Суғурта шартномаларида давлат божини тўлашдан озод этиш кўзда тутилмоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, хусусан одам савдосидан жабрланганларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бироқ, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ҳамон содир этиб келинмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2019 йилда 94 та, 2020 йилда 93 та, 2021 йилда 162 та, 2022 йилда 165 та, 2023 йилда 144 та, 2024 йил 5 ойида 90 та одам савдоси билан боғлиқ ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Бинобарин, бугунги кунда инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда, жумладан, одам савдоси жинояти учун мутаносиб санкциялар белгиланмаган.

Шунингдек, Одам савдоси учун жавобгарликни назарда тутувчи модданинг иккинчи қисм «а» бандида назарда тутилган белгилар бўйича, яъни ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали содир этиш учун жазо чораси амалдаги ЖКнинг 137-моддаси иккинчи қисми санкциясига мувофиқ эмас. Ваҳоланки, ушбу жиноятларнинг субъектив белгилари бир-бирига яқин ва ижтимоий ҳавфлилиги тенгдир.

Қолаверса, одам савдоси жинояти объекти бўйича оғирлаштирувчи бандлар сифатида ҳомиладор аёлга нисбатан содир этиш белгиси мавжуд эмас. Шунга кўра, одам савдоси учун жавобгарликни дифференциация қилишда юзага келган масалаларни бартараф этиш мақсадида 2-қисмга оғирлаштирувчи ҳолат сифатида «ҳомиладор аёлга нисбатан» деган банд билан тўлдириш тақозо этилмоқда.

Бундан ташқари, амалда модданинг учинчи қисми санкциясида 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Бунда ушбу қисм «оғир» ёки «ўта оғир» жиноят туркумига кириши масаласида ҳуқуқни қўллаш амалиётида муаммолар мавжуд.

Шу сабабдан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ушбу қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан оғирроқ жазо чораларни белгиловчи ўзгартиришларни киритиш кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси юзасидан депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, унинг нақадар муҳимлигини, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, ҳимоя қилишда асос бўлишини алоҳида таъкидлашди. Ҳужжатни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар берилиб, 1-ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Йиғилишда шунингдек, «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига суғурта қилдирувчиларни мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар бўйича давлат божини тўлашдан озод этишга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тартибини мустаҳкамлаш юзасидан бир қатор институционал чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга суғурта қилдирувчилар томонидан мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар билан судларга мурожаат қилинганда, улардан давлат божи ундирилиши қўшимча молиявий харажатларга олиб келмоқда. Шу муносабат билан «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига суғурта қилдирувчиларни мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар бўйича давлат божини тўлашдан озод этишни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу Қонун суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилиши инобатга олиниб, депутатлар томонидан маъқулланди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш