Халқ демократик партияси 2019 йили Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари олдидан 12 қадамни ўзида мужассам этган, 82 банддан иборат сиёсий-ижтимоий мақсадларни қамраб олган Сайловолди дастурини қабул қилган эди. Ўрганишлар кўрсатмоқдаки, ҳозирга қадар уларнинг 70 дан ортиғи амалга ошди. Энг муҳими, партиянинг ижтимоий идеали бўлган ижтимоий демократик давлатни барпо этиш тамойили Конституцияда муҳрланди. Хабарингиз бор, дастур ижроси доирасидаги амалий ишлар ҳақида газетамизнинг ҳар бир сонида маълумот бериб боряпмиз. Бу гал ҳам айни анъанани давом эттирамиз.
Жамиятнинг ҳар бир аъзоси тенг ҳуқуқлидир!
Ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигига эришиш инсонпарвар жамият учун асосий мезондир. Ушбу мезон олий мақсадга айланган мамлакат ҳамма даврда барқарор ривожланган.
Ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини ногиронлиги бўлган инсонларнинг манфаатлари ҳимоясида ҳам яққол кўриш мумкин. Зотан, ҳар бир шахс жисмоний, ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, жамиятда тенг имкониятларга эга бўлиши муҳим. Бу Халқ демократик партияси илгари сурган позициялардан бири.
Сир эмаски, яқин-яқингача ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан “муаммо” сифатида, “меҳнатга лаёқатсиз” деб ачиниш ҳисси билан қарашдек нотўғри муносабатга дуч келар эдик. Бундай инсонларнинг манфаатларини қатъий туриб ҳимоя қилиш Халқ демократик партияси депутатлари ва фаоллари фаолиятида устуворлик касб этди. Бундан ташқари, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясини ратификация қилиш, миллий қонунчиликни БМТнинг ногиронлар учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича меъёрий қоидаларига мувофиқлаштириш масалалари ҳам диққат-эътиборда бўлди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 1 миллиарддан ортиқ одамда ногиронлик қайд этилган. Бу дунё аҳолисининг тахминан 15 фоизини ногиронлиги бор шахслар ташкил этади, дегани. Ўзбекистонда ҳам шу тоифадаги инсонлар сони қарийб 1 миллионга яқин.
Маълумки, юртимизда ҳар йили ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан катта маблағ ажратилади. Мақсад эса уларни жамиятнинг фаол қатламига айлантириш учун имконият яратишдир. Ногиронлиги бўлган фуқароларнинг жамиятга интеграциясини тезлаштириб, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш учун амалда “тўсиқсиз муҳит”ни қарор топтириш ҳар қачонгидан долзарб.
Хўш, ўтган беш йил давомида бу борада қилинган ишлар ва реал натижалар ҳақида нима дейиш мумкин?
2020 йилда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонун билан Ўзбекистонда ижтимоий адолат тамойилига амал қилиш, ёрдам ва қўллаб-қувватлашга муҳтож, биринчи навбатда жисмоний имконияти чекланган одамларга тўлақонли ҳаёт кечириш учун шароит яратиш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди.
Қонуннинг 6-моддасида ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик тамойили акс эттирилган. Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш ҳолатлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланди.
Бунинг мантиқий давоми сифатида 2021 йилда “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун имзоланди.
Конвенциянинг ратификация қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг халқаро норма ва стандартларга мослашиши, бу йўлда халқаро ташкилотларнинг мақсадли ресурсларини жалб қилиш имкони кенгайиши ҳамда мамлакатимизнинг халқаро имижи янада яхшиланишига хизмат қилади.
2023 йил 27 февралда “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори имзоланди.
Қарорда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётининг барча соҳасида иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсад қилинган.
Жумладан:
– ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ва уларга юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш,
– «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган ҳамда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан бепул таъминлаш,
– 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда ногиронлиги бўлган шахслардан тиббий хулоса талаб этишни бекор қилиш каби ҳуқуқий кафолатлар, бепул ижтимоий ёрдам ва уларни ортиқча оворагарчиликдан халос қилувчи масалалар кўзда тутилган.
Протез-ортопедия воситалари билан таъминлашдаги имтиёзлар
ЎзХДП Сайловолди дастурида тегишли соҳаларда самарали депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори воситалари, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этиш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш вазифаси белгиланган эди.
