Жорий йилги сайловларда иштирок этадиган сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари сиёсий харитани шакллантириш ва мамлакат тараққиётининг истиқболли йўналишларини англашда муҳим восита ҳисобланади. Улар сайлов жараёнида кўпроқ сайловчиларнинг овозига эга бўлиш нуқтаи назаридан асосий ўрин тутади, сайловчиларнинг танловига таъсир кўрсатади ва сайланган сиёсий кучларнинг келгусидаги фаолияти учун йўналишларни белгилайди.
Ҳар бир партия ўз ғояларига асосланган ҳолда яқин келажакда амалга оширишни мақсад қилган ташаббусларни илгари суради.
Хусусан, Халқ демократик партияси вакиллик органларида, шунингдек, давлат фуқаролик хизматида ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида квота жорий этишни ғоясини илгари сурмоқда. Ушбу таклиф партиянинг сиёсий майдондаги спектрига монанд бўлгани баробарида ижтимоий адолатни таъминлашни ҳам кўзда тутади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда, шунингдек, давлат хизматига квоталарнинг жорий этилиши инклюзивлик ва ижтимоий тенглик йўлида ташланган муҳим қадам бўлади. Бундай ечим ногиронлиги бўлган шахсларнинг сиёсий ҳаётда ва давлат хизматида иштирок этишини таъминлайди, бу эса, ўз навбатида, қарорлар қабул қилиш жараёнида уларнинг манфаатлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олишга ёрдам беради.
Хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлили ривожланган мамлакатларда ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида квота ажратилганлигини кўрсатади. Хусусан, Италия ва Францияда сиёсий партиялардан ногиронлиги бўлган шахслар номзодларини партия рўйхатига киритишни талаб қиладиган қонун мавжуд. Бу парламент ва маҳаллий ҳокимият органларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг вакиллигини оширишга ёрдам беради.
Умуман олганда, парламент ва қуйи вакиллик органларида ногиронлиги бўлган шахслар учун квота ажратилиши ушбу шахсларнинг ҳам давлат ҳамда жамият ишларида иштирок этишини таъминлаш ва уларнинг фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, илгари сураётган ташаббусларимиз партиямизнинг рақобатдошлигини ошириши баробарида бўлажак сайловларнинг сиёсий партиялар ўртасидаги кескин курашлар остида ўтишини таъминлайди.