани каби жамият ҳаётининг барча жабҳасида умуминсоний қадриятлар устун бўлиши, миллат генофондининг соғломлиги, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлиги аёллар фаоллигини, инчунун, сиёсий жонбозлигини талаб қилади.
Юқорида таъкидлаганимиздек, мамлакатимизда аёлларга давлат ва жамият тақдирига дахлдор қарорларни ҳаётга татбиқ этиш, хусусан, қонунларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, янги ислоҳотларни рўёбга чиқариш жараёнларида бевосита қатнашишлари учун кенг йўл очилди. Хусусан, 2019 йилги парламент сайловлари натижасига кўра, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 31 фоизи жонкуяр, фидойи опа-сингилларимиз ҳиссасига тўғри келди. Оилалар билан ишлаш, ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва қашшоқликнинг олдини олиш, ижтимоий дафтарлардаги аёлларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш дастурларининг манзиллилиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий Кенгашлардаги аёл депутатларнинг муҳим ўрнини инкор этиб бўлмайди. Буни, айниқса, Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастуридаги хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ кенг кўламли ва изчил вазифаларни амалиётга йўналтиришда, бу йўналишдаги қонунчилик ташаббусларида аёл депутатларнинг фаол иштироки мисолида яққол кўриш мумкин.
Мунира ИСОМОВА,
ЎзХДП Фарғона вилоят Кенгаши Ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш бўлим бошлиғи:
– Аёл зоти табиатан шундайки, ҳар қандай масалага кўпроқ юракдан ҳис қилиб ёндашади, дилидан ўтказиб қарорлар қабул қилади. Сиёсий ҳаётда фаол бўлган хотин-қизларимиз айнан мана шу хислатлари туфайли қонунларнинг янада ҳаётий бўлиши учун курашадилар, халқ дарди, халқ муаммосига айланган ижтимоий масалаларнинг инсонпарвар, аниқ ечимларини топиш учун жон куйдирадилар.
Ҳозирда вилоятимизда маҳаллий Кенгашлардаги аёл депутатлар сони 26 нафар (19 фоиз)ни ташкил қилади. Миллий менталитетимизга кўра, оилада рўзғордаги саранжомликдан тортиб болалар парваришигача бўлган барча масъулиятни аёл зиммасига олади. Эркак асосан оиланинг боқувчиси сифатида кўрилади. Агар аёл депутатлик лавозимида ишласа-чи? Шубҳасиз, унинг зиммасидаги масъулият ва вазифалар бир неча баробар ошади. Бугун партиямизнинг аёл депутатлари бу вазифаларни шараф билан уддалаяпти, деб бемалол айта оламан. Ўтган беш йил давомида улар халқ вакили сифатида жойларда одамларни ўйлантираётган ва ташвишга солаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш, ечим топиш, депутатлик назоратини кучайтириш орқали электорат ишончини оқлашга ҳаракат қилдилар. Шуниси аниқки, бу уларнинг ҳеч бири учун осон кечмади.
Янги сайловлар арафасида турибмиз. Партиялардан, жумладан, ХДПдан ҳам депутатликка кўрсатилган номзодлар орасида хотин-қизлар улуши аввалги сайловлардан сезиларли ошган. Уларнинг қанчаси электорат томонидан депутатликка лойиқ кўрилади, бу энди элак сувдан кўтарилгач, сайлов куни аниқ бўлади.
Тан олиш керак, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш соҳасида эришилаётган шунча ютуқларга қарамай, ҳалиям меҳнат бозорига кириш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ҳақидаги тасаввурлар ва уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларида гендер тенгсизлик тўла барҳам топганича йўқ. Аёл депутатларимиз сафи қанча кенгайса, жамиятимизда хотин-қизлар дуч келаётган бу каби муаммоларнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, рамзий қилиб айтганда, аёлларнинг ҳам овозини эшитиш имконияти шунча ортади.