Ушбу вазифа ижроси ҳақида партиянинг парламентдаги фракцияси аъзоси Мавжуда Ҳасанова қуйидагиларни гапириб берди:
– Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кафолатлаш, уларга тенг имконият яратиш бўйича қонунчиликнинг ҳам миллий, ҳам халқаро асослари яратилмоқда. БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси ратификация қилиниши давлат ва жамият зиммасига катта масъулият олганини англатади. Шу билан бирга Конвенция, қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш вазият бирданига тубдан ўзгариб кетади дегани эмас, албатта. Ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш бирламчи муҳим қадам эди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 сентябрда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2024 йил 1 январдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация ҳамда дори воситалари билан таъминлаш ишлари «ваучер» тизими асосида босқичма-босқич ташкил этиладиган бўлди. Бунда ногиронлиги бор шахсларга товар ва хизматларни ўзлари танлаган етказиб берувчидан харид қилиш имконияти яратилади ва уларнинг харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Бинобарин, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларнинг сифатли ва замонавий протез-ортопедия буюмлари билан таъминланиш даражасини юз фоизга етказиш назарда тутилган.
Яна бир эътиборга молик муҳим жиҳатга тўхталсам. Бугунги кунда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар йили бепул тиббий-ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш кўлами 80 минг нафардан 120 минг нафарга ортди. “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида давлат таъминотига олинган шахслар сони 14 фоизга ошиб, 9,3 минг нафарни ташкил этмоқда. Реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш деярли каррасига кўпайди. Муҳтож фуқароларнинг ўзи танлаган ишлаб чиқарувчидан ушбу маҳсулотларни олишларини таъминловчи тизим жорий қилинди.
Таълим олишга тўсқинлик қилувчи ҳар қандай ҳаракатлар тақиқланди
Инклюзив таълим моҳиятан ногиронлиги бор болалар ҳам соғлом тенгдошлари билан битта мактабда, битта синфда ўқишини англатади. Яъни, у барча учун мўлжалланган таълим. Бу мактабгача, ўрта ва олий таълимни қамраб олади. Инклюзив таълим ногиронлиги бўлган ўғил-қизларга нисбатан ҳар қандай камситишни истисно этадиган, барча учун тенг муомалани таъминлайдиган, махсус таълим эҳтиёжига эга болалар учун зарур шароит яратадиган мафкурага асосланади.
Таҳлилларга кўра, агар мактабларда инклюзив таълим билан қамраб олиш учун шароит яратилса, ногиронлиги бор 16 ёшгача болаларнинг 80 фоизидан ортиғи бемалол мактабга бора олади. Шунда ногиронлиги бор бола тенгдошларидан ўзини айро ҳис қилмайди, ишончи ошади, интилиши кучаяди.
Шундан келиб чиқиб, партиямиз Сайловолди дастурида инклюзив таълимни янада ривожлантириш ва шу соҳада фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларга имтиёзлар тақдим этиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган эди. Хусусан, бунда ногиронлиги бўлган болалар учун махсус адабиётларни, жумладан, овоз жўрлигидаги Брайль алифбоси асосида чоп этиш ва харид қилиш, ушбу мақсадлар учун харажатларни давлат бюджетидан молиялаштиришни таъминлашга эришиш қайд этилди.
Бевосита электоратимиз манфаатлари билан боғлиқ ушбу вазифалар ижроси бўйича ХДП фаолларига юзландик.
– Таълим муассасаларида сифатли таълим олиш ва малака ошириш учун тенг имкониятлар яратилмоқда, – дейди партия Марказий Кенгаши шўъба мудири Баҳодирхон Камолов. – Халқ таълими тизимида инклюзив таълим йўлга қўйилди. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни барча даражада сифатли таълим олиши учун тенг имкониятлар яратилмоқда.
Фракция аъзолари ва халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунидаги тегишли меъёрлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси устидан тизимли равишда парламент ва депутатлик назорати амалга оширилди. 2020 йил 23 сентябрда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунга илк бор инклюзив (уйғунлашган) таълим тушунчаси киритилди.
Ўзбекистон умумтаълим мактабларида инклюзив таълимни жорий этиш режаси белгилаб олинди. Унга кўра, 2025 йилгача алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болаларнинг 40 фоизи одатий мактабларга жалб қилиниши кўзда тутилган. Бунинг учун жадал амалий ҳаракатлар қилиняпти. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциялари халқаро тажрибани уйғунлаштиришда қўл келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида билдирган имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича минтақавий кенгаш тузиш борасидаги таклифини эса ногиронлиги бўлган кишилар ҳимоясига қаратилган яна бир катта ташаббус, дейиш мумкин.
Ҳаёт учун керак
Бепул ижтимоий хизматлар рўйхати тасдиқланиши ва қўлланишига эришилгани партия қўлга киритган яна бир залворли натижалардан дейиш мумкин. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган аҳолининг зарур товар ва хизматлар учун қилган харажатларига қўшилган қиймат солиғи қайтарилиши жорий этилди. Натижада 2 млн.дан ортиқ оилага енгиллик яратилди.
Мақсад ҳар бир инсоннинг ҳаётий зарур ижтимоий хизматлардан бепул фойдаланишини қонунчилик даражасида ва реал ҳаётда кафолатланишига муваффақ бўлиш эди. Хусусан, фуқароларнинг таълим олиш, ижтимоий ҳимоя, малакали юридик хизматдан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаш айни зарурат ҳисобланади.
– Бугунги кунда ижтимоий хизматлар соҳаси замонавий фуқаролик жамиятининг ўзига хос институти сифатида намоён бўлмоқда. Ижтимоий хизматларнинг институтлашуви масаласи хорижий давлатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш концепцияларида ҳам ўз аксини топмоқда, – дейди партия Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Аброр Қурбонов. – Давлат ва одамлар ўртасидаги муносабатлар кейинчалик профессионал характерга эга бўлган ижтимоий хизматларга айланади. Ижтимоий хизматлар, деб асосан соғлиқни сақлаш, фан, таълим, маданият каби соҳаларда кўрсатиладиган хизмат турларига айтилади. Улар очиқлик, шаффофлик, ошкоралик тамойилларига таянади.
Ижтимоий хизматлардан бепул, бемалол фойдаланиш имкониятини яратиш дегани ҳамма нарса текин бўлсин деган мазмундан, ожиз мафкурадан бутунлай йироқ. Бу ўринда асосий масала фуқароларнинг ижтимоий ҳолати, келиб чиқиши, иқтисодий имкониятларидан қатъи назар, уларга Конституциядаги ҳуқуқларини амалга ошириш учун шароит яратилиши билан боғлиқдир.
Масалан, бола қандай оилада туғилмасин, бошланғич ва мактаб таълимини олиши зарур, буни давлат кафолатлайди. Инсон бемор бўлиб, ҳаётига хавф юзага келганда, давлат соғлиқни сақлаш тизими орқали уни ҳимоялаш чораларини кафолатлаши муҳим. Инсон шаъни, қадр-қимматини асраш, ўзини ҳимоя қилишга муҳтож бўлиб қолганда, ижтимоий, иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, унинг устувор ҳуқуқлари таъминланиши керак.
Бошқачасига айтганда, давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар давлат ва жамиятни ўзаро ишонч, масъулият билан боғлаб турувчи муҳим институтлардан биридир. Халқ демократик партияси кўзлаган мақсад ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги деган ҳаётий тамойилга, халқимизнинг тарихий турмуш тафаккурига асослангани яққол тушунарли.
Ижтимоий хизматлар бўйича давлат раҳбарининг 2020 йил 4 августда “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилинди. Унга кўра, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да рўйхатга олинган оилаларга бепул ёки имтиёзли шартларда қатор ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатилиши йўлга қўйилди. Жумладан, давлат мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар тўловидан озод этиш, мактабгача таълим муассасаларида ўрнатилган миқдорларда ота-оналар тўловини тўлаш, умумий ўрта таълим мактабларида дарсликлар ижара тўловларидан озод этиш, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун қишки кийим-бош бериш белгиланди. Кам таъминланган оилаларнинг ногиронлиги бўлган аъзоларини протез-ортопедия мосламалари билан таъминлаш назарда тутилди. Ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида бепул махсус (амбулатор ёки кундузги) тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича йўлланма (ордер) олиш каби ижтимоий хизматлар белгиланди.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими нафақат ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг манзиллилигини ошириш имконияти, балки ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қисқа муддатларда аниқлаш, уларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва самарали воситасига айланиб боряпти.
Умуман олганда, ижтимоий хизматлар соҳасининг ташкилий-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш кейинги 4-5 йил ичида сезиларли жонланди. Асосийси, эндиликда муҳтож одамлар керак пайтда зарур хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу давлатнинг нафақат масъулияти, балки иқтисодий куч-қудрати ҳам халқимиз эҳтиёжларига муносиб даражада ошаётганини билдиради.
Факт ва далиллар Халқ демократик партияси дастурида белгилаб олган ҳар бир инсоннинг ҳаётий зарур ижтимоий хизматлардан бепул фойдаланишини қонунчилик даражасида ва реал ҳаётда кафолатлаш мақсадига босқичма-босқич эришилаётганини тасдиқлайди. Бу бутун давлат ва жамиятимизнинг салмоқли ютуғидир.
Лазиза ШЕРОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
«Ўзбекистон овози», 18.09.2024, №37