ХДПдан “Фаол кексайиш” стратегияси
ХДПдан “Фаол кексайиш” стратегияси

 

Кексалар саломатлигининг сифат кўрсаткичлари (касалланиш, ўлим, ногиронлик) ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлиги билан бевосита боғлиқ. Уларнинг ижтимоий аҳволи эса кўп ҳолатларда ўз саломатлигини муҳофаза қилиш, шошилинч ва малакали тиббий ёрдамлардан фойдаланиш учун имконияти бор ёки йўқлигида яққол кўринади.

Шу нуқтаи назардан партиямиз кексаларга сифатли тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Кексалар учун тиббий-ижтимоий хизматлар кундузги парвариш қилиш марказлари, шифохоналар, амбулаториялар, уйда тиббий хизмат кўрсатиш каби кенг тармоқни ўз ичига олиши лозим. Бу борада соғлиқни сақлаш инфратузилмасини барча зарур жиҳозлар ҳамда махсус мутахассислар билан таъминлаш муҳимдир.

Фикримизча, соғлиқни сақлаш тизими кексалар касалланишлари профилактикасига жиддий эътибор қаратиши керак.

Кексаликда, яъни, танингдан куч, кўзингдан нур кетганда инсоннинг ёлғиз қолиши жуда оғир. Устига-устак физиологик қариш жараёни айрим сурункали касалликларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Бундай вазиятда инсон учун ижтимоий, тиббий ва психологик кўмак, ғамхўрлик ҳар қачонгидан керак. Дунё тажрибасига разм солсак, бу вазифани хоспислар муваффақиятли бажараётганини кўриш мумкин.

Хосписларнинг қариялар уйларидан фарқи катта. Бундай муассасаларга бириктирилган шифокорлар ва ҳамширалар кекса ёшдаги беморларга ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатиш билан бир вақтда уларнинг жисмоний ва руҳий оғриқларини енгишига ёрдам берадилар. Тақдир синовлари туфайли ёлғиз қолган, парваришга муҳтож кекса ёшдагилар учун ҳам ижтимоий кўмак марказлари, яъни, хосписларни кўпайтириш жамиятимиз учун сув ва ҳаводек зарур. Бинобарин, мамлакатимизда жорий йил август ҳолатига кўра ялғиз яшовчи кексалар сони 7 минг 939 нафарни ташкил этмоқда. Бу кичкина рақам эмас.

ХДП дастурида хоспислар фаолиятини кенгайтириш, “Хоспис хизматини кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаш чиқиш ташаббуси шу жиҳатдан мақсадга мувофиқ.

Бундан ташқари, фаол қариш бўйича стратегияни илгари суриш орқали барча соҳада кекса одамларнинг фаол иштирокини рағбатлантириш масаласига ҳам диққат қаратилган.

Фаол қариш – бу жуда кенг тушунча. Биламизки, ёш ўтиши билан инсонда табиий биологик жараён – кексайиш кузатилади. Бу жараёндаги ўзгаришлар нафақат ташқи қиёфада зуҳур бўлади, балки жисмоний фаоллик чекланади, кўпинча юрак, қон-томир ва асаб тизимида турли хасталиклар юзага кела бошлайди.

Мутахассислар соғлом турмуш тарзи, меҳнат ҳамда дам олишни тўғри шакллантириш, соғлом овқатланиш, доимий ҳаракат ва ҳатто ён-атрофдаги инсонлар билан олижаноб муносабатлар фаол қариш асоси эканини таъкидлайдилар. Халқона айтганда, кексаликка бўйин эгмаган инсонлар ҳаётга қизиқишини ва ижтимоий фаолиятини сўндиришмайди. Оилада ҳам, жамият ҳаётида ҳам фаол бўладилар.

ХДПнинг фаол қариш бўйича стратегияси орқали кексаларимизнинг барча соҳада ўрни ва обрўсини ошириш таклифи замирида чинакам инсонпарварлик тамойили мужассамлигини ортиқча таъриф этишга ҳожат бўлмаса керак.

Бугун давлат ва жамият ривожи учун ёшлар билан баравар бел боғлаган кекса авлод вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, бунинг учун тиббий ёрдам, молиявий кўмак ва ижтимоий интеграцияга қаратилган комплекс чораларни амалга ошириш партиямизнинг дастурий мақсадларига уйғундир.

Ёши улуғ инсонлар – бетакрор қадриятларимиз ва маънавий-маданий меросни асраб юрган хазина мисоли. Уларни қадрлаш, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш пировардида халқимизнинг маданий тараққиётига хизмат қилади.

 

Шоҳрух ЎКТАМОВ,

Халқ демократик партиясидан кўрсатилаётган номзод.

«Ўзбекистон овози», 18.09.2024, №37

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов Партия муносабати Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш