Тошкент вилоятида номзодлар сайловчилар юзма-юз

 

Шу кунларда сайловолди тарғибот тадбирлари қизғин паллага кирмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Тошкент вилояти фаоллари, бошланғич партия ташкилотлари, волонтёрлик гуруҳлари ҳам фаол тарғибот тадбирларини олиб бормоқда. Янгийўл шаҳар Тиббиёт коллежида бўлиб ўтган мулоқотда партиянинг янги Сайловолди дастури, номзодлар сайловчиларга таништирилди.

Таъкидланганидек, мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, халқ фаровонлигига эришиш, давлат бошқаруви самарадорлигини оширишда сайловлар фундаментал аҳамият касб этади. Ўзбекистон Халқ демократик партияси узоқ йиллик тажрибага эга бўлиб, юртимизда ўтказилган барча сайловларда муваффақиятли иштирок этиб келган.

Кучли жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлашдек умуминсоний ғояларга таянгани учун партиямиз ғоялари ҳар доим долзарб бўлиб келмоқда.

Самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувда партиянинг Сайловолди дастуридаги энг муҳим йўналиш, халқ манфаатлари нуқтаи-назаридан ишлаб чиқилган ғоя ва таклифлар йиғилганларга тушунтириб берилди. Дастурда давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритишга қаратилган 15 қадамни ўзида мужассам этган 100 га яқин таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Табиийки, партия бош мақсадидан келиб чиққан ҳолда доимгидек, ижтимоий йўналишга, ижтимоий соҳадаги муаммолар ечимига асосий урғуни берган.

Масалан, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхатини кенгайтириш, шу орқали доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чоралари кўриш ҳақидаги ташаббуслар инсонийлик тамойилларига тўла мос келади.

Шунингдек, мулоқотда партия аҳолининг қайси ҳудудда яшашидан қатъи назар давлат томонидан кафолатланган тиббий хизмат олиши, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш орқали соҳада шаффофлик таъминлаш тарафдори экани таъкидланди. Тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам таъминланган аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантириш борасидаги таклифлар кўпчиликка манзур бўлди.

Учрашувда сайловчилар ҳам фаол иштирок этиб ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш