Ўзбекистон ХДП фармацевтика соҳасида давлат назоратини кучайтириш ташаббусини илгари сурмоқда

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, аҳолисининг даромади паст ва ўрта бўлган мамлакатларда муомалада бўлган ҳар ўнта тиббий маҳсулотдан биттаси сифатсиз ёки сохталаштирилган. Бу эса, ўз навбатида, беморлар томонидан касалликларни даволаш ёки олдини олиш учун самара бермайдиган дори-дармонлар қабул қилинишини билдиради. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, қалбаки ва қўлбола дорилар аҳолининг энг заиф қатламларига кучли таъсир қилади ва натижада жиддий касаллик ёки ўлимга сабаб бўлади.

Шу мақсадда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фармацевтика соҳасида давлат назоратини кучайтириш ташаббусини илгари сурмоқда.

Бу соҳадаги назоратни кучайтириш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида” Қонун қабул қилиниши фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш, дори воситаларининг мавжудлиги ва сифатини таъминлаш, шунингдек, жамиятда ижтимоий адолат ва барқарорликни сақлашдаги зарур чора-тадбирлардан ҳисобланади.

Таъкидлаш жоиз, давлат назоратини кучайтириш одамлар саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларининг бозорга кириб келишининг олдини олишга ёрдам беради. Давлат назорати бозордаги барча дори воситаларининг белгиланган сифат стандартларига жавоб беришини ва зарур текширувлардан ўтишини таъминлашга кўмаклашади.

Статистика маълумотларига эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда Ўзбекистонда 2 373 турдаги дори воситалари ишлаб чиқарадиган 152 та маҳаллий корхона фаолият кўрсатмоқда. Шунга қарамай, истеъмол қилинадиган фармацевтика маҳсулотлари ҳажмининг асосий қисми (қарийб 1,3 млрд доллар ёки 82 %) импорт қилинади. Шу боис уларнинг фармацевтик талабларга жавоб бериши устидан назоратни кучайтириш зарур. Акс ҳолда қалбаки ва контрафакт дорилар инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бундан ташқари, “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши шаффоф ва адолатли нархларни белгилаш қоидаларини белгилайди, бу эса, айниқса, талаб юқори бўлган даврда чайқовчилик ва дори-дармон нархлари кескин ўзгаришининг олдини олади.

АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Италия, Россия, Қозоғистон каби давлатларда дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳаракатланишининг мониторингини олиб боришни назарда тутувчи ахборот тизими самарали йўлга қўйилган. Сифатсиз дори воситалари муомаласига чек қўйилган. Дори воситаларининг ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинган вақтдан бошлаб истеъмолчига етиб борган вақтигача ҳаракатланишини кузатиш имкони яратилган.

Хулоса қилиб айтганда, партиямизнинг ушбу ташаббуси инсон саломатлигини сақлаш ва сифатли тиббий воситалар билан таъминлаш нуқтаи назаридан долзарб аҳамиятга эга.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов Партия муносабати Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш