Маълумки, коммунал хизматлар фуқароларнинг фаровон ва қулай ҳаёт кечиришини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Сув, иситиш, электр энергияси, газ таъминоти, канализация, чиқиндиларни йиғиш каби инсон учун зарур ҳаётий эҳтиёжларни қондиришга йўналтирилган хизматларга доимий эҳтиёж мавжуд.
Шу боис, коммунал хизматлар ва тарифлар аҳоли учун қулай ва адолатли бўлиши мақсадга мувофиқ, деб биламиз.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партиямиз бу йўналишдаги фаолиятни ҳуқуқий асосда тартибга солишни назарда тутувчи “Коммунал хизматлар ва тарифларни тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш зарур, деб ҳисоблайди.
Мазкур ҳужжатни қабул қилиш зарурати қуйидагилар билан изоҳланади:
- коммунал хизматлар учун белгиланадиган тарифлар адолатли ва иқтисодий асосланган бўлишини таъминлаш, хизматлар ва тарифларнинг нархини белгилаш жараёнида аҳолининг турмуш даражасини ҳисобга олиш;
- ижтимоий заиф қатламларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улар учун махсус имтиёзли тарифларни жорий этиш;
- коммунал хизматлар соҳасида хусусий секторнинг фаол иштирокини рағбатлантириш орқали янги сармояларни жалб этиш;
- хизмат кўрсатувчилар учун сифат стандартларини ишлаб чиқиш ва унга риоя қилиниши устидан самарали назорат тизимини жорий этиш.
Бу қонуннинг қабул қилиниши коммунал хизматлар сифатини яхшилаш ва уларни фуқаролар учун иқтисодий жиҳатдан мақбул нархларда тақдим этиш, тарифларни белгилашда шаффофлик, хизмат кўрсатувчи компаниялар фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш механизмларини жорий этишга хизмат қилади.
Хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Япония, Россия каби давлатларда коммунал хизматлар ва тарифларни тартибга солувчи қонунлар мавжудлигини кўрамиз.
Партиямиз ташаббуси билан мазкур қонуннинг қабул қилиниши коммунал хизматлар самарадорлигини ошириш, уларнинг сифатини яхшилаш ва тарифларни барқарор ушлаб туриш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, бундай қонун энергия тежайдиган технологиялар ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантиради.
Ш.Хўжаев,
Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, ю.ф.н., доцент.