Робия КАЗИМОВА,
ЎзХДП Бухоро шаҳар Кенгаши раиси, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати:
– Ҳар қандай давлатнинг маданий даражаси аёлларга бўлган эътибор ва ғамхўрлик билан ўлчанади. Кўнгилни кўтарадиган жиҳат шуки, жамиятимизда аёл депутатларга нисбатан ишонч ҳам, ҳурмат-эҳтиром ҳам юқори даражада. Буни ўзим ва сафдошларим фаолияти мисолида айтяпман. Сайловчилар ҳузурига борганимизда, мурожаатларни ўрганганимизда, айниқса, ҳаётда қийналган хотин-қизлар билан мулоқот қилганимизда, уларнинг кўзидаги умидворлик ва ишончни яққол кўриб турамиз.
Лекин депутатлик фаолиятим давомида, аёллар ва оилалар билан ишлашда сўнгги пайтларда одамни ранжитадиган бир ҳолатга дуч келаётганимизни ҳам гапириб ўтишни истардим.
Яқинда касбимиз тақозоси билан фуқаролар мурожаатларини ўрганиш юзасидан Бухоро шаҳридаги бир маҳаллага бордик. Ўрганишимиз чоғида маълум бўлишича, фуқаролардан бири коммунал тўловлардан қарзи кўпайиб кетгач, моддий ёрдам сўраб маҳалла фуқаролар йиғинига ариза билан мурожаат қилган. Маҳалла раиси эса бу фуқарога моддий ёрдам бера оладиган ҳомий топиш учун Халқ демократик партиясининг Бухоро шаҳар Кенгашига мурожаат билан чиқади. Депутатларнинг саъй-ҳаракати билан мазкур оилага 2 миллион 500 минг сўм пул саховат қилинади. Фуқаро эса пулни олади-ю, яна маҳалла ҳам алоҳида ёрдам бериши керак, деб МФЙ раисини тинч қўймайди. Мақсади ҳосил бўлмай, рад жавобини олган фуқаро бу борада бошқа ташкилотларга шикоят қилади. Хуллас, у ёғи “ёзди-ёзди” бошланади.
Яна бир фуқародан келган мурожаатни жамоатчилик асосида ўргандик. Мурожаатда ёзилишича, оила моддий жиҳатдан жуда қийналган, уйлари таъмирталаблиги боис амалий ёрдам сўралган.
- Эрим ҳеч қаерда ишламайди, чунки ўқимаган, - дейди уй бекаси. - Мен уйда болаларга қарайман. Ишлашга имконим йўқ. Моддий томондан жуда қийналиб қолганмиз. Уйимизни таъмирлашимиз керак.
Хонадонга разм соламиз, унчалик ҳам таъмирталаб эмас, нари борса уйнинг эркаги қўл кучи билан бир кунда қилинадиган иш, аммо, назаримизда, оила бошлиғида бунинг учун ҳафсала йўқ. 35 ёшлардаги, тоғни урса талқон қиладиган эркак хотини орқали моддий ёрдам олмоқчи.
Аччиқ бўлсаям, ҳақиқат шуки, иш йўқлигини ниқоб қилиб, уйдан чиқмай, аҳли аёлини моддий ёрдам учун турли идораларга юборишдан тап тортмаётган эркакларимиз бор. Шароити оғир бўлмаса ҳам, “Нега мени “Темир дафтар”га киритмадинглар?” деб жанжал қиладиган аёлларимиз сони ҳам, афсуски, оз эмас. Бу тоифадаги опа-сингилларимиз билан ишлаш, хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни яқиндан ўрганиш ва яхшилаш, жамиятнинг бош бўғини – оила институтини мустаҳкамлаш учун ҳам халқ вакиллари орасида аёлларнинг бўлиши жуда муҳим.
Хулоса ўрнида
Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясига кўра, 2030 йилга бориб хотин-қизларнинг улушини сиёсий партияларда 50 фоизга, вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда 15 фоизга, бошқарув лавозимларида 30 фоизга ошириш мақсад қилинган.
Демак, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, турли соҳаларда оддий одамлар дуч келаётган муаммоларни, қонун бўшлиқларини бартараф этиш, барча жабҳада “Инсон қадри - устун” тамойилини қарор топтиришдек эзгулик йўлида муносиб ҳисса қўшадиган бағрикенг, меҳнаткаш, зукко, фаҳм-фаросатли, оқила, меҳрибон опа-сингилларимиз сафи янада кенгайиши муқаррар.
Фарида МАҲКАМОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
«Ўзбекистон овози», 11.09.2024, №36