ХДП педагоглар билан учрашди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловлари кампанияси тобора ҳал қилувчи паллага кирмоқда. Шу кунларда юртимиз бўйлаб ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг энг асосий иштирокчилари бўлган сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини фаол олиб бормоқдалар.

“Ижтимоий давлат учун!” шиори остида сайловолди ташвиқотини қизғин суръатда олиб бораётган Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан ҳам жойларда асосий электорат вакиллари иштирокида юзма-юз учрашувлар ўтказиляпти. Ана шундай учрашувлардан бири Низомий номидаги давлат педагогика университетида бўлиб ўтди.

Мазмунан янгича ёндашув ва кенг қамровда ташкил этилган ушбу тадбирда Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раҳбарлари ва фаоллари пойтахтимиздаги мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчилар, тарбиячи-педагоглар ҳамда мураббийлар билан учрашди. Унда 150 нафар соҳа вакиллари бир даврага жам бўлди.

Таъкидланганидек, таълим давлат ва жамият тараққиётининг бош негизидир. Энг бебаҳо стратегик ресурс ҳисобланган ёш авлод манфаатини таъминлаш учун ушбу соҳага устувор эътибор қаратиш лозим. Зеро, энг истиқболли сармоя - бу таълимга йўналтирилган сармоядир.

Бироқ, сир эмаски, мамлакатимиз таълим тизимини босқичма-босқич сифат даражасига кўтаришда олдинда қилинадиган вазифалар кўп. ХДП асосий электорати вакиллари билан учрашувда айни шу масалаларга аҳамият қаратилди. Партия Сайловолди дастурида таълим тизимини ривожлантириш, соҳада мавжуд муаммолар ечимига доир таклиф ва ғоялар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Халқ демократик партияси ёшларнинг сифатли таълим олиши тарафдори экани алоҳида қайд этилди. Юртимиздаги ҳар бир бола келгусида ҳаётда ва жамиятда ўрин топадиган шахс сифатида шаклланиши учун таълимнинг барча босқичида аҳолининг ҳамма қатламига тенг имкониятлар яратилиши кераклиги айтилди.

Тадбирда партиянинг 2019 йилги Сайловолди дастурида таълим соҳасини ривожлантириш бўйича илгари сурган ташаббуслари доирасида сўнгги беш йилда эришилган салмоқли натижалар санаб ўтилди.

Ўз навбатида 27 октябрь куни ўтиши кутилаётган мазмунан янги ва технологик сайловларнинг ҳар бир ҳамюртимиз ҳаётида тутган ўрни, аҳамияти хусусида ҳам сўз борди. Сиёсий уйғоқ, ташаббускор, дастури ҳаётий ва долзарб бўлган депутатликка номзодларни сайлаш сайловчиларнинг бурч ва масъулияти экани эслатилди.

Учрашувда таълим соҳаси ходимлари партиянинг фаолияти, дастурий мақсадлари ва галдаги вазифалари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш