Йилдан йилга шаҳарларимиз, қишлоқларимиз инфратузилмаси яхшиланмоқда, янги йўллар барпо этилмоқда. Тараққиёт, янгиланиш, ўзгаришлар рўй бераётгани яхши албатта. Лекин танганинг иккинчи тарафи ҳам бор.
Баъзан шундай ҳолатлар бўладики, эрталаб ишга кетаётганимизда ёки бўлмаса кечки пайт ишдан қайтаётганимизда одатда юрадиган йўлимизда таъмирлаш ишлари бўлаётган бўлади ва бу кўпчилик учун ноқулайликлар келтириб чиқаради.
Яъни, катта шаҳарларда коммунал инфратузилмани ёки йўлларни таъмирлаш мақсадида олиб бориладиган ишлар аксарият ҳолатларда ҳар томонлама режалаштирилмасдан ташкил қилинишига гувоҳ бўламиз. Бу эса йўлларда тирбандликлар ва бошқа ноқулайликларни келтириб чиқаради.
Фуқаролардан айни шу борада билдирилган кўплаб мурожаат ва шикоятлардан келиб чиқиб, партиямизнинг янги Сайловолди дастурига йўл таъмирланиши ҳақида аҳолини олдиндан хабардор қилиш ташаббусини киритганимиз мазкур масалага ечим бўла олади.
Унга кўра йўллардаги таъмирлаш ишлари ва уларнинг давомийлиги ҳақида камида 10 кун олдин ушбу ҳудудда яшовчи ҳамда Интернет тармоғида эълон жойлаштириш орқали фуқароларни хабардор қилиш шарт, деган меъёрни таклиф қилаяпмиз.
Агар фуқаролар йўлларда таъмирлаш ишлари бўлаётгани ҳақида олдиндан хабардор бўлса, улар бошқа йўлдан юради. Натижада тирбандликларда ортиқча вақт сарфлашнинг олди олинади.
Биз йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ўлимларнинг олдини олиш, тирбандликни камайтириш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Шу мақсадда, партия йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги ҳақида огоҳлантириш ташаббуси билан бирга:
– жамоат транспорти тизимини ривожлантириш, жамоат транспорти бекатларини аҳоли учун қулай қилиш, уларни ноқонуний, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларига қарши курашиш;
– давлат хизматчиларини ишга жамоат транспортида қатнашишини рағбатлантириш, шахсий транспорт воситалари давлат рақами тоқ ва жуфт сонларини ҳафта кунлари ўртасида тақсимлаган ҳолда ҳаракатланишини чеклаш таклифларини ҳам илгари сурмоқда.
Дастуримизда бундай ҳаётий таклифлар жуда кўп. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Халқ демократик партиясининг дастури билан танишган ҳар бир сайловчи ундаги таклифлар, ташаббуслар халқимизнинг кўнглидаги гаплардан иборат эканлигига амин бўлади.