ХДП давлат харидлари борасида шаффофлик ҳамда жамоатчилик назорати кучайтирилишини таклиф қилмоқда
ХДП давлат харидлари борасида шаффофлик ҳамда жамоатчилик назорати кучайтирилишини таклиф қилмоқда

 

Маълумки, ижтимоий адолат, манфаатлар тенглиги, инсон фаровонлигини таъминлаш мақсади ҳар бир давлат ва халқнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантиришдаги устувор мезон ҳисобланади.

Давлат харидлари давлат, жамият ва бизнес ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг сифатини акс эттирадиган жараён саналгани ҳолда бунда давлат органлари ва муассасалари аҳоли ҳамда жамият манфаатларини кўзлаб бюджет маблағларидан максимал даражада самарали фойдаланиши лозим.

Бугунги кунда жаҳондаги ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, давлат харидлари тизимини такомиллаштирмай туриб иқтисодий самарадорликка, бизнес субъектлари ўртасида ҳалол рақобатга, шунингдек, коррупцияга қарши курашишда сезиларли натижага эришиш ғайри имкон.

Мамлакатимизда сўнгги саккиз йил ичида давлат харидлари тизимини очиқлик ва шаффофлик тамойилига мувофиқлаштириш, шу орқали коррупция ва унинг оқибатларига, яширин иқтисодиётга қарши курашиш чора-тадбирлари янги босқичга чиқди. Шу билан бирга, амалиётда давлат харидларини амалга оширишда рақобатга асосланган харид усулларини четлаб ўтиб, миқдорий мезонларга риоя қилмасдан ёки таъсисчиси айнан битта шахс бўлган етказиб берувчилар билан битимлар тузиш, харидлар бўйича техник топшириқларни экспертизадан ўтказмаслик, етказиб берилган товар ёхуд хизматларни солиқ идораларига топширилган ҳисоботларга киритмаслик сингари қонунбузилиши ҳоллари учраб тургани ҳеч кимга сир эмас.

Бундай вазиятларнинг олдини олиш, шаффофлик бўлиши учун давлат харидлари соҳасида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш, шунингдек, мазкур жараёнда иштирок этувчи тарафларнинг шартнома мажбуриятларига риоя этилишини мониторинг, пухта таҳлил ва назорат қилишнинг рақамли технологияларга асосланган комплекс тизимини яратиш энг мақбул чоралардан саналади, албатта. Шу билан бирга, соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳам давлат харидлари жараёнидаги муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қулай шароит яратади. Буюртмачиларга зарур бўлган товарлар, ишлар, хизматларнинг махсус ахборот порталида эълон қилиниши натижасида уларга бўлган таклифлар сони кескин ошади, рақобат муҳитининг мавжудлиги товар, иш, хизматлар нархининг тушишига олиб келади, сифат талабларига риоя қилиш кўрсаткичи ошади. Натижада хўжалик юритувчи субъектларнинг мазкур товар, иш, хизматлар учун ажратилган пул маблағлари тежалади. Тежалган маблағлар эса корхона ёки ташкилот ходимларини ижтимоий рағбатлантириш, янги иш ўринларини яратишга йўналтирилади.

Кўриб турганимиздек, бир-бирига занжир ҳалқаларидек бир-бирига чамбарчас боғланган бу жараёнлар алал-оқибатда ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлигига олиб келади. Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳоли кенг қатламининг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидан борар экан, иқтисодиётни тартибга солишда, давлат харидлари тизимида маблағларни талон-тарож қилиш, ўзлаштириш ёки коррупция ҳолатларининг олдини олиш учун биринчи галда шаффофликни ҳамда жамоатчилик назорати кучайтирилишини ўта муҳим вазифа, деб ҳисоблайди. Мазкур ташаббус партиянинг жорий йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловлар олдидан эълон қилган Сайловолди дастурида ўз аксини топган.

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш