Давлатнинг иқтисодиётга таъсири энг мақбул шаклда сақлаб қолиниши керак
Давлатнинг иқтисодиётга таъсири энг мақбул шаклда сақлаб қолиниши керак

 

Ҳар бир мамлакатда иқтисодиётга давлатнинг маълум даражада аралашуви мавжуд бўлади. Тартибга солинмаган мутлақ эркин бозор мавжуд эмас. Давлат шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда маълум мезонлар асосида иқтисодиётга маъмурий таъсир кўрсатади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида ўз ифодасини топган иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини ҳамда стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолиш, уларни хусусийлаштиришни қонун даражасида тақиқлаш тўғрисидаги ташаббуси муҳим аҳамиятга эгадир.

Партиямиз томонидан давлатнинг иқтисодиётдаги фаол таъсирини сақлаб қолишнинг асосий сабаблари қуйидагилар билан изоҳланади:

- энергетика, транспорт ва мудофаа саноати каби стратегик муҳим соҳалар миллий хавфсизликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Булар устидан давлат назорати уларнинг миллий манфаатларга зарар етказиши мумкин бўлган хорижий ёки хусусий манфаатлар назорати остига тушишига йўл қўймайди;

- давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки, айниқса, инқироз даврида ижтимоий барқарорликни таъминлашга кўмаклашади. Бунга бандликни қўллаб-қувватлаш, асосий товарлар ва хизматлар нархларини тартибга солиш ҳамда аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш киради;

- давлат назоратини белгилаш монополлаштириш, суиистеъмол қилишнинг олдини олиш ва адолатли рақобатни таъминлаш учун асосий тармоқларни яхшироқ тартибга солиш имконини беради;

- давлат назорати инфратузилма, янги технологияларни тадқиқ этиш ва ривожлантиришга узоқ муддатли инвестициялар жалб этилишини осонлаштириши мумкин, бу масала хусусий сектор учун устувор аҳамиятга эга эмас.

Халқаро тажрибани кўрадиган бўлсак, кўплаб мамлакатларда мазкур масала қонунчилик даражасида белгиланган.

Масалан, Россияда давлат энергетика, транспорт ва мудофаа соҳаларидаги йирик компанияларга эгалик қилиш орқали иқтисодиётда фаол иштирок этади. Қонунчилик даражасида Газпром ва Роснефть каби стратегик муҳим компанияларни хусусийлаштириш мумкин эмаслиги белгиланган.

Хитойда давлат иқтисодиётда, айниқса, банк, энергетика ва телекоммуникация каби стратегик соҳаларда етакчи роль ўйнайди. Давлат компаниялари иқтисодиётнинг таянчи бўлиб, ушбу тармоқларда хусусийлаштириш қатъий тартибга солинади.

Францияда хусусийлаштириш мумкин бўлсада, бу стратегик соҳаларда эҳтиёткорлик билан амалга оширилади. Стратегик аҳамиятга эга компаниялар, айниқса, EDF каби энергетика соҳасидаги компанияларда давлат назорати сақлаб қолинган.

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов Партия муносабати Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